• Вс. Сен 6th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ислом Каримов туғилган уй, ўқиган мактаб ва қабридан репортаж

Ислом Каримов туғилган уй, ўқиган мактаб ва қабридан репортаж


Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафот этганига 10 йил тўлди. Gazeta сана муносабати билан Самарқандда бўлиб, у туғилган уй, таҳсил олган мактаб ҳамда дафн этилган мақбарадан репортаж тайёрлади. Шунингдек, аҳолидан биринчи президент билан боғлиқ хотираларини сўради.

Болаликдан сўнгги манзилгача

Регистон майдони ортида, тарихий мажмуадан 1−2 километр узоқликда жойлашган Бибихоним кўчасидаги 124-уй ҳали ҳам одамлар билан гавжум. Мазкур хонадонда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов туғилиб, болалик ва ўсмирлик йилларини ўтказган ҳамда сўнгги манзилга кузатилган.

Бу уйда Ислом Каримовнинг ота-онаси бир қиз ва етти ўғил фарзанди билан бирга яшаган. 2009 йилга қадар хонадонда биринчи президентнинг укаси Хуршид Каримов истиқомат қилган. У вафот этгач, 2017 йилгача акаси Омонулло Каримовнинг фарзанд ва набиралари яшаган.

Шу маҳаллада 70 йилдан бери истиқомат қилувчи Азизхон Маҳмудов Каримовлар оиласини болалигидан яхши билишини айтади.

«Ислом Абдуғаниевични жуда ҳам яхши танирдим. Охирги марта 2016 йилда келганида бизлар шу ерда кутиб олиб, кўришгандик», — дейди у.

ислом каримов, самарқанд

Азизхон Маҳмудов.

Каримов вафотидан сўнг хонадон уй-музейга айлантирилиб, 2017 йил март ойидан ташриф буюрувчилар учун очилган. Бугун ҳам Ислом Каримовнинг туғилиб-ўсган хонадони ва у таҳсил олган жойларга қизиқиш катта. Бу ерга ҳар куни Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари, шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан ўртача 200−300 нафарга яқин меҳмон келади. Баҳор ва ёз ойларида уларнинг сони янада ортади. Ташриф буюрувчилар Қуръон тиловат қилиб, дуо ўқиб кетади. Улар махсус дафтарга ўз таассуротларини ёзиб, имзо қўяди. Ушбу дафтарда 2022 йил октябридан буён меҳмонларнинг фикрлари жамланиб келмоқда.

Азизхон Маҳмудовнинг хотирасида Каримовлар оиласининг кундалик ҳаёти билан боғлиқ тафсилотлар ҳам сақланиб қолган. Унинг айтишича, Ислом Каримовнинг онаси Санобар ая фарзандларини шу ҳовлида катта қилган.

ислом каримов, самарқанд

«Уй дарвозасидан чиқишда рўпарада ҳовуз бўларди, унинг олдига оналари чиқиб ўтирарди. Оиладаги фарзандларнинг ҳаммаси ўқимишли, олий маълумотли бўлган. Жуда ҳам тинч, ҳурмат-эътиборга сазовор оила эди», — дейди маҳалладоши.

Унинг хотирасида биринчи президентнинг сўнгги ташрифи ва дафн маросими ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Унга кўра, 2016 йилда Ислом Каримов вафот этганидан сўнг жасади шу хонадонга олиб келинган. Жанозага тайёрлаш билан боғлиқ барча жараёнлар шу ерда амалга оширилган.

Азизхон Маҳмудов ўша кунни мотам тутган одамлар ва гулларга тўлган кўчалар билан эслайди. Унинг айтишича, Тошкентдан келтирилган гуллардан ташқари, Самарқандда ундан ҳам кўпроқ гуллар жамланган ва одамлар биринчи президентни йиғлаб кузатган.

Қўшни хонадонда яшовчи Карим Раҳимбердиевнинг айтишича, Ислом Каримовнинг қариндошлари, жиянлари, набиралари ва турмуш ўртоғи Татьяна Каримова бу хонадонга тез-тез келиб туради.

Раҳимбердиевнинг ўзи ҳам шу маҳаллада туғилиб, катта бўлган. У қўшниси Ўзбекистон президенти бўлганидан доим фахрланганини айтди. Ислом Каримовни эса бир марта — 2010 йил сентябрь ойи бошида, у рафиқаси билан туғилиб ўсган хонадонига келганида кўрган.

«Ўшанда рафиқаси билан Регистондан уйгача пиёда юриб келганди. Туғилиб-ўсган уйида ош еб, тушлик қилишган», — дейди у.

Ислом Каримов вафотидан олти ой ўтгач, унинг номидаги фонд хонадонни асраб-авайлаш ва қараб туриш вазифасини Раҳимбердиевнинг отаси Комил Раҳимбердиевга ишониб топширган. Унинг отаси аввал маҳалла раиси бўлиб ишлаган, биринчи президент вафот этган куни унинг жасадини ювишда, шунингдек, таъзия ва бошқа маросимларда иштирок этган.

ислом каримов, самарқанд

«Ярим йилдан кейин шу хонадонга қараб туришларини ишониб топширишди. Отам вафот этганидан кейин асосан мен қараб турибман. Бу ерга вилоятдаги масжидлардан имом ва имом-ноиблар ҳам келиб туради», — деди Карим Раҳимбердиев.

Унинг қайд этишича, ҳар йили Ислом Каримов туғилган ва вафот этган саналарда, шунингдек, Ҳайит байрамларида Татьяна Каримова бошчилигида хонадонда қўй сўйилиб, эҳсон қилинади.

5 баҳолардан олтин медалгача

Регистон майдони ҳамда Бибихоним мажмуаси оралиғида Ислом Каримов таҳсил олган 21-умумтаълим мактаби жойлашган. Биринчи президент бу муассасада 1950−1955 йилларда ўқиган.

Муассаса қошида 1992 йилда мактаб тарихи ва ўқувчилари эришган ютуқларга бағишланган музей ташкил этилган. Унда мактаб тарихига оид экспонатлар билан бирга, Ислом Каримовнинг ўқувчилик даврини акс эттирувчи сурат, ҳужжат ва бошқа ашёлар ҳам сақланади.

Мактаб маслаҳатчиси Дилдора Баҳронованинг айтишича, музейда Ислом Каримовнинг 8−9-синфларда ўқиган йилларига оид синф журналларининг асл нусхалари бор. Уларда Каримовнинг барча баҳолари 5 бўлгани кўринади.

«Журналларга кўз югуртирсангиз, биринчи президентимиз 5 баҳога ўқиганини кўриш мумкин. У киши аниқ фанларга қизиққан», — дейди у.

ислом каримов, самарқанд

Ушбу журналда Ислом Каримов 14-бўлиб қайд этилган.

Музейда Ислом Каримовнинг болалик ва ўсмирлик даври акс этган фотосуратлари, синфдошлари ва ўқитувчилари билан тушган суратлари, мактабни битирганликка оид ҳужжатлари нусхалари, виньеткаси, ўқувчилик йилларида ўтирган парта ва медаллари ҳам сақланади. Шунингдек, унинг кейинги ҳаётига оид айрим фотосурат ва ҳужжатлар, жумладан, институтда таҳсил олган даврига тегишли ҳужжатлар нусхалари ҳам музейдан ўрин олган.

«У киши авиамодель тўгарагига қатнашган ва унда энг фаол ўқувчилардан бўлган. Кўп китоб ва адабиётлар, айниқса, тарихий асарларни ўқишга қизиққан», — дейди мактаб маслаҳатчиси.

ислом каримов, самарқанд

Ислом Каримов мактабни 1955 йилда олтин медаль билан тамомлаган. Мактаб раҳбариятининг маълум қилишича, ўша йили Самарқанд вилоятига битта олтин медаль берилган ва у Ислом Каримовга насиб этган. Шунингдек, у ўша йили вилоят миқёсида ўқувчилар ўртасида ўтказилган олимпиадада ҳам ғолиб бўлган.

«Бу ерда у киши ўтирган парта ҳам бор. Вақти-вақти билан сайёҳлар келиб, уни кўришади ва қизиқиш билдиришади», — дейди Дилдора Баҳронова.

Музей фақат Ислом Каримовнинг ўқувчилик йилларини эмас, мактабнинг умумий тарихини ҳам қамраб олган. Унда турли йилларда шу мактабда таҳсил олиб, спорт ва фан соҳаларида ютуқларга эришган ўқувчиларнинг суратлари, медаллари, кубоклари ва бошқа мукофотлари ҳам намойиш этилган.

ислом каримов, самарқанд

Ислом Каримовнинг синфхонада ўтирган партаси.

ислом каримов, самарқанд

Авиамодель тўгарагидаги жараёнлар акс этган суратлар.

ислом каримов, самарқанд

21-мактабга маҳаллий аҳоли билан бирга Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ва хориждан келган сайёҳлар ҳам ташриф буюради. Ислом Каримов ўқиган синфлар, музейдаги фотосуратлар, журналлар ва у ўтирган парта меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотади.

«Ҳазрати Хизрга дафн этилишини васият қилган»

Самарқанд шаҳридаги «Ҳазрати Хизр» мажмуаси раҳбари Маҳмудхон Мухторовнинг айтишича, мазкур масжид Марказий Осиёдаги энг қадимий масжидлардан бири ҳисобланади. Ривоятларга кўра, бу ер Хизр алайҳиссалом қадамжоси бўлган. Масжид 712 йилда Қутайба ибн Муслим томонидан қурдирилган.

Унинг таъкидлашича, совет даврида масжид анча хароб аҳволга келиб қолган. Мустақиллик йилларида эса марҳум президент Ислом Каримов ташаббуси билан икки марта таъмирланган.

ислом каримов, самарқанд

Маҳмудхон Мухторов.

«Ислом Каримовнинг бу масжидга нисбатан ҳурмати бошқача эди. Самарқандга ҳар ташриф буюрганларида имкони борича шу ерга келиб, элимиз ва юртимиз ҳаққига дуолар қиларди. Жойнинг улуғлигига у кишининг эҳтиромлари жуда катта бўлган», — дейди Маҳмудхон Мухторов.

Унинг сўзларига кўра, Ислом Каримов «Ҳазрати Хизр» мажмуаси ҳудудига дафн этилишини васият қилган. 2016 йил сентябрда васиятга мувофиқ, кўрсатилган жойга дафн этилган.

2017 йилда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом Каримов қабри устига мақбара барпо этилиб, масжиднинг айвонлари ҳам янгидан қурилган. Ушбу жараёнда қадимий масжид ҳам капитал таъмирланди.

Мажмуа раҳбарининг айтишича, ўн йилдирки, зиёратчилар оқими тўхтамайди. Ҳар куни юзлаб маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар бу ерга ташриф буюради.

ислом каримов, самарқанд

Маҳмудхон Мухторовнинг қайд этишича, Ислом Каримовни шахсан кўрган, у билан бир даврда ишлаган ёки суҳбатларини эшитган кексалардан ташқари, талабалар ва мактаб ўқувчилари ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб, мажмуага тез-тез келади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *