• Вс. Сен 6th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ўзатом» ва АЭС қурилиши дирекциясининг 2026−2027 йиллар учун бюджети қайта кўриб чиқилади


Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Ўзатом» агентлиги ҳамда Атом электр станциясини қуриш дирекциясининг 2026−2027 йилларга мўлжалланган харажатлар сметасини қайта кўриб чиқади. Бу ҳақда 2 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга АЭС қурилиши жараёни бўйича ўтказилган тақдимотдан сўнг иқтисодиёт ва молия вазирининг нефть-газ соҳаси бўйича ўринбосари Хуршед Мустафаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари лойиҳани ўз вақтида молиялаштириш ва ишларни бажаришда кечикишларга йўл қўймаслик бўйича топшириқ берган.

«Давлат раҳбари барча ишларни ўз вақтида, кечикишларсиз, зарур бўлса, белгиланган муддатдан олдин бажариш бўйича аниқ кўрсатмалар берди», — деди вазир ўринбосари «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Унинг таъкидлашича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги лойиҳани ҳар йили тасдиқланадиган харажатлар сметаси доирасида молиялаштиришни таъминлаши керак.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги — «Ўзатом» ва АЭС қурилиши дирекциясини узлуксиз молиялаштириш, шунингдек, уларнинг штат бирликларини кўпайтириш топширилди.

«Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, агентлик ва дирекциянинг 2026−2027 йилларга мўлжалланган харажатлар сметаси қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, қўшимча штат бирликлари ажратиш ва тўловларни ўз вақтида амалга ошириш масалалари белгиланган тартибда ҳал этилади», — деди вазир ўринбосари.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонунларга кўра, 2025 йилда «Ўзатом» агентлиги учун 42,7 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Маблағларнинг барчаси жорий харажатларга тўғри келган.

2026 йилда эса агентлик харажатлари 46,4 млрд сўмгача оширилган. Бу 2025 йилга нисбатан қарийб 3,7 млрд сўм ёки 8,7 фоизга кўп. Ушбу маблағлар ҳам тўлиқ жорий харажатлар сифатида белгиланган.

17 август куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда иккинчи атом электр станцияси лойиҳаси бўйича «катта тайёргарлик» ишлари олиб борилаётганини маълум қилган эди. Унинг қаерда қурилиши, қуввати ва амалга ошириш муддатлари ҳозирча очиқланмаган.

Жиззах вилоятининг Фориш туманида қурилаётган интеграциялашган АЭС тўртта энергоблокдан иборат бўлади: ҳар бири 1 ГВт қувватга эга ВВЭР-1000 реакторли иккита блок ва ҳар бири 55 МВт қувватли РИТМ-200Н кичик модулли иккита реактор. Станциянинг умумий қуввати 2110 МВт, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 17 млрд кВт·соатгача бўлиши кутилмоқда.

Биринчи кичик модулли реакторни техник ишга тушириш 2029 йил октябрь-ноябрь ойларига, иккинчисини эса ундан олти ой ўтиб ишга тушириш режалаштирилган. Биринчи йирик энергоблок 2033 йилда ишга туширилиши, лойиҳа эса 2034−2035 йилларда тўлиқ якунланиши кутилмоқда.

Лойиҳанинг базавий қиймати аввал ҳам 9,5 млрд доллардан ошмаслиги маълум қилинган эди. Молиялаштиришнинг асосий қисмини кредит маблағлари, жумладан, Россиянинг имтиёзли экспорт кредити ҳисобидан жалб қилиш режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *