«Янги Ўзбекистон» университети Буюк Британиянинг олий таълим сифатини таъминлаш бўйича мустақил ташкилоти — Quality Assurance Agency for Higher Education (QAA) томонидан International Quality Accreditation (IQA) халқаро институционал аккредитациясидан ўтди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.
Университет Ўзбекистонда QAA халқаро институционал аккредитациясига эришган биринчи олий таълим муассасаси бўлди. Аккредитация сертификати QAA бош ижрочи директори Карл Лейдекер томонидан университетга тантанали равишда топширилди.
Университетнинг аккредитациядан ўтиши Европа олий таълим ҳудудида сифатни таъминлаш бўйича стандартлар ва йўриқномалар — Standards and Guidelines for Quality Assurance in the European Higher Education Area (ESG) асосида баҳоланди. Баҳолаш жараёнида университетнинг ички сифатни таъминлаш тизими ESG доирасидаги 10 та стандарт бўйича ўрганилди.
QAA томонидан тайинланган мустақил экспертлар гуруҳи 2026 йил 2−4 июнь кунлари университетда бўлиб, баҳолаш ўтказди. Улар университет тақдим этган ҳужжатларни батафсил ўрганди, раҳбарият, профессор-ўқитувчилар, ходимлар, талабалар, битирувчилар ва ташқи ҳамкорлар билан учрашди. Шунингдек, таълим инфратузилмаси, ўқув ресурслари ва маълумотларни бошқариш тизими кўздан кечирилди.
Якуний ҳисоботда «Янги Ўзбекистон» университетининг ESG доирасидаги барча 10 та стандартга тўлиқ жавоб бериши тасдиқланди. Шу тариқа, университет Ўзбекистонда QAAнинг халқаро институционал аккредитациясини қўлга киритган биринчи олий таълим муассасаси бўлиш билан бирга, Марказий Осиёда бундай аккредитацияга эга бўлган учта ОТМдан бири сифатида эътироф этилди.
Ректор: «Бу — янги олий таълим моделининг мустақил ташқи тасдиғи»
«Янги Ўзбекистон» университети ректори Баҳодир Аҳмедовнинг Gazeta мухбирига маълум қилишича, QAA аккредитацияси университетдаги таълим сифати халқаро стандартларга мос эканини тасдиқлайди. Унинг сўзларига кўра, бу университетнинг, шунингдек, умуман Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилади.
Ректор QAA Буюк Британиянинг олий таълим сифатини баҳолаш бўйича дунёда тан олинган нуфузли ташкилотлардан бири эканини таъкидлади. Баҳолаш жараёнида университетнинг фақат ўқув дастурлари эмас, балки профессор-ўқитувчилар фаолияти, талабаларни қўллаб-қувватлаш, сифатни таъминлаш тизими ва университет бошқаруви ҳам комплекс ўрганилган.
«Энг муҳими, бу натижа биз қураётган янги олий таълим модели халқаро талаблар даражасида эканининг мустақил ташқи тасдиғидир», — деди Баҳодир Аҳмедов.
Унинг таъкидлашича, аккредитация натижаси бутун олий таълим тизимига бўлган ишончни ҳам оширади. Ректор халқаро аккредитация университет битирувчиларининг хорижда ишлаш ва ўқиш учун ҳужжат топшириш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беришини айтди. Бу эса бўлажак кадрларнинг дунё даражасида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, халқаро эътироф чет элдан энг иқтидорли талабаларни жалб қилишга ёрдам бериши мумкин. Чунки QAA аккредитацияси таълим сифати халқаро даражада эканини кўрсатувчи омиллардан бири ҳисобланади.
«Янги Ўзбекистон» университетининг топ-150 натижаси

Баҳодир Аҳмедов QAA аккредитациясини Ўзбекистон-2030 стратегияси доирасидаги вазифалар нуқтаи назаридан ҳам муҳим деб баҳолади. Унинг айтишича, стратегияга мувофиқ, 10 та университет топ-500 таликка кирган университетлар билан халқаро таълим дастурларини ошириши керак.
«Янги Ўзбекистон» университети эса бу йил топ-150 таликка кирган ва Халифа университети билан қўшма магистратура дастурини амалга оширган. «Бу бошқа университетларга ҳам катта йўл очади», — деди ректор.
Баҳодир Аҳмедов, шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев томонидан 10 июль куни белгиланган олий таълим соҳасидаги мақсадларга тўхталди. Унга кўра, 2030 йилга қадар камида бешта олийгоҳни умумий рейтинг бўйича, яна 10 тасини фан йўналишлари кесимида дунёнинг энг яхши 500 та университети қаторига киритиш, 100 та олийгоҳ дастурини халқаро аккредитациядан ўтказиш ва камида 150 та техникумда халқаро таълим дастурларини жорий қилиш режалаштирилган.
Ректор халқаро талабаларни жалб қилиш ва халқаро даражадаги тадқиқотларни ривожлантириш ушбу мақсадларга эришишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, QAA аккредитацияси бу жараён учун асос бўлади.
