Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ўзбекистоннинг маданий мероси ва унинг шаклланишида ислом динининг ўрнига бағишланган тадбир — Uzbekistan: Heritage in Motion («Ўзбекистон: Ҳаракатдаги мерос») кўргазмаси очилди. Бу Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ислом санъати музейи (Museum of Islamic Art)нинг қўшма лойиҳаси ҳисобланади.
Тўртта мавзули бўлимдан иборат экспозицияда Ўзбекистоннинг еттита етакчи музейи ва Қатар коллекцияларидан 36 та ноёб экспонат жамланган. Улар исломдан олдинги давр, Сомонийлар ва Темурийлар эрасидан тортиб ҳозирги кунгача бўлган даврни, жумладан, анъанавий ҳунармандчилик ва тўқимачилик санъати намуналарини қамраб олади.
Экспонатлар орасида Афросиёб деворий суратлари, «Катта Лангар» Қуръони, Шарқшунослик институти қўлёзмалари, Бухоро керамикаси намуналари, XIX-XX асрларга оид миллий либослар, заргарлик буюмлари, ипак матолар ва анъанавий ҳунармандчилик асарлари бор.
Фото: Саида Мирзиёева / Telegram.
«Бу — Қатар халқи ва унинг меҳмонларини бой тарихимиз ҳамда меросимиз билан яқиндан таништириш учун қулай имконият, шунингдек, Ўзбекистон-Қатар маданий алоқаларини янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир», — деди кўргазманинг очилиш маросимида шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний (Қатар музейлари бошқармаси директорлар кенгаши раиси, Қатар амирлиги оиласининг аъзоси) билан бирга иштирок этган Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева.
Кўргазманинг оммавий дастури анъанавий ҳунармандчиликка бағишланган маърузалар, маҳорат сабоқлари ва тақдимотларни ўз ичига олади.
Маҳаллий рассомлар ва ташриф буюрувчилар учун шарқ миниатюраси ва «Абру-Баҳор» техникаси бўйича алоҳида маҳорат сабоқлар туркумини рассом Давлат Тошев ўтказади. Улар 3 сентябрдан 16 сентябргача унинг резиденцияси доирасида бўлиб ўтади. Иштирок этиш олдиндан рўйхатдан ўтиш орқали амалга оширилади.
Фото: Саида Мирзиёева / Telegram
Uzbekistan: Heritage in Motion кўргазмаси билан бир кунда Ektashif Uzbekistan кўргазмаси ҳам очилди. У етти нафар қатарлик ҳунарманднинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро бўйлаб саёҳати якуни бўлди. Ўзбекистон маданияти ва анъаналаридан илҳомланган ҳолда улар заргарлик буюмлари, қадимий каллиграфия услубида битилган матнлар, гиламлар яратишди, шунингдек, саёҳат давомида олинган фотосуратларини тақдим этди.
Ислом санъати музейида Uzbekistan: Heritage in Motion кўргазмасига 28 ноябригача ташриф буюриш мумкин.
