Тошкентдаги Глинка кўчасида йўл қопламаси остида содир бўлган портлаш сабаблари аниқланмоқда. Бу ҳақда Яккасарой туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди. Туман ҳокими Нилуфар Аллабергенова воқеа жойида бўлиб, ҳодиса оқибатларини кўздан кечирди.

Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги.Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги.

Ҳокимлик яқинда Глинка кўчасида эскирган муҳандислик тармоқларини янгилаш ва қувурларни алмаштириш ишлари олиб борилганини эслатди. Янги қувурлар мустаҳкамлиги ва ишлаш ҳолати бўйича текширилган, бироқ тармоқлар ҳали фойдаланишга топширилмаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда портлашга ўхшаш овоз эшитилиб, шундан сўнг ҳодиса жойи устида чанг кўтарилганини кўриш мумкин. Gazeta аввалроқ кўчанинг ушбу қисмида асфальт ўпирилиб, унинг бўлаклари ўнлаб метр масофага сочилиб кетгани ҳақида хабар берган эди. Йўлдан ўтиб кетаётган бир нечта автомобиль шикастланган, расман бир киши жабрлангани маълум қилинган. Ҳозирда авария оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Кўчанинг ушбу қисми ёпилган, ҳайдовчилардан уни айланиб ўтиш сўралмоқда.

Gazeta ўқувчиси август ойи бошида Глинка кўчасида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган пайтда олинган суратларни таҳририятга юборган. Ўрнатилган тўсиқларда Industrial Construction ёзуви акс этган.

Глинка кўчасидаги портлаш

Глинка кўчасидаги портлаш

Тошкентдаги иссиқлик, сув ва газ таъминоти корхоналари ҳодиса уларнинг тармоқлари билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди.

Пойтахтнинг иссиқлик таъминоти тармоқларига хизмат кўрсатувчи Veolia Energy Tashkent кечқурун иссиқлик таъминоти қувурлари бутун ва шикастланмаганини маълум қилди. Жорий йилда ўрнатилган, узунлиги 1240 метр бўлган магистрал қувур ҳозирда бўш ҳолатда, яъни унда сув ҳам, босим ҳам йўқ.

«Шундай қилиб, ҳодиса иссиқлик таъминоти тармоқларидан фойдаланиш ёки улардаги қувур ёрилиши билан боғлиқ эмас», — дея таъкидлади компания.