Ўзбекистон ва Ҳиндистон уран етказиб бериш бўйича янги узоқ муддатли битим имзолашга яқин турибди. Бу ҳақда бош вазир Нарендра Модининг Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказган музокараларидан сўнг Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ғарбий йўналиш бўйича котиби Сиби Жорж маълум қилди.
«Ҳиндистонга уран етказиб бериш бўйича узоқ муддатли келишув юзасидан ижобий музокаралар бўлиб ўтди. Биз яқин орада битимни имзолашга жуда яқинмиз», — деди у.
Нарендра Моди Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида Ўзбекистондан Ҳиндистонга уран етказиб бериш бўйича амалдаги узоқ муддатли келишув ижросидаги силжишни ижобий баҳолади ҳамда муҳим аҳамиятга эга минераллар соҳасидаги ҳамкорликни янада давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Ташриф якунлари бўйича эълон қилинган қўшма баёнотга мувофиқ, Ўзбекистон ва Ҳиндистон геология, тоғ-кон саноати, атом энергетикаси, шунингдек, муҳим ва стратегик минераллар соҳасида ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга келишиб олди.
Бунда, хусусан, геоқидирув, минерал хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш занжирларини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар ҳақида сўз бормоқда.
Шунингдек, томонлар Ҳиндистон компанияларини Ўзбекистондаги истиқболли конларни ўзлаштиришга жалб этиш ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Ҳиндистон импорт уранига қарам
World Nuclear News маълумотларига кўра, Ҳиндистон атом энергетикасининг ўрнатилган қуввати тахминан 7,9 ГВт ни ташкил этади. Мамлакатда 24 та атом энергоблоки фаолият юритмоқда.
Ҳиндистон атом генерациясини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда ва 2047 йилга келиб унинг қувватини 100 ГВт га етказишни мақсад қилган.
АЭСларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун мамлакат кўп жиҳатдан четдан келтириладиган уранга таянади. Ҳозирда Ҳиндистон уни Қозоғистон, Россия, Ўзбекистон ва Канададан сотиб олади.
Ўзбекистон уранини етказиб бериш бўйича амалдаги узоқ муддатли шартнома 2026 йилгача мўлжалланган.
Сўнгги ойларда Ҳиндистон, шунингдек, Австралиядан уран етказиб бериш бўйича келишувларга эришди ҳамда Ҳиндистон атом электр станциялари учун уран концентрати етказиб бериш бўйича Канаданинг Cameco компанияси билан узоқ муддатли битим имзолади.
Бутунжаҳон ядровий ассоциацияси маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон тахминан 4000 тонна уран ишлаб чиқариб, Қозоғистон, Канада, Намибия ва Австралиядан кейин дунёда бешинчи ўринни эгаллади. 2025 йилда бу кўрсаткич 7000 тоннага етди, захиралар эса 139 минг тонна деб баҳоланмоқда.