• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Ҳиндистондан гўшт импортини кенгайтириш ва 50 минг гектарда жут етиштиришни режалаштирмоқда


Ўзбекистон ва Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг Тошкентга ташрифи доирасидаги интервьюда маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири уруғчилик бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда аллақачон Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги компаниялари фаолият юритмоқда, қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навлари жорий этилмоқда.

«Айниқса, шўрга чидамлилик [масаласига тааллуқли]: пахта навларини ҳозир Хоразмда 12 минг гектар ерда синаяпмиз. Шўр ювмасдан экиладиган янги навлар олиб келинган. Шу билан бирга, Ўзбекистонга сабзавот ва озуқа экинларининг янги уруғларини трансфер қилганмиз», — деди у.

Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Ҳиндистон мутахассислари қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навларини яратиш бўйича ҳам биргаликда ишламоқда.

Яна бир йирик йўналиш гўшт саноатидаги ҳамкорлик бўлмоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Ҳиндистондан арзонроқ гўшт етказиб беришни кўпайтиришга қизиқиш билдирмоқда.

«Гўшт нуқтаи назаридан, чорвачилик нуқтаи назаридан, Ҳиндистондаги арзон гўштларни Ўзбекистонга олиб келиш нуқтаи назаридан катта ишларни амалга оширяпмиз. Қўшма корхоналар тузилган ҳозир ва компанияси билан кейинги йилларга жуда ҳам катта режаларни оляпмиз. Мана шу ташрифда қатор янги келишувларга эришилди», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ҳамкорлик гўшт импорти билан бир қаторда уни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни ҳам назарда тутади.

Абдураҳмонов, шунингдек, икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда уч баробардан кўпроқ ўсганини маълум қилди.

«Бир тарафдан, гўшт маҳсулотлари бизга кириб келаётган бўлса, иккинчи тарафдан биз 30 дан ортиқ маҳсулотларимизни Ҳиндистонга экспорт қилиш йўналишида ҳам ишларни амалга оширяпмиз. Уларга рухсатномалар, фитосанитар рухсатномалар, лицензиялар олинган. Демак, бозор бизга Ҳиндистонда очиқ. Айниқса, дуккакли экинлар нуқтаи назаридан», — деди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Ҳиндистонга маҳсулотларни тўғридан-тўғри етказиб беришга ҳам ўтди. Илгари экспортнинг бир қисми учинчи давлатлар орқали амалга оширилган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь−июнь ойларида Ўзбекистон 359,5 млн долларлик 72 минг тонна мол гўшти импорт қилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан етказиб бериш ҳажми 6000 тонна ёки 9,1 фоизга ошган.

Энг йирик етказиб берувчи Ҳиндистон бўлиб, у ердан 33,9 минг тонна ёки умумий импортнинг қарийб 47 фоизи олиб кирилган. Беларусдан 19,6 минг тонна, Қозоғистондан 10,6 минг тонна, Покистондан 4000 тонна гўшт импорт қилинган. Яна 4000 тонна бошқа давлатлар ҳисобига тўғри келган.

Гўшт Ўзбекистон мутахассислари иштирокида тайёрланади

Вазирдан, шунингдек, Ҳиндистондан гўшт импорти кенгайтирилганда унинг ҳалол талабларига мувофиқлиги қандай таъминланиши сўралди.

«Албатта, бу борада биринчи талаб ҳам шу — ҳалол сертификатлари бўлиши. Иккинчиси — бизнинг, ўзимизнинг мана шу соҳадаги озиқ-овқат корхоналари гўштни ўша жойда тайёрлаб, кейин унинг экспортини йўлга қўйиши», — деб жавоб берди Абдураҳмонов.

Ўзбекистон мутахассислари ҳайвонларни сўйиш учун Ҳиндистонга бориш-бормаслиги ҳақидаги аниқлаштирувчи саволга вазир ижобий жавоб берди.

«Мутахассислар бориб, сўйиб, ўша жойда қассоб, қассобчилик соҳасида ҳам корхоналар [бўлади], шунинг учун қўшма корхоналар [тузилмоқда]», — деди у.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг сўзларига кўра, яна бир масала логистика бўлиб қолмоқда. Етказиб беришни туркиялик ҳамкорлар иштирокида Мерсин порти орқали ривожлантириш режалаштирилмоқда.

«У жойда халқаро сертификатлар, гўшт тозалиги, хавфсизлиги ва ҳалол сертификати энг муҳими. Ўзимизнинг корхоналар у ёқда гўштни тайёрлаб, кейин экспортни [ташкиллаштириши] бўйича келишувларга эришганмиз», — деди вазир.

Жут — 50 минг гектаргача

Ҳамкорликнинг яна бир янги йўналиши табиий тола олишда ишлатиладиган техник экин — жут етиштириш бўлади.

Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда илгари каноп етиштириш ривожланган, бироқ сўнгги йилларда бу йўналишга камроқ эътибор қаратилган. Ҳозир Ҳиндистон билан ҳамкорликда шу оилага мансуб жут етиштириш бошланган.

«Ҳозир қарийб 2000 гектар ерда каноп оиласига кирадиган жут ўсимлигини етиштиряпмиз. Сабаби — биз 30 миллион долларга яқин табиий толани импорт қиламиз», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, табиий толалардан пахта билан биргаликда янги турдаги тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин.

«Шунинг учун жут бўйича жуда ҳам катта янги ҳамкорликни мана шу ташриф доирасида бошлаймиз. Дастлабки ишлар бошланган, буни кенгайтиряпмиз. Кейинги йилларда камида 50 минг гектар ерда жут экилади», — деди Абдураҳмонов.

Таққослаш учун, унинг сўзларига кўра, Ҳиндистонда ушбу экин тахминан 1 млн гектар майдонда етиштирилади.

Ғўза қатор ораларига зира экилади

Ўзбекистон Ҳиндистоннинг зира етиштириш тажрибасини ҳам ўрганмоқда. Жорий йилда Ҳиндистондан эртапишар навларнинг 10 тоннадан ортиқ уруғи олиб келиниб, мамлакатнинг турли ҳудудларида синовдан ўтказилган.

«Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш нуқтаи назаридан ҳозир биз ғўза қаторлари орасига зира экяпмиз. Бу йилдан бошлаб жуда ҳам катта амалиёт бўлди. Шу зиранинг уруғларини ҳам ҳозир Ҳиндистондан [оляпмиз], чунки вақтли пишадиган, тез пишадиган уруғлар бор», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, зира ғўза гулламасдан олдин пишиб етилиши керак. Синовлар республика бўйлаб Ҳиндистоннинг Nath bio-genes компанияси билан ҳамкорликда ўтказилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *