Ўзбекистон ва Ҳиндистон тоғ-кон саноати ва геологик ресурслар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади ҳамда уни амалий татбиқ этишга ўтиш ниятини билдирди. Бу ҳақда Ҳиндистон ТИВнинг ғарб йўналиши бўйича котиби Сиби Жорж маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, томонлар тоғ-кон секторида тижорий лойиҳаларни амалга ошириш ва меморандумни татбиқ этишни бошлаш учун делегациялар алмашинувини муҳокама қилмоқда.
«Ҳиндистон томонидан Ўзбекистон билан ушбу шериклик доирасидаги ҳамкорликнинг тижорий таркибий қисмига катта қизиқиш бор», — деди ТИВ вакили.
У 2026 йил бошида ҳар икки мамлакат тоғ-кон сектори компаниялари иштирокида иккита бизнес-форум ўтказилганини эслатди.
«Яқин ойларда тоғ-кон секторида сезиларли ривожланишни кўрамиз, чунки зарур асос яратилди, ҳар икки томоннинг ишбилармон доиралари жараёнга жалб қилинган», — деди Сиби Жорж.
Меморандум, жумладан, муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликни назарда тутади ва Ўзбекистондан Ҳиндистонга уранни узоқ муддатли етказиб бериш бўйича муҳокама қилинаётган масалалар билан боғлиқ.
Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Модининг Тошкентдаги музокаралари якунлари бўйича томонлар геологик қидирув, минерал хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш, шунингдек, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар имкониятларини ўрганишга ҳам келишиб олди. Ҳиндистон ўз компанияларини Ўзбекистондаги истиқболли конларни ўзлаштиришга жалб этишдан манфаатдор.
Шунингдек, томонлар уран етказиб бериш бўйича янги узоқ муддатли келишув юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Сиби Жоржнинг сўзларига кўра, у «энг яқин вақтда» имзоланиши кутилмоқда.
Орол минтақасини тиклаш учун грант
Сиби Жорж, шунингдек, Ҳиндистон Орол денгизи минтақасини экологик тиклаш лойиҳалари учун 1 млн доллар ажратишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг «Яшил макон» дастури ва Ҳиндистоннинг Plant for Mother ташаббусидаги экологик устувор йўналишларнинг муштараклиги билан боғлиқ. Маблағ Ҳиндистон ҳукуматининг грант дастури доирасида тақдим этилади.
Бундан ташқари, томонлар инфратузилма соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Ҳиндистон ТИВ вакили сўзларига кўра, бир қатор Ҳиндистон компаниялари Ўзбекистондаги ўз иштирокини аллақачон кенгайтирмоқда. Улар орасида маҳаллий лойиҳаларда, хусусан, электр станциялари ва дата-марказ қурилишида иштирок этаётган EPC-пудратчи L&T (Larsen & Toubro) ҳам бор.