• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Олмазор» метро бекати ёнидаги ўтиш йўлагида мураллар пайдо бўлди. Уларни ким ва нима учун чизган? – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


«Олмазор» метро бекати ёнидаги ерости ўтиш йўлагидан ҳар куни минглаб одамлар ўтади. Унинг чиқишларидан бири Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларидан қатновларни қабул қиладиган Тошкент автовокзалига олиб боради. Йўловчилар оқими юқори бўлишига қарамай, бу жой узоқ вақт давомида қаровсиз ҳамда хавфсиз деб бўлмайдиган ҳолатда эди. Август охирида ўтиш йўлаги бошқача кўриниш олди — «Ўзбеклигим — ўзлигим» нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси ва Чилонзор тумани ҳокимлиги кўмагида рассомлар унинг деворларини мамлакат тарихи ва маданий меросига бағишланган мураллар билан безади.

ННТ раҳбари Моҳира Султонованинг сўзларига кўра, уларнинг мақсади ёш стрит-арт рассомларини қўллаб-қувватлаш ва «улар ўз маҳоратини намойиш этишига» имкон бериш бўлган.

Лойиҳа куратори Маржона Ҳамраева жамоа еттитадан ортиқ жойни кўриб чиққанини айтди. «Олмазор» метро бекати ёнидаги ўтиш йўлаги одамлар, жумладан, хорижликлар оқими кўплиги сабабли танланган. Туман ҳокимлиги тўққиз нафар рассом ишлаши учун шароит яратиб, ёритиш масаласида ёрдам берди. Барча материаллар харажатини ташкилотчилар ўз зиммасига олди.

Бекатдан автовокзалгача бўлган ўтиш йўлаги учта узун коридорнинг кесишувидан иборат. Улар доира шаклидаги очиқ майдонда туташади ва муралларнинг асосий қисми айнан шу ердаги деворларда пайдо бўлди. Рассомлар ушбу жойда деярли икки ҳафта — 13 августдан 25 августгача ишлади.

Яна Юсупова ўз ишини Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлади. У қўлида қоғоз қайиқча ушлаб турган дўппили қизалоқни тасвирлади. Марказий образни Регистон майдони, Хива миноралари, «Янги Ўзбекистон» боғидаги Мустақиллик монументи, шунингдек, замонавий баланд биноларнинг таниш силуэтлари тўлдириб туради.

Рассом қизалоқнинг юзи ва қўлларини аэрография ёрдамида, қолган қисмларини эса мўйқалам билан ишлади. Деворнинг юқори қисмини тахминан 3 метр баландликда ҳавозаларда туриб безашга тўғри келди.

Юсупова Тошкент ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида стрит-арт ва граффитининг оммалашаётганини ижобий баҳолайди. Унинг сўзларига кўра, яқин вақтларгача ўтиш йўлагида «ҳатто нигоҳни тўхтатадиган жой ҳам йўқ эди», ҳозир эса бу ерда ўзгача бир энергия пайдо бўлган ва у ўткинчиларнинг кайфиятини кўтармоқда.

Рассом Рустамжон Чўлиев учун ушбу лойиҳа шаҳарда биринчи марта мурал устида мустақил ишлаш имкониятига айланди — аввалроқ у фақат тажрибали усталарга ёрдам берган. У космик скафандр шлемини ўғлига кийдираётган онани тасвирлади. Рассомнинг сўзларига кўра, ушбу образни яратишга уни Samarkand-2028 Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошининг учирилиши илҳомлантирган. Бироқ коинот ҳис-туйғулар ҳақидаги мулоқот учун фақат бир баҳона, холос. Муралнинг марказида боласига қараб, келажакда унинг олдида энг ақл бовар қилмас имкониятлар очилишига ишонаётган онанинг фахри тасвирланган.

street art, мурал

Чўлиевнинг сўзларига кўра, лойиҳа иштирокчилари бир-бирига ёрдам берган, чунки расм чизиш осон бўлмаган — иссиқ туфайли фақат эрталабки ва кечки соатлар қулай бўлган, қоронғи вақтда эса сунъий ёритиш ноқулайлик туғдирган. Унинг айтишича, ташаббус рассомларни бирлаштирган ва у лойиҳа давом этишига умид қилмоқда.

«Агар рассомларни қўллаб-қувватлаш давом этса, биз ҳам қўлимиздан келганича ушбу соҳани ривожлантиришга эътибор қаратамиз. Кўплаб ривожланган мамлакатлар ва мегаполисларда стрит-арт — шаҳар қиёфасига ўзига хос гўзаллик бағишлайдиган нарса. Менимча, бу Ўзбекистонга ҳар томонлама фойда келтиради», — деб ҳисоблайди рассом.

Vargunza тахаллуси билан танилган райтер Миршод Камолов лойиҳа жамоасига ўз ташаббуси билан қўшилган — бу ҳақда ўтиш йўлагида биринчи мураллар устида иш олиб борилаётган пайтдаёқ ўткинчилар тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаган видеолар орқали билиб олган.

street art, мурал

У ерости ўтиш йўлаги деворларида Ўзбекистон тарихининг ибтидоий даврлардан мустақилликка эришишгача бўлган турли даврлари ва воқеаларини ягона визуал қаторга жамлади: араблар истилоси, Темурийлар даврида Самарқанднинг юксалиши, Россия империяси томонидан мустамлака қилиниши, урушлар, совет индустриаллашуви ва қатағонлар, пахта далаларидаги меҳнат. Оқ-қора ранглар уйғунлигида ишланган мурал рассомнинг ўзи силуэти ва «Тарих ҳали ҳам ёзилмоқда…» деган ёзув билан якунланади.

Рассом атайлаб фақат ютуқларни тасвирлаш билан чекланмади.

«Мен тарихни баҳсларга сабаб бўлмайдиган ва ҳаммага ёқадиган иш бўлиши учун ғалабалардан иборат бир текис чизиқ сифатида кўрсатишни принципиал равишда истамадим. Бундай тарих мавжуд эмас. Бутун йўлни кўрганингда, хатоларни тан олиб, уларни такрорламасликка ҳаракат қилганингда ва ўз келажагингни ёзиш учун масъулиятни зиммангга олганингда мустақилликни яхшироқ англайсан», — дея мурал концепциясини тушунтирди Vargunza.

Миршод ишлаган девор ёриқлар ва доғлар билан қопланган, айрим жойлари уваланиб кетган эди, аммо рассом уни янгиламасликка қарор қилди. Унинг фикрича, бундай юза ишни янада таъсирли қилади. Мурал якунланганидан бир неча кун ўтиб, деворнинг бир қисми қайта бўялди, натижада жадидларнинг юзлари ҳам бўёққа беланди. Буни ким ва нима мақсадда қилгани номаълум.

Vargunza таъкидлашича, стрит-артда бафинг — бошқа бировнинг ишларини бўяб ташлаш расм кескин мавзуларга дахл қилганда ёки рухсатсиз яратилганда одатий амалиёт ҳисобланади. Бироқ агар иш аллақачон келишилган ва маъқулланган бўлса, унга муаллиф иштирокисиз ўзгартириш киритиш ахлоққа тўғри келмайди.

«Рухсат беришса, якуний ишни кўришса ва ёққанини айтишса-ю, охир-оқибат ишга ўзгартириш киритилса — бу камида рассомга нисбатан ҳурматсизлик. Буни ким ва нима учун қилганини билмайман, лекин деворни ишни бузмасдан янгилашнинг кўплаб вариантлари бор эди. Рассом билан маслаҳатлашиш ёки бу ишни унинг ўзига топшириш мумкин эди», — дейди Vargunza.

street art, мурал

Муаллиф ўз иши ҳақидаги турли, жумладан, бир-бирига зид фикрлар ва талқинларни ҳар куни эшитади ва уларга ижобий муносабатда. Унинг сўзларига кўра, ўткинчилар фақат «чиройли» деган баҳо билан чекланиб, ҳеч қандай ҳис-туйғуни бошдан кечирмаганида бундан-да ёмон бўлар эди. Райтерга мурал томошабинларни тарих бўйича билимларидаги бўшлиқларни тўлдиришга — «бирорта ҳам матн ёзилмаган расмлар орқали бироз билимлироқ бўлиш»га ундаётгани ёқади.

Лойиҳа кураторининг сўзларига кўра, «Ўзбеклигим — ўзлигим» ННТ бундай акцияларни кенгроқ миқёсда ўтказишни, уларни мамлакат учун муҳим саналаларга бағишлашни режалаштирмоқда. Кейинги мураллар шаҳарда Янги йил арафасида пайдо бўлиши мумкин.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *