• Пн. Сен 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда туғилишлар сони 2050 йилгача 40 фоиздан зиёдга ошиши кутилмоқда


«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти томонидан ички ва ташқи миграциянинг демографик жараёнларга ва оила институтига узоқ муддатли таъсирини баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказилди.

Унинг доирасида мамлакатда туғилиш кўрсаткичларининг узоқ муддатли прогнози ишлаб чиқилди. Прогноз натижаларига кўра, Ўзбекистонда йиллик туғилишлар сони келажакда барқарор ўсишда давом этади:

  • 2030 йилда — 892,7 минг нафар;
  • 2040 йилда — 1 млн 16,1 минг нафар;
  • 2050 йилда — 1 млн 234,1 минг нафар.

Шу тариқа, 2050 йилга бориб туғилишлар сони 2025 йилга нисбатан 354,5 минг кишига ёки 40,3 фоизга кўпайиши кутилмоқда.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари:

  • Тошкент вилояти — 62,0%
  • Тошкент шаҳри — 61,0%
  • Андижон вилояти — 48,6%
  • Самарқанд вилояти — 43,3%
  • Наманган вилояти — 42,4%

Манба: «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти

Туғилишнинг умумий коэффициенти (ҳар 1000 аҳолига нисбатан туғилганлар сони) бўйича ўрта муддатда бироз пасайиш, келажакда эса барқарор ўсиш тенденцияси кутилмоқда. Республика бўйича ушбу кўрсаткич 2030 йилда 21,2 промиллени, 2040 йилда 20,8 промиллени, 2050 йилга келиб эса 21,9 промиллени ташкил этиши прогноз қилинган.

2050 йилда туғилиш коэффициенти энг юқори бўлиши кутилаётган ҳудудлар орасига Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган Самарқанд ва Андижон вилоятлари киритилган.

Институт экспертларининг таъкидлашича, туғилишлар сонининг кутилаётган ўсиши келгуси йилларда таълим, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, уй-жой ва меҳнат бозори инфратузилмасига бўлган эҳтиёж ортишини англатади.

Шу сабабли демографик ўзграшларни олдиндан баҳолаш давлат ресурсларини самарали тақсимлаш ва инсон капиталига инвестицияларни стратегик режалаштиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи чорагида тирик туғилганлар сони 191,1 минг нафарни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 7 минг нафарга кам. Вафот этганлар сони эса 43,5 минг кишини ташкил қилиб, ўтган йилгига нисбатан 2,1 минг нафарга кўпайган. Бу тенденция 2023 йилдан буён давом этмоқда.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига (рўйхатга олиш натижаларисиз) Ўзбекистон аҳолиси 38 млн 519,5 минг кишига етди. Бир йилда аҳоли 659,8 минг нафарга кўпайган бўлса-да, ўсиш суръати 2 фоиздан 1,7 фоизгача тушиб, демографик ўсиш секинлашаётганини кўрсатган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *