Ҳиндистоннинг UPI тезкор тўловлар тизими тахминан бир йилдан кейин Ўзбекистонда ҳам ишлаши мумкин. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг музокаралари якунлари бўйича Ҳиндистон ТИВнинг ғарб йўналиши бўйича котиби Сиби Жорж маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, яқинда Ҳиндистон Миллий тўлов корпорациясининг халқаро бўлинмаси — NPCI International Payments Limited (NIPL) ва Ўзбекистоннинг HUMO тўлов тизими ўртасида тармоқ келишуви имзоланган. Ушбу келишув UPI тўловларидан UzQR миллий QR-тармоғи орқали бутун мамлакат бўйлаб фойдаланиш имконини бериши керак.
Келишув Ҳиндистон Резерв банки (RBI) ва Ўзбекистон Марказий банкидан рухсатлар олинганидан сўнг имзоланган. Ўзбекистон Марказий банки HUMO`ни NIPL`нинг савдо нуқталарида трансчегаравий тўловларни қабул қилиш бўйича ваколатли ҳамкори этиб белгилаган.
Ҳиндистон томони келишувни икки давлат тўлов тизимларининг ўзаро мослигини ошириш йўлидаги «муҳим биринчи қадам» деб атади.
«Тахминан бир йилдан кейин келишув амалга оширилгач, Ўзбекистонга ташриф буюрувчи ҳиндистонлик сайёҳлар бу ерда UPI`ни қўллаб-қувватлайдиган иловалардан фойдаланиши мумкин бўлади», — деди Сиби Жорж.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг Тошкентга давлат ташрифи доирасида рақамли инфратузилма ва UPI масалаларини муҳокама қилганди.
Ҳиндистон ТИВ шунингдек, томонлар банк ва тўлов тизимлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни яхшилаш, савдо тўсиқларини камайтириш ҳамда янада самарали минтақавий таъминот занжирларини яратиш ниятида эканини маълум қилди.
Ҳиндистон UPI`ни Ўзбекистонда ишга туширишни ўзининг рақамли тўлов инфратузилмасини халқаро миқёсда кенгайтиришнинг бир қисми сифатида кўрмоқда. Томонлар, шунингдек, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
