Ўзбекистон Ҳиндистондан келувчи сайёҳлар оқимини оширишни ният қилган бўлиб, асосий эътиборни болали оилавий саёҳатларга қаратади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«Ҳиндистон биз учун туристлар оқимини оширишда жуда яхши потенциалга эга. Лекин бу борада асосий мўлжалимиз оилавий туризм — болалар ва оиласи билан саёҳат қилувчилар бўлади», — деди у.
Қўмита раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирда таниқли ҳиндистонлик блогерлар ва инфлюенсерлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
«Улар Ўзбекистонни хавфсиз йўналиш сифатида тарғиб қилиш билан шуғулланишади», — деди Абдулазиз Аккулов.
Абдулазиз Аккулов.
Бундан ташқари, Туризм қўмитаси Ҳиндистоннинг йирик туроператорлари билан ишламоқда. Октябрь ойида Тошкентда туризм соҳаси вакилларини тақдирлаш маросимини ўтказиш ва туроператорлар учун Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бўйлаб танишув туруни ташкил этиш режалаштирилган.
«Ушбу туроператорлар учун тарихий шаҳарларимиз бўйлаб инфотур ҳам ташкил этамиз. шунингдек, маҳаллий туроператорларимиз билан B2B учрашувлари ўтказилади», — деди қўмита раиси.
Ҳайдаробод — Тошкент бўйича янги рейс
7 сентябрь куни Туризм қўмитаси Centrum Air авиакомпанияси билан ҳамкорликда Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида роуд-шоу ўтказишни режалаштирмоқда.
«28 сентябрдан бошлаб ҳафтасига икки марта қатнайдиган янги Ҳайдаробод — Тошкент рейси йўлга қўйилади», — деди Абдулазиз Аккулов.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Ҳиндистон фуқароларининг Ўзбекистонга сайёҳлик ташрифлари сони сезиларли даражада ошди. 2023 йилда бу кўрсаткич 45,5 мингтани, 2024 йилда 70,6 мингтани, 2025 йилда эса 80,9 мингтани ташкил этди. Шу тариқа, 2022−2025 йиллар оралиғида бу кўрсаткич деярли 1,8 бараварга ортди.
2025 йил якунларига кўра, Ҳиндистон фуқароларининг Ўзбекистонга саёҳатлари сони бўйича давлатлар орасида тўққизинчи ўринни эгаллади. Дастлабки учта ўринни Қирғизистон (3,3 млн ташриф), Тожикистон (2,7 млн) ва Қозоғистон (2,7 млн) эгаллаган.
