Хоразм вилоятида Урганч аэропорти ва Хива ўртасида электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Поезд Урганч темирйўл вокзали орқали ҳаракатланади, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси.
Янги йўналишда Хитойнинг CRRC Dalian компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, иқлим назорати тизимига эга 6 та вагондан иборат CR200J электропоезди қатнамоқда. Поезд 415 нафар йўловчига мўлжалланган ва соатига 160 км гача тезликни ривожлантира олади.
Ҳозирда поезд (№7055) аэропортдан соат 8:40 да жўнаб, Урганч вокзалига 8:59 да етиб келади, у ердан 9:02 да йўлга чиқиб, Хивага 9:22 да етиб боради.
Шу тариқа, поезд 45,9 км бўлган умумий масофани 47 дақиқада, Урганч ва Хива вокзаллари ўртасидаги масофани (33 км) эса 20 дақиқада босиб ўтади.

Хивадан поезд (№7058) соат 21:00 да йўлга чиқиб, Урганчга 21:20 да етиб келади, у ердан 21:23 да аэропортга жўнаб, 21:42 да етиб боради. Умумий вақт — 42 дақиқа.
Катталар учун чипта нархи 25 минг сўмни, болалар учун эса 14 минг сўмни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, август ойида янги поезд президентга тақдим этилган эди. Бу аэропортга темирйўл тармоғи олиб келинган Ўзбекистондаги биринчи лойиҳа экани айтилган. Лойиҳа қиймати 225 млрд сўмни ташкил этди.
Хива ва Урганч ўртасида троллейбус қатнови ҳам йўлга қўйилган. Янги темирйўл тармоғи билан бир қаторда мамлакатдаги биринчи пулли автомобиль йўли ҳам очилди (йўл ҳақи — 20 минг сўмдан 40 минг сўмгача).
Аввалроқ шунга ўхшаш CR200J электропоезди тез орада Тошкент ва Андижон ўртасида ҳам йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилган эди.
