Uzbekistan Airways авиакомпанияси август охирида Boeing 787 Dreamliner самолётларидан фойдалана бошлаганига 10 йил тўлиши муносабати билан тадбир ўтказди. Gazeta мухбири юбилейдан репортаж тайёрлади.
«Янги узоқ масофали йўналишлар очилди»
2016 йил ёзида UK78701 борт рақамига эга биринчи кенг фюзеляжли Boeing 787−8 «Орзу лайнери» Тошкентга олиб келинган. Шу йилнинг ноябрида иккинчи самолёт қабул қилинган. 2018 йил май ойида парк учинчи Dreamliner билан тўлдирилган, 2019 йилда яна иккита самолёт келтирилган. 2021 йил май ойида эса олтинчи Boeing 787−8 Тошкентга етказилган.
Uzbekistan Airways бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқуловнинг таъкидлашича, биринчи Dreamliner`нинг қабул қилиниши авиакомпания учун янги босқични бошлаб берган.
«Бу шунчаки яна бир самолёт эмас, балки келажакка, яъни авиакомпаниямизнинг бугунги кунига қўйилган пойдевор эди», — дейди у.
Шуҳрат Худойқулов.
Dreamliner`ларни ўзлаштириш билан бирга, авиакомпания ушбу самолётларга хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган техник ва профессионал базани ҳам шакллантирди. Жумладан, техник хизмат кўрсатишнинг мураккаб турларини мустақил бажариш имконияти яратилди, Boeing 787 экипажи ташкил этилди ҳамда командир ва иккинчи учувчилар тайёрланди.
«Бугун авиакомпанияда Boeing 787 самолётлари негизида техник база, муҳандислик салоҳияти, учувчилар ва йўриқчи кадрлар, шунингдек, ходимларни тайёрлаш тизимини қамраб олган профессионал экотизим шаклланган. Dreamliner`нинг Ўзбекистон авиациясидаги энг муҳим натижаларидан бири 2017 йил 27 июль куни қайд этилган. Шу куни тарихда биринчи марта Тошкентдан Нью Йоркка оралиқ қўнишсиз парвоз амалга оширилганди», — дейди у.
Бугунги кунда АҚШга тўғридан тўғри авиақатновлар ҳафтасига беш марта амалга ошириляпти. «787 самолёти туфайли авиакомпания географиясида янги узоқ масофали йўналишлар очилди», — дейди Шуҳрат Худойқулов.
«Етти ойда йўловчи ташиш кўрсаткичлари 20 фоизга ошган»
Boeing компаниясининг Ўзбекистон бозори бўйича минтақавий савдо директори Марио Антонионинг айтишича, компания учун Тошкент алоҳида аҳамиятга эга. Унинг сўзларига кўра, пойтахт унинг «иккинчи уйи»га айланган.
У ушбу сана Ўзбекистон ва Boeing ўртасидаги стратегик ҳамкорлик натижаларини намойиш этувчи муҳим воқеа эканини таъкидлади.
Марио Антонио.
787 Dreamliner оддий самолёт эмас, балки кейинги авлод авиацияси имкониятларини кенгайтирувчи ва янги йўналишларни очишга хизмат қиладиган ҳаво кемаси. Ушбу самолётдан фойдаланиш Uzbekistan Airways`нинг самарадорлигини ошириш ва парвозлар тармоғини кенгайтиришга хизмат қилган, дейди Марио Антонио.
Унинг маълум қилишича, 2026 йилнинг дастлабки етти ойида авиакомпаниянинг Dreamliner самолётларида йўловчи ташиш кўрсаткичлари 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга ошган.
«Масофалар қисқариб, одамлар учун янги имкониятлар очилди»
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг энг муваффақиятли йўналишларидан бири авиация соҳаси эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Boeing ва General Electric каби Америка компаниялари билан ҳамкорлик икки мамлакат учун ҳам манфаатли бўлган.
Жонатан Ҳеник.
«Бу — Қўшма Штатлар учун бизнес, Ўзбекистон учун эса технология. Биргаликда биз улкан муваффақиятларга эришдик», — дейди Жонатан Ҳеник.
Элчи 787 Dreamliner самолётини Америка авиация саноатининг энг илғор технологияларидан бирининг рамзи сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, мазкур самолётларни харид ва эксплуатация қилиш Uzbekistan Airways учун янги имкониятлар очиб, авиакомпаниянинг нуфузини оширган.
«787 самолётлари Тошкент ва Нью Йорк ўртасидаги масофани анча енгил ва қулай босиб ўтиш, одамларга янги имкониятлар очишга хизмат қилди», — дейди у.
Жонатан Ҳеникнинг қайд этишича, 787 Dreamliner самолётларининг авиакомпания флотига қўшилиши Uzbekistan Airways`ни минтақадаги етакчи авиакомпаниялар қаторига олиб чиқишга ёрдам берган.
«Техник хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда»
Uzbekistan Airways Technics директори Валерий Косовнинг айтишича, мавжуд Boeing 787 самолётларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш, жумладан, интернет ва телефония хизматларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Унинг таъкидлашича, замонавий самолётларда IT технологиялар муҳим ўрин тутади. Йўловчилар парвоз давомида фильм ва видеолар кўриши, мусиқа тинглаши, шунингдек, интернет орқали яқинлари билан қисқа хабарлар алмашиши мумкин бўлади.
Косовнинг сўзларига кўра, Uzbekistan Airways Technics Boeing самолётларига техник хизмат кўрсатиш бўйича зарур ваколат ва тажрибага эга. Корхона дастлабки кунларданоқ двигателларни алмаштириш ва таъмирлаш, бороскопик инспекциялар ўтказиш ҳамда двигателларни ишга тушириш каби ишлардан ташқари, самолётларга линия ва базавий техник хизмат кўрсатишни мустақил амалга ошириб келмоқда.

Корхона халқаро авиация хавфсизлиги талаблари бўйича тегишли сертификатга эга бўлиб, Boeing самолётларига техник хизмат кўрсатиш бўйича бажариладиган ишлар рўйхатини босқичма-босқич кенгайтирмоқда.
«Uzbekistan Airways Technics негизида композит материалларни таъмирлаш бўйича ихтисослаштирилган марказ ташкил этилган. Корхона муҳандис-техник ходимлари самолёт, унинг тизимлари, таркибий қисмлари ва двигателларига техник хизмат кўрсатиш бўйича ваколатларни босқичма-босқич кенгайтириб келмоқда», — дейди Валерий Косов.
«8 май куни Uzbekistan Airways Technics мутахассислари таъмирлаш ишларидан сўнг биринчи марта Boeing 787 қанотида мураккаб двигатель синови — On-Wing testing`ни мустақил равишда муваффақиятли ўтказди. Бунинг учун мутахассислар махсус тайёргарликдан ўтиб, халқаро сертификатга эга бўлди. Шунингдек, корхона мутахассислари GEnx-1B двигатели қисмларини ажратиш ва қайта бириктириш жараёни — Engine Split`ни ҳам ўзлаштирди», — дея қўшимча қилди у.
«Учувчилар учун анча қулай»
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган авиация ходими Эркин Гулямовнинг Boeing самолётлари билан ишлаш тажрибаси 30 йилдан зиёд вақтни қамраб олади. Унинг сўзларига кўра, Dreamliner учувчилар учун анча содда ва қулай.
У Dreamliner`гача бўлган даврда авиакомпаниянинг Boeing 767 ва 757 самолётларини ўзлаштириш жараёнларида ҳам иштирок этган. Шунингдек, у фаолияти давомида Airbus A300−600 ва A310 самолётларини ҳам бошқарган.
Эркин Гулямов ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони Зархўжа Саидазимов.
Унинг айтишича, Boeing билан ҳамкорлик бўйича дастлабки музокаралар 1995 йилда бошланган. Ўша даврда у авиакомпаниянинг собиқ раҳбари марҳум Арслан Рўзметов бошчилигида Boeing корпорацияси вакиллари билан шартномалар тузиш ва самолётларни харид қилиш бўйича келишувларда иштирок этган.
Авиакомпания биринчи учувчилар отряди командири Асаджон Турсунов 787 Dreamliner самолёти билан 10 йилдан буён ишлаб келмоқда. У биринчи самолётни заводдан Тошкентга олиб келган экипаж таркибида бўлган.
Асаджон Турсунов, Валерий Тян (2002−2017 йилларда авиакомпания раҳбари) ва Улуғбек Розуқулов (собиқ бош вазир ўринбосари, 2017−2018 йилларда компания раҳбари).
Унинг айтишича, Boeing 787 самолётини бошқаришда ҳам тажриба, ҳам замонавий технологияларни пухта ўзлаштириш муҳим. Самолёт энг замонавий бошқарув тизимлари билан жиҳозлангани учун учувчи унинг имкониятларини тўлиқ тушуниши, шу билан бирга, турли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш тажрибасига эга бўлиши керак.

Асаджон Турсуновнинг ҳисоб-китобига кўра, учувчи ҳар икки-уч кунда бир марта парвоз амалга оширади. Шу асосда 10 йил давомида бир учувчи ҳисобига мингдан ортиқ парвоз тўғри келиши мумкин. Унинг шахсий парвозлари ҳам мингтага яқинлашган.
787 Dreamliner`даги узоқ масофали парвозлар учувчи учун алоҳида қизиқиш уйғотишини айтган Турсунов АҚШга парвозларни бунга мисол сифатида келтирди.
«Америкага учиш ҳали ҳам ўзгача мароқли. Харитага қарасангиз, ярим дунёни кесиб ўтиб, ўртача 12 соатда бошқа бир дунёда бўлиб қоласиз. Худди эртаклардаги саёҳатдек», — дейди у.
787 Dreamliner самолётлари Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Европа ва Осиёнинг турли давлатларига парвозлар амалга оширади. Учувчилар муайян бир йўналишга бириктирилмайди — самолёт қаерга белгиланса, шу йўналишда парвоз амалга оширилади.
Яна 22 та Dreamliner
2025 йилда Uzbekistan Airways Dreamliner`нинг Boeing 787−9 модификациясидаги яна 22 та самолёт етказиб бериш бўйича ўз тарихидаги энг йирик шартномани имзолади. Дастлабки самолётларни етказиб бериш 2031 йилдан бошланиши кутилмоқда.

Uzbekistan Airways бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқуловнинг таъкидлашича, янги Dreamliner самолётлари авиакомпаниянинг халқаро йўналишлар тармоғини кенгайтириш, талаб юқори бўлган йўналишларда ташиш ҳажми ва парвозлар барқарорлигини ошириш имконини беради.
Худойқуловга кўра, самолётларни қабул қилишга тайёргарлик ишлари ҳозирдан бошланган. Бунда техник мутахассисларнинг малакасини ошириш, учувчиларни тайёрлаш ва замонавий ўқув-машғулот базасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Компания Ўқув-машғулот марказида Марказий Осиёда биринчи Boeing 787−9 FFS — тўлиқ функционал тренажёр ўрнатилади. Бу авиакомпанияга учувчиларни ўз ўқув базасида тайёрлаш, машғулотлар жараёнидаги мустақилликни ошириш ва хорижий ўқув марказларига юбориладиган мутахассислар сонини камайтириш имконини беради.

«Boeing 787`дан фойдаланишнинг дастлабки 10 йили давомида шаклланган техник база, муҳандислик салоҳияти ва учувчилар тайёрлаш тизими авиакомпаниянинг кейинги босқичи учун асос бўлмоқда. Биринчи Dreamliner маҳаллий фуқаро авиациясида янги давр рамзига айланган бўлса, энди тўпланган тажриба янада кенг кўламли флот ва янги қитъалараро йўналишларни ўзлаштириш учун пойдевор вазифасини бажаради», — дейди Шуҳрат Худойқулов.
