• Вс. Сен 6th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

МАГАТЭ Ўзбекистоннинг ядровий инфратузилмадаги тараққиётини қайд этди, аммо якунланмаган масалаларга ҳам эътибор қаратди


Ўзбекистон атом энергетикаси инфратузилмасини ривожлантиришда сезиларли тараққиётга эришган, бироқ мамлакат ҳали техник-иқтисодий тадқиқотларни якунлаши ва ядровий тартибга солувчи органни мустаҳкамлаши керак. Ушбу хулосага 2026 йил 22−26 июнь кунлари мамлакатда фаолият юритган Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) миссияси келган.

2 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга таништирилган тақдимотда расмийлар июнь ойидаги МАГАТЭ миссияси якунларига кўра, «Ўзбекистон миллий ядровий инфратузилмасининг ривожланиш даражаси юқори баҳолангани»ни маълум қилди.

Гап Ядровий инфратузилмани комплекс кўриб чиқиш (INIR) такрорий миссияси ҳақида бормоқда. Унда Ўзбекистон 2021 йилда ўтказилган иккинчи босқич асосий миссияси якунлари бўйича берилган тавсия ва таклифларни қай даражада бажаргани баҳоланди. Бундай экспертизанинг асосий мақсади — мамлакат миллий инфратузилмасининг ядро энергетикаси дастурини амалга оширишга тайёрлигини баҳолаш ва мавжуд камчиликларни аниқлашга кўмаклашиш.

МАГАТЭ маълум қилишича, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон атом энергетикаси соҳасига оид тегишли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилган, миллий қонунчиликни қайта кўриб чиққан, лицензиялаш ва назорат қилиш қоидалари ҳамда бошқарув тизимларини ишлаб чиққан. Шунингдек, мамлакат электр энергетика тизими бўйича зарур тадқиқотлар ўтказилиб, уни мустаҳкамлаш режалари тайёрланган.

«Ўзбекистон хавфсиз, ҳимояланган ва барқарор атом энергетикаси дастурини ривожлантиришга содиқлигини намоён этди. Мамлакат 2021 йилги миссия томонидан берилган тавсия ва таклифларни амалга ошириш, шунингдек, дастурни ҳаётга татбиқ этиш босқичи учун ишончли инфратузилмани шакллантириш бўйича фаол иш олиб борди», — деди миссия раҳбари Жон Ҳаддад.

Шу билан бирга, экспертлар гуруҳи миллий ядровий тартибга солувчи органни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни охирига етказиш, шунингдек, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши бўйича тадқиқотларни якунлаш учун қўшимча ишлар олиб борилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

МАГАТЭ 2021 йилда қандай тавсиялар берган эди?

2021 йилда ўтказилган INIR миссиясининг иккинчи босқичи якунлари бўйича Ўзбекистонга 8 та тавсия ва 16 та таклиф берилган.

Асосий вазифалар қаторида АЭС лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишини якунлаш, ядровий тартибга солувчи органнинг малакаси ва ресурсларини кучайтириш, лицензиялаш ва назорат қилиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шунингдек, энергетика тизимининг атом электр станциясини тармоққа улашга тайёрлигини ўрганиш белгиланган эди.

2021 йилги ҳисоботда «Ўзатом»га техник-иқтисодий асослаш (ТИА) ишларини «имкон қадар тезроқ» якунлаш тўғридан-тўғри тавсия қилинган эди. 2026 йил июнь ҳолатига кўра, МАГАТЭ пресс-релизидан келиб чиқиб, бу масала ҳали тўлиқ ҳал этилмаган. Агентлик тегишли техник-иқтисодий тадқиқотларни якунлаш зарурлигини яна бир бор қайд этди.

Ядровий тартибга солувчи орган бўйича ҳам шунга ўхшаш ҳолат сақланиб қолмоқда. 2021 йилда МАГАТЭ унинг салоҳияти, кадрлар таркиби ва молиявий таъминотини кучайтиришни тавсия қилган. 2026 йилда ҳам агентлик тартибга солувчи органни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни охирига етказиш зарурлигини яна таъкидлади.

«Ўзатом» директори ўринбосари Шаҳзод Алиризаев ва МАГАТЭнинг Ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўлими вакили, миссия раҳбари Жон Ҳаддад.

Шу билан бирга, очиқ маълумотларга кўра, 2021 йилда берилган тавсияларнинг бир қисми бўйича сезиларли ишлар амалга оширилган.

Хусусан, МАГАТЭ Ўзбекистон зарур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилгани, ядровий энергетика соҳасидаги қонунчиликни қайта кўриб чиққани ҳамда лицензиялаш ва назорат қилиш бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиққанини қайд этди.

Шунингдек, мамлакатда энергетика тизими бўйича тадқиқотлар ўтказилиб, уни мустаҳкамлаш режалари тайёрланган. Бу 2021 йилда берилган тавсиялардан бирига — келажакдаги АЭСни электр тармоғига улаш учун электр тармоқлари инфратузилмасида қандай ўзгаришлар зарурлигини аниқлаш вазифасига мос келади.

Бироқ 2026 йилги миссиянинг тўлиқ ҳисоботи ҳозирча жамоатчиликка эълон қилинмаган. Шу сабабли очиқ маълумотлар асосида қайси тавсиялар тўлиқ бажарилган деб топилганини расман аниқлаш имкони йўқ. Миссия якунланганидан сўнг унинг дастлабки ҳисоботи Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этилган.

Gazeta Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги — «Ўзатом»га сўров юборди.

Қурилиш ишлари аллақачон бошланган

Шунингдек, Жиззах вилоятининг Фориш туманида интеграциялашган АЭС қурилиши фаол босқичга ўтган.

Лойиҳа тўртта энергоблокни ўз ичига олади: ҳар бири 1 ГВт қувватли ВВЭР-1000 реакторига эга иккита блок ҳамда ҳар бири 55 МВт қувватли РИТМ-200Н кичик модулли иккита реактор. Станциянинг умумий қуввати 2110 МВт, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 17 млрд кВт·соатгача бўлиши кутилмоқда.

Биринчи кичик модулли реакторни 2029 йил октябрь-ноябрь ойларида, иккинчисини эса тахминан олти ойдан кейин ишга тушириш режалаштирилган. Биринчи йирик энергоблокни 2033 йилда ишга тушириш, лойиҳани эса 2034−2035 йилларда тўлиқ якунлаш кўзда тутилган.

Станциянинг умумий қиймати 9,5 млрд долларга баҳоланмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *