Наманган вилоятида Норин дарёси устида Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманларини вилоят маркази билан боғловчи қиймати 62 млрд сўмлик кўприк қурилиши якунланди. Бу ҳақда вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

«Узунлиги 481,5 метр бўлган мазкур кўприк мустақиллик йилларида Ўзбекистонда дарё устида қурилган энг йирик ва узун иншоотлардан бири ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Лойиҳа доирасида жами 17,5 километр янги автомобиль йўли ҳам барпо этилади. Айни пайтда Учқўрғон тумани ҳудудидан кўприкка олиб борувчи янги йўлни қуриш ишлари давом этмоқда.

Боўқарманинг қайд этишича, кўприк ва янги йўл фойдаланишга топширилгач, давлат аҳамиятидаги D 109 (4R 116) Наманган-Уйчи-Учқўрғон-Ҳаққулобод-Андижон автомобиль йўлида транспорт оқими ва тирбандликлар камаяди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу кўприк қурилаётгани ҳақида 2024 йил февралида хабар қилинганди. Ўшанда кўприк қиймати 53,6 млрд сўм экани айтилганди.

Норин дарёси кўприги

2020 йилда Фарғона ҳалқа йўлининг 93-километрида жойлашган ҳамда икки туманни вилоят маркази билан боғлаб турувчи «Нориндарё» кўпригида дарз кетиш аломатлари аниқлангач, вақтинча ёпилган. Мазкур кўприк 1962 йилда фойдаланишга топширилган. Бундан бир неча йил олдин минглаб фуқаролар ишга, ўқишга, бозорга ҳамда ўзларининг бошқа эҳтиёжлари йўлида дарёни қайиқ орқали кесиб ўтишга мажбур бўлаётганди.

Дарё ёпиқ бўлган пайтда эса Норин туманида дарёни кесиб ўтиш учун вақтинчалик кўприк қурилган.

Орадан 6 ой ўтгач, қурилиш ишлари якунланиб, 1 ноябрь куни янги кўприк фойдаланишга топширилган.