Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирининг ертўласида сунъий сув ҳавзада акула боқилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Идора томонидан шаҳарнинг Мурувват маҳалласидаги кўп қаватли уйларда ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида бир қатор қоидабузарликлар аниқланган.
Хусусан, 78-уйнинг 17-хонадони мулкдори томонидан уйнинг ертўла қисмида катта ҳажмдаги бассейн ҳамда сув қувурлари ўрнатилиб, ноқонуний равишда акулалар боқиб келинаётгани маълум бўлган.

Шунингдек, фуқаро ертўланинг турли хоналарини тўсиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олган. Бундан ташқари, у ичимлик сувидан ҳам ўзбошимчалик билан фойдаланиб келган.
Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 163-моддаси 1-қисми (Водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича БҲМнинг ўн баравари — 4 млн 400 минг сўм миқдорида жарима қўлланган.
Шунингдек, ертўлани 15 кун муддатда бўшатиб, асл ҳолатига келтириш бўйича ёзма кўрсатма ва тушунтиришлар берилган.
