Тошкентнинг Бобур кўчасидаги 7-уй манзилида жойлашган тарихий уйни қонунга хилоф равишда бузиш, вайрон қилиш ёки ўзгартиришга қаратилган ҳар қандай уринишларнинг олди олинади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов маълум қилди.
Ушбу баёнот Jemchug House компаниясининг аризасига кўра уйда яшовчиларидан бирини кўчириш бўйича 4 сентябрга белгиланган суд мажлиси ҳақидаги хабар тарқалганидан сўнг берилди.
«Агентликнинг позицияси аниқ: мазкур бинонинг маданий мерос обекти сифатидаги мақоми сақланиб қолади. У давлат муҳофазасида… Биз мамлакатимизнинг тарихий меросини асраб-авайлашимиз ва уни келажак авлодларга етказишимиз шарт», — деди агентлик раҳбарининг биринчи ўринбосари.
Идоранинг қайд этишича, бинони Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан (у ерда 332−1-рақам остида қайд этилган) чиқариш бўйича таклифлар илгари ҳам «кўриб чиқилган ва рад этилган».
«Ушбу масала юзасидан 2026 йил 5 август куни келиб тушган сўнгги мурожаат ҳам агентлик томонидан кўриб чиқилди. Агентлик 2026 йил 19 августдаги хати билан мазкур объектни Маданий мерос обектларининг миллий рўйхатидан чиқаришнинг қонунчиликда назарда тутилган асослари мавжуд эмаслигини ҳамда бундай ҳаракатнинг ноқонуний эканини расман маълум қилди. Объектнинг қонунчиликда белгиланган мақоми сақланиб қолади ва у давлат муҳофазасида бўлади», — дея таъкидлади агентлик.
7-уй атрофидаги баҳслар кўп йиллардан буён давом этмоқда ва бу вақт давомида Gazeta воқеалар ривожини ёритиб келди.
1936 йилда қурилган бино Тошкентнинг собиқ ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев томонидан 2007 йил август ойида миллий рўйхатдан чиқарилган эди (ўшанда жами 303 та бино рўйхатдан чиқарилган). 2018 йил октябрь ойида пойтахтнинг ўша пайтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 7-уй остидаги ер майдонини аҳолини кўчириш ва уларга компенсация тўлаш шарти билан янги турар жой биносини қуриш учун Universal Packing Masters компаниясига топширган. Кейинчалик қурилиш ҳуқуқи Jemchug House компаниясига ўтказилган. Яшовчиларнинг аксарияти кўчирилган, аммо аҳолининг бир қисми уйга муҳофаза қилинадиган объект мақомини қайтаришни талаб қилиб келган.
2021 йил бошида Тошкент туманлараро маъмурий суди Абдуқаҳҳор Тўхтаевнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Кўп ўтмай, Вазирлар Маҳкамаси уйни яна миллий рўйхатга киритди.
