• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Туманлар ихтиёрига 3,2 триллион сўм ресурс берилади


Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда туман штабларининг молиявий ваколатларини кенгайтириш бўйича янги чоралар белгиланди.

Эндиликда туман штаблари кимга қанча кредит бериш, уни нақд ёки нақдсиз шаклда ажратиш, маблағни қайтариш муддатини узайтириш ҳамда тўлов графигини бизнес турига мослаштиришни мустақил ҳал қилади. Инклюзив молиялаштириш масалалари ҳам улар ваколатига ўтказилади.

Ҳозир оилавий тадбиркорлик учун 1 триллион 370 миллиард сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун эса 450 миллиард сўм ресурс мавжуд.

Шунингдек, кредит тарихида кечикиш бўлган эҳтиёжманд аҳолининг лойиҳаларини ҳам индивидуал баҳолаш асосида имтиёзли молиялаштириш имконияти яратилади.

Камбағаллик жамғармасидаги 240 миллиард сўм, Бандлик жамғармасидаги 100 миллиард сўм ва учта «дафтар»даги 760 миллиард сўм маблағ ҳам туман штаблари ихтиёрига берилади. Бундан ташқари, Тадбиркорлик компаниясининг компенсациялар учун йил якунига қадар мўлжалланган 300 миллиард сўмлик қолдиғи ҳам штаблар орқали ажратилади.

Шу тариқа туманлар ихтиёрига жами 3 триллион 200 миллиард сўм ресурс йўналтирилади.

Йиғилишда кредит, субсидия ва компенсация шартларини фармон ва қарорлар билан белгилаш амалиётидан воз кечилиши ҳам маълум қилинди. Энди Иқтисодиёт вазирлиги ва Марказий банк ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, молиялаштириш механизмларини ҳар чоракда янгилаб боради.

Шунингдек, 8 минг 992 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари «лойиҳабай» ишлаш тизимига ўтказилади. Фидойи ва ташаббускор кадрлар лавозимига қайта тайинланади, ишига нолойиқ ходимлар эса алмаштирилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *