2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлар учун божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча олиб кириладиган товарлар бўйича ягона божхона тўлови ставкаси пасаяди. Бу президентнинг 27 августдаги фармонида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, ставка товарнинг божхона қийматининг 30 фоизидан 20 фоизигача камаяди. Тўловнинг энг кам миқдори ҳам товарнинг ҳар бир килограмми учун 3 доллардан 2 долларгача пасаяди.
Бунинг учун президентнинг 2019 йил 7 ноябрдаги «Жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига (ПҚ-4508) ўзгартиришлар киритилмоқда. Унда янги ставка айнан шундай шаклда мустаҳкамланади.
Ягона тўлов жисмоний шахслар томонидан тижорат бўлмаган мақсадларда товарлар олиб кирилганда божхона божи, ҚҚС ва акциз солиғи ўрнини босади.
Белгиланган божсиз олиб кириш меъёрларидан ошган тақдирда, ягона божхона тўлови ТИФ ТН коди ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар, товарларнинг божхона қийматидан келиб чиқиб, ушбу меъёрлардан ортиқча қисмидан ундирилади.
Масалан, агар шахс Ўзбекистонга учиб келиб, қиймати 1300 долларлик iPhone олиб кирса, авиайўловчи учун божсиз лимит 1000 долларни ташкил этади. Божхона тўловлари ортиқча суммага — ушбу ҳолатда 300 долларга ҳисобланади.
Ҳозирда 30 фоизлик ставкада ягона божхона тўлови 90 долларни ташкил этган бўларди: $300×30% = $90.
2027 йил 1 январдан бошлаб 20 фоизлик ставкада ўша телефон учун 60 доллар тўлаш керак бўлади: $300×20% = $60.
Бундан ташқари, 2027 йил 1 июндан жисмоний шахслар учун алоҳида енгиллик жорий этилади. Агар тижорат бўлмаган мақсадларда товарларни олиб ўтишда ҳисоблаб чиқилган ягона божхона тўлови суммаси тўланиши керак бўлган божхона йиғимларидан кам бўлиб чиқса, бундай йиғимлар ундирилмайди.
Ўзгаришлар «Ўзбекистоннинг янги божхонаси — 2030» стратегиясига киритилган. Умуман олганда, у божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, расмийлаштириш вақтини қисқартириш ва 2030 йилга бориб божхона ходимлари иштирокисиз амалга ошириладиган операциялар улушини 60 фоизгача оширишни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 майдан ҳукумат жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш меъёрларини кучайтирган эди:
- самолётда келганда — 1000 доллар (илгари 2000 доллар);
- темир йўл ва дарё транспортида — 500 доллар (1000 доллар ўрнига);
- автомобиль ва пиёдалар ўтказиш пунктлари орқали — 300 доллар.
Бундан ташқари, жисмоний шахс номига халқаро курьерлик жўнатмаларида келадиган товарлар учун меъёр чоракда 1000 доллардан ойига 200 долларгача қисқартирилган эди.
20 июлдан бошлаб фуқаролар божсиз лимитдан фойдаланиш учун, агар пиёда ёки автомобилда қайтаётган бўлсалар — камида 2 кун, самолётда қайтаётган бўлсалар — камида 3 кун чет элда бўлишлари керак.
Ҳукумат, шунингдек, шахсий фойдаланиш учун биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) олиб киришга лимитлар жорий этганди. Тамаки ва парфюмерия маҳсулотлари учун божсиз чегара ҳам қайта кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, янги мобиль қурилма олиб кирилганда (ҳатто шахсий фойдаланиш учун бўлса ҳам) йўловчилар божхона декларациясини тўлдиришлари шарт қилиб қўйилганди (телефон қийматидан қатъи назар), акс ҳолда уни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказишда бож (тўлиқ қийматнинг 30 фоизи, энди 20 фоизи) тўлашга тўғри келади.
2026 йил мартига қадар Божхона қўмитаси «аҳолининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб», божсиз олиб киришнинг энг кам миқдорий меъёрларини оширишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиши керак эди.
