Хоразм вилоятида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш ҳамда ҳаракат таркибини замонавий автобуслар билан янгилаш мақсадида Хитойдан 30 та автобус олиб келинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.
Zhongtong русумли автобуслар «Бунёд йўловчи ташиш» МЧЖ томонидан харид қилиниб, ҳудудга олиб келинди. Натижада йил бошидан буён вилоятга олиб келинган янги автобуслар сони жами 90 тага етди.
Замонавий ҳаракат таркибларини яқин кунларда Урганч шаҳридаги ички автобус йўналишларига брутто-шартнома асосида жойлаштириш режалаштирилган.
Янги автобусларни йўналишларга чиқариш йўловчиларга янада қулай, хавфсиз ва сифатли транспорт хизматларини кўрсатиш, шунингдек, жамоат транспорти тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Zhongtong автобуслари Хитойнинг Шаньдун провинциясида жойлашган Zhongtong Bus Holding Co., Ltd. компанияси томонидан ишлаб чиқарилади.
Аввалроқ Хоразм вилоятига Хитойнинг Yutong компаниясида ишлаб чиқарилган 10 та гибрид троллейбус олиб келинган эди. Улар Урганч халқаро аэропорти, Урганч ва Хива темир йўл вокзалларини боғловчи йўналишда ҳаракатланади. Бу қатновлар оралиғини 25 дақиқадан 12 дақиқагача қисқартириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Хоразм вилоятида жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлаш босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилмоқда. Биринчи босқичда 1 июлдан SHI-4, SHI-5, SHI-7, SHI-13, SHI-18, SHI-19 ва SHI-28 автобус йўналишлари, шунингдек, Т1-сонли «Урганч шаҳри — Хива шаҳри» троллейбус йўналишида нақд пулсиз тўлов тизими жорий этилди. Иккинчи босқичда эса қолган автобус ва троллейбус йўналишларида брутто-шартномалар расмийлаштирилганидан кейин ушбу тартиб жорий этилади. Шу билан бирга, йўлкира ҳақи 3000 сўм этиб белгиланди.