Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Aral Ultra халқаро ультрамафонига рўйхатдан ўтиш очилганини эълон қилди. Югуриш мусобақаси 3−4 октябрь кунлари Қорақалпоғистонда бўлиб ўтади.
Марафон йўналиши Устюрт платоси бўйлаб ўтади ва Ғарбий Орол денгизининг қирғоқ чизиғида якунланади. Минтақа экотизимидаги ўзгаришларни кўрсатиш мақсадида марра чизиғини ҳар йили ўзгартириш режалаштирилмоқда.
Aral Ultra дастури Нукус шаҳридаги тадбирларни ҳам ўз ичига олади: болалар югуриш мусобақалари, чиқиндиларни йиғиш билан плоггинг ва шаҳар бўйлаб югуриш экскурсияси.
Югуриш мусобақаси трейлраннинг — асфальтланган йўллар бўлмаган табиий йўналишлар бўйлаб югуриш форматида ўтказилади.
Югурувчилар қуйидаги масофалар бўйича рўйхатдан ўтиши мумкин:
- 100 км;
- 50 км;
- 25 км;
- 15 км.
100 км ва 50 км масофалар тайёргарликка эга иштирокчилар учун мўлжалланган бўлиб, малакани тасдиқлашни талаб қилади.
100 км масофага рухсат олиш учун қуйидаги йўналишлардан бирида маррага етиб келган бўлиш керак:
- Zaamin Ultra 2026 мусобақасининг 50 км масофасида 7 соатдан кўп бўлмаган натижа билан;
- Aral Ultra ўтказилишидан олдинги бир йил ичида бўлиб ўтган мусобақаларда 80 км дан ортиқ масофада.

50 км масофага рухсат олиш учун қуйидаги талаблардан бирига жавоб бериш, хусусан, қуйидаги мусобақаларда маррага етиб келган бўлиш керак:
- Zaamin Ultra 2026 мусобақасининг 50 км масофасида;
- Zaamin Ultra 2026 мусобақасининг 21 км масофасида 3 соатдан кўп бўлмаган натижа билан;
- Sky Camp Bo’stonliq 2026 мусобақасининг 20 км масофасида;
- ўтган бир йил давомида 50 км дан ортиқ масофада;
- мусобақа ўтказиладиган санагача бўлган бир йил ичида ўтказилган 42 км 195 м масофадаги расмий марафонда 4 соат 30 дақиқадан кўп бўлмаган натижа билан.
25 км ва 15 км масофалардаги югуришда иштирок этиш учун малака талаб қилинмайди, бироқ ёш чеклови белгиланган — 18 ёш.
2 км ва Kids Run масофаларига рўйхатдан ўтиш кейинроқ очилади.
«Aral Ultra орқали биз дунёга минтақанинг янги қиёфасини — такрорланмас табиати, маданияти ва бошқа ҳеч қаерда ҳис қилиб бўлмайдиган ўзгача муҳитига эга куч маскани сифатида кўрсатмоқчимиз», — деди марафонларни амалга ошириш бўлими бошлиғи ва серия куратори Мирхан Сагитов.
Aral Ultra ушбу номдаги марафон, Bukhara Night Race, Sky Camp Bo’stonliq ва Zaamin Ultra мусобақаларини бирлаштирган Samarkand Marathon сериясининг бир қисмига айланади.
Ташкилотчилар йиғилган маблағларни югуриш мусобақалари ўтказиладиган шаҳарларда болалар спорт майдончаларини қуришга йўналтиришни режалаштирмоқда.
