Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда вилоят ва туман ҳокимлари штаблар фаолиятини самарали ташкил этиб, яратилган янги имкониятлардан тўлиқ фойдаланиши шартлиги таъкидланди.
Белгиланишича, ҳудудлар раҳбарлари сентябр–декабр ойларида 350 минг одамни доимий ишга жойлаштириш ва яна 1 миллион аҳолининг даромадини кўпайтириш бўйича мажбурият олади.
Шунингдек, йил якунига қадар 230 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилди.
Ҳар бир йўналиш бўйича аниқ механизм ва ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш, маҳалла даражасида масъулларни белгилаш зарурлиги қайд этилди.
Хитой тажрибаси асосида туман ва маҳаллаларда аҳоли билан бевосита ишлайдиган ходимлар учун аниқ кўрсатмалар ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилиш якунида мутасаддилар ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.