• Вс. Сен 6th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қозоғистонга кириш учун электрон рухсатнома. Нималар маълум? – Gazeta



25 августдан Қозоғистонда визасиз режим амал қилувчи мамлакатлардан келадиган хорижий фуқаролар учун электрон кириш рухсатномасини жорий этишни назарда тутувчи қонунчилик ўзгаришлари кучга кирди. Electronic Travel Authorization (ETA) рухсатномаси QazETA рақамли платформаси орқали расмийлаштирилади. Киришнинг янги тартиби ҳақида нималар маълум ва у кимларга дахлдор — Gazeta обзорида.

Ўзгаришлар нимадан иборат?

24 июнь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев миграция соҳасидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ушбу ҳужжат электрон кириш рухсатномаси учун ҳуқуқий асос яратди.

«Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатга кириши Қозоғистон Республикасига электрон кириш рухсатномаси асосида амалга оширилади», — дейилади ҳужжатда. Қайд этилишича, ETA миллий хавфсизлик органи билан келишилган ҳолда ички ишлар органлари томонидан берилади.

Шунингдек, қонунда рухсатномани расмийлаштириш учун тўлов ундирилиши белгиланган. Тўлов миқдори Қозоғистон ҳукумати томонидан тасдиқланиши керак. 2 сентябрь ҳолатига кўра, ETA нархи расман белгиланмаган.

QazETA ўзи нима?

QazETA — хорижий фуқаролар учун мўлжалланган давлат рақамли платформаси бўлиб, у орқали асосий миграция хизматларидан «ягона дарча» тамойили асосида фойдаланиш мумкин.

Платформа 2026 йилнинг январь ойида ишга туширилган ва айни пайтда пилот режимида ишлашда давом этмоқда.

Ҳозирги кунда QazETA орқали бир нечта хизмат турлари, жумладан, электрон виза (E-Visa) ва ETA расмийлаштириш имконияти мавжуд.

ETA кимларга керак бўлади?

ETA Қозоғистонга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлган давлатлар фуқаролари учун мўлжалланган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида визасиз режим амал қилишини инобатга олсак, демак, янги қоидалар Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли бўлади.

QazETA сайтидаги маълумотларга кўра, қуйидаги шахслар электрон кириш рухсатномасини олишдан озод этилган:

  • 16 ёшга тўлмаганлар ва 65 ёшдан ошган шахслар;
  • дипломатик ва хизмат паспортлари эгалари;
  • расмий делегациялар аъзолари;
  • Қозоғистон визасига ёки мамлакатда яшаш гувоҳномасига эга бўлган хорижий фуқаролар.

Халқаро аэропортларнинг транзит зонасида бўлган транзит йўловчилар ҳам (3 кунгача) ETA расмийлаштириши талаб этилмайди.

ETA қандай расмийлаштирилади?

ETA расмийлаштириш учун ариза сафардан камида 72 соат олдин QazETA мобил иловаси орқали топширилади.

Ариза топшириш учун қуйидагилар керак бўлади:

  • миллий паспортлар, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари учун ID-карталар, РФ фуқаролари учун ички паспортлар;
  • натижаларни қабул қилиб олиш учун электрон почта манзили;
  • Қозоғистонга ташриф мақсадини кўрсатиш.
  • ETA`нинг амал қилиш муддати — 180 кун.

Бунда хорижлик фуқаронинг мамлакатда бўлиш муддати Қозоғистоннинг амалдаги миграция қоидалари билан белгиланади. Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда визасиз 90 кунгача бўлишлари мумкин.

ETA мамлакатга киришни 100 фоиз кафолатламайди

Қозоғистон элчихоналарининг хабарларида қайд этилишича, электрон рухсатноманинг мавжудлиги хорижий фуқаронинг Қозоғистон ҳудудига кириши кафолатланганини англатмайди.

Мамлакатга киритиш бўйича якуний қарор чегара назорати чоғида ваколатли давлат органи томонидан қабул қилинади.

ETA қайси санадан бошлаб мажбурий бўлади?

Қозоғистон расман мамлакатга кириш учун ETA расмийлаштиришни ҳали мажбурий тартиб сифатида жорий этмади.

Синов даврида визасиз давлатлар фуқаролари учун ETA олиш тавсиявий характерга эга. Синов муддати якунлангач, ETA`ни босқичма-босқич мажбурий қилиш режалаштирилган. Синов режими айнан қачон тугашига Қозоғистон расмийлари томонидан аниқлик киритилмаган.

31 июль куни мамлакат ИИВ «Очиқ НҲҲ (норматив-ҳуқуқий ҳужжат)» сайтида Қозоғистонга кириш ва чиқиш қоидаларини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжат материалларида тизимни босқичма-босқич жорий этиш 2026 йилнинг август-декабрь ойларига мўлжаллангани кўрсатиб ўтилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *