2 сентябрь — янги иш ҳафтаси ва ўқув йилининг биринчи кунида Тошкент кўчаларидаги транспорт оқими одатдаги иш кунига (солиштириш учун 24 август, душанба куни олинган) нисбатан 30 фоизга юқори бўлди. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЭМ) маълум қилди.
Юклама ортганига қарамай, шаҳар бўйича кўчаларнинг тирбандлик кўрсаткичини умумий ҳисобда 6 балл даражасида ушлаб туришга эришилди. Айрим ҳудудларда ҳаракат секинлашган, бироқ тирбандликларнинг критик даражада ортиши кузатилмаган, дейилади марказ хабарида.
ЙҲТЭМда транспорт оқимларини марказлаштирилган ҳолда мониторинг қилиш ва бошқариш бўйича ситуацион марказ фаолият юритмоқда. Мутахассислар реал вақт режимида йўллардаги вазиятни, светофорлар ишини, тирбандликлар юзага келишини ва жамоат транспорти ҳаракатини кузатиб бормоқда. Эрталабки, кундузги ва кечки даврлар, таълим муассасалари атрофидаги ҳамда энг тирбанд магистраллардаги вазият алоҳида таҳлил қилинмоқда.
Чорраҳаларда автоуловлар навбати кўпайган тақдирда, мутахассислар оқим жадаллигини ва қўшни ҳудудлардаги вазиятни баҳолайди. Сўнг заруратга қараб, светофор фазаларига тузатиш киритади ва қўшни светофорларни синхронлаштиради.
Агар тирбандлик ЙТҲ, тўхтаб қолган автомобиль, ҳаракат бўлагининг ёпилиши, йўл ишлари ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши туфайли юзага келган бўлса, маълумот Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ ходимларига узатилади. Зарур ҳолларда йўл, коммунал, авария ва бошқа соҳавий хизматлар жалб этилади.
ЙҲТЭМ кутишича, 7 ва 14 сентябрдан олий ўқув юртларида, шунингдек, академик лицейлар, техникумлар ва бошқа таълим муассасаларида дарслар бошланиши билан транспорт юкламаси босқичма-босқич ортиб бориши мумкин.
Хабарда айтилишича, вазиятни баҳолаш ва прогноз қилишда Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси, ЙҲХБ, жамоат транспорти диспетчерлик хизматлари, муҳандислик бўлинмалари вакиллари ва транспортда моделлаштириш бўйича мутахассислар иштирок этмоқда. Жараёнларга хорижий экспертлар ҳам жалб қилинган.