• Вс. Сен 6th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда $9,5 млрдлик АЭС қурилиши учун 200 гектарлик саноат зонаси ташкил этилади


Президент Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни атом электр станцияси қурилиши жараёни ҳамда АЭС ходимлари ва уларнинг оилалари учун мўлжалланган йўлдош шаҳар лойиҳаси билан танишди.

АЭС лойиҳасининг фаол қурилиш босқичи 4 июнь куни бошланган. Ҳозирга қадар реактор биноси учун котлован қазиш ишлари тўлиқ якунланиб, 1 млн куб метрдан ортиқ тупроқ олиб чиқилган. Пойдевор плитаси қисмига 916 куб метр бетон ётқизилган. Қурилиш-монтаж базасида эса 100 гектар майдонда ер ишлари бажарилган.

Айни пайтда қурилиш майдонида 450 нафар киши меҳнат қилмоқда, 100 дан ортиқ махсус техника жалб этилган.

Расмий маълумотларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 млрд долларга баҳоланмоқда. Қурилиш жараёнида қарийб 3 минг турдаги маҳсулот ва ускуналардан фойдаланиш режалаштирилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий маҳсулотлар улуши 21 фоиз ёки 1,9 млрд долларни ташкил этади. Президент бу кўрсаткични етарли эмас деб баҳолади.

Маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини маҳаллий корхоналар томонидан бажариш ҳамда лойиҳага 7 минг нафар маҳаллий ишчи ва мутахассисни жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун Фориш туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 200 гектарлик саноат зонаси ташкил этиш таклиф қилинди. Унинг ҳудудида камида 100 та қўшма корхона жойлаштирилиб, технологиялар трансфери ҳисобига 15 та йўналишда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев таклифни маъқуллаб, йил якунига қадар саноат зонаси иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзлари бериш бўйича қарор лойиҳасини киритишни топширди.

388 км электр тармоқлари ва 33 минг аҳолига мўлжалланган янги шаҳар

АЭСнинг ташқи муҳандислик инфратузилмаси учун 388 км электр тармоқлари, 110 кВ кучланишли подстанция, 21 км ичимлик суви ва 120 км техник сув қувурлари, шунингдек, 39,5 км автомобиль ва 11 км темир йўл қуриш режалаштирилган.

Президент ушбу объектларни қуришда маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улушини 60−70 фоизга етказиш вазифасини қўйди.

Шунингдек, 200 гектар майдонда атом энергетикаси ходимлари учун шаҳарча қуриш лойиҳаси кўриб чиқилди. Унда қарийб 33 минг аҳоли учун 10 мингга яқин хонадон барпо этиш режалаштирилган. Биринчи босқичда 3 мингта хонадон қурилади.

Лойиҳа доирасида энергия тежамкор кўп қаватли уйлар, мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт, спорт ва маданият объектлари, дам олиш масканлари ҳамда яшил ҳудудлар ташкил этилади.

Қурилишда замонавий иссиқлик изоляцияси технологиялари, муқобил энергия манбалари ва «ақлли» ёритиш тизимларидан фойдаланиш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») директори Азим Аҳмедхаджаев.

МАГАТЭ ядровий инфратузилмани баҳолади

Тақдимотда маълум қилинишича, 22−26 июнь кунлари Ўзбекистонда МАГАТЭнинг комплекс баҳолаш миссияси ўтказилган. Расмий маълумотларга кўра, миссия якунлари бўйича мамлакат миллий ядровий инфратузилмасининг ривожланиш даражаси юқори баҳоланган.

Президент қурилиш сифати ва хавфсизлиги устувор вазифа бўлиб қолиши, барча ишлар МАГАТЭ талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилиши зарурлигини таъкидлади.

Техник назорат ва технологик ечимларни мустақил экспертизадан ўтказишни кучайтириш мақсадида етакчи хорижий инжиниринг компаниялари иштирокида қўшма корхона ташкил этиш таклиф қилинди.

Шунингдек, 1000 га яқин соҳавий стандартни миллий тизимга мослаштириш ва жорий этиш режалаштирилган.

Кадрлар тайёрлаш

Президент келгусида АЭСни бошқарадиган операторлар, муҳандислар ва радиация хавфсизлиги бўйича мутахассисларни ҳозирдан мақсадли тайёрлаш вазифасини қўйди.

2023 йилдан буён Россия Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалини 216 нафар талаба тамомлаган. Уларнинг 83 нафари Хитой, Венгрия, Франция, Италия ва Жанубий Кореянинг етакчи олийгоҳларида магистратура ва аспирантурада таҳсилни давом эттирмоқда.

Яна 100 нафар мутахассис Ўзбекистондаги тўртта олий таълим муассасасида тайёрланмоқда.

Тақдимотда, шунингдек, «Ўзатом» агентлиги ва АЭС қурилиши дирекциясининг кадрлар ҳамда ташкилий салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

17 август куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда иккинчи атом электр станцияси лойиҳаси бўйича «катта тайёргарлик» ишлари олиб борилаётганини маълум қилган эди. Унинг қаерда қурилиши, қуввати ва амалга ошириш муддатлари ҳозирча очиқланмаган.

Жиззах вилоятининг Фориш туманида қурилаётган интеграциялашган АЭС тўртта энергоблокдан иборат бўлади: ҳар бири 1 ГВт қувватга эга ВВЭР-1000 реакторли иккита блок ва ҳар бири 55 МВт қувватли РИТМ-200Н кичик модулли иккита реактор. Станциянинг умумий қуввати 2110 МВт, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 17 млрд кВт·соатгача бўлиши кутилмоқда.

Биринчи кичик модулли реакторни техник ишга тушириш 2029 йил октябрь-ноябрь ойларига, иккинчисини эса ундан олти ой ўтиб ишга тушириш режалаштирилган. Биринчи йирик энергоблок 2033 йилда ишга туширилиши, лойиҳа эса 2034−2035 йилларда тўлиқ якунланиши кутилмоқда.

Лойиҳанинг базавий қиймати аввал ҳам 9,5 млрд доллардан ошмаслиги маълум қилинган эди. Молиялаштиришнинг асосий қисмини кредит маблағлари, жумладан, Россиянинг имтиёзли экспорт кредити ҳисобидан жалб қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, «Росатом» АЭСни ядровий ёқилғи билан таъминлаши, станцияга хизмат кўрсатиши ҳамда ишлатилган ядровий материаллар билан ишлашни амалга ошириши керак.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *