• Вс. Сен 6th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 16 мингга яқин ҳиндистонлик талаба таҳсил олмоқда — Ҳиндистон ТИВ



Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 мингга яқин ҳиндистонлик талаба таҳсил олмоқда, улар, асосан, тиббиёт йўналишларида ўқимоқда. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ғарбий йўналиш бўйича котиби Сиби Жорж маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Нарендра Модининг Тошкентдаги музокаралари якунлари бўйича томонлар таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.

Хусусан, гап профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма тадқиқотлар, илмий лойиҳалар ҳамда икки мамлакат олийгоҳлари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳақида бормоқда.

Сиби Жоржнинг қўшимча қилишича, Нарендра Моди Ўзбекистон томонига GIFT City ҳақида сўзлаб берган. Бу Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги махсус молиявий-технологик марказ бўлиб, мамлакат у ерга хорижий университетлар кампусларини жалб этишга интилмоқда. «Эҳтимол, Ўзбекистон делегацияси бу масалани батафсилроқ ўрганиш учун Ҳиндистонга ташриф буюрар», — деди ТИВ вакили.

Тошкентда эса етакчи хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасаларининг филиаллари, ўқув кампуслари ва талабалар турар жойларини ўз ичига олган Халқаро университетлар шаҳарчасини барпо этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида Қатардаги Education City, Дубайдаги Халқаро академик шаҳарча ҳамда Инчхондаги Глобал кампус тажрибасини ўрганиш таклиф этилган.

Сиби Жоржнинг сўзларига кўра, таълим соҳасидаги алоқаларнинг кенгайиши янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиши мумкин.

Ташриф чоғида Нарендра Моди, шунингдек, Тошкентда вафот этганига 60 йил тўлиши муносабати билан Ҳиндистоннинг собиқ бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри хотирасига ўзбекистонлик талабаларнинг ҳинд тилини ўрганишлари учун унинг номидаги 100 та стипендия ажратилишини эълон қилди.

Бундан ташқари, Тошкент давлат шарқшунослик университетида Ҳиндистон Маданий алоқалар кенгашининг (ICCR) санскрит кафедрасини очиш режалаштирилмоқда.

Ҳиндистон томони таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг кенгайишини икки мамлакатнинг стратегик дастурлари — «Ўзбекистон — 2030» ҳамда Ҳиндистоннинг 2047 йилга бориб ривожланган давлатга айланиш режалари билан боғлади.

Ўзбекистондаги хорижий талабаларнинг ярмидан кўпини ҳиндистонликлар ташкил этмоқда

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон олийгоҳларида 50 дан ортиқ мамлакатдан келган 24 647 нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг ярмидан кўпи — 13 060 нафари — Ҳиндистон фуқароларидир. Кейинги ўринларни Туркманистон (4884 нафар), Покистон (1165 нафар) ва Қозоғистон (1129 нафар) талабалари эгаллаган.

Чет элликлар орасида энг оммабоп йўналиш тиббиёт ҳисобланади: уни 16 476 нафар талаба ёки жами хорижий контингентнинг қарийб 67 фоизи ўрганмоқда. Энг кўп хорижлик талаба Тошкент давлат тиббиёт университети (4155 нафар) ва Самарқанд давлат тиббиёт университетида (4153 нафар) таҳсил олади. Кейинги ўринларда «ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети (2886 нафар), Бухоро давлат тиббиёт институти (2178 нафар) ва Ўзбекистон Миллий университети (1917 нафар) қайд этилган.

Агентлик маълумотлари HEMIS ахборот тизимига асосланган бўлиб, олийгоҳларда расман рўйхатда турган хорижлик талабалар сонини акс эттиради.

Ўзбекистонга келаётган чет эллик талабалар сони ортиб бормоқда

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь−июнь ойларида Ўзбекистонга ўқиш мақсадида 21 042 нафар хориж фуқароси келган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,5 минг нафарга ёки 2,2 баробарга кўпдир.

Энг кўп талаба Туркманистондан келган — 9207 нафар. Кейинги поғоналардан Ҳиндистон (3723), Тожикистон (1915), Хитой (951), Қирғизистон (834), Покистон (689), Миср (603), Жанубий Корея (526), Филиппин (367) ва АҚШ (302) жой олган.

Январь−июль ойларида Ўзбекистонга таълим олиш мақсадида келган Ҳиндистон фуқаролари сони 3853 нафарга етди. Шу давр мобайнида Ўзбекистондан Ҳиндистонга ўқиш учун 44 нафар фуқаро кетган. Бундан ташқари, январь−июль ойларида Ҳиндистондан Ўзбекистонга 32 462 нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 12 003 нафар Ўзбекистон фуқароси Ҳиндистон бўйлаб саёҳат қилган.

Ҳиндистон ТИВ маълумотлари Ўзбекистонда таҳсил олаётган ҳиндистонлик талабаларнинг умумий сонини кўрсатса, Ўзбекистон статистикаси муайян давр ичида мамлакатга айнан ўқиш мақсадида кириб келган Ҳиндистон фуқаролари сонини акс эттиради.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *