Қашқадарё вилоятидаги «Ҳисор» давлат қўриқхонасида қор ёғди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар қилди.

Қайд этилишича, Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти тасарруфидаги «Ҳисор» давлат қўриқхонаси ҳаво кескин совиши кузатилган ва қўриқхонанинг Мираки ва Ғелон бўлимлари юқори ҳудудлари қор билан қопланган.

Маълумот учун, «Ҳисор» давлат қўриқхонаси 1983 йилда Қашқадарё вилоятида «Ҳисор» тизмаси шимоли-ғарбий тармоқлари табиий комплексларини асл ҳолича сақлаб қолиш, улардаги табиий жараёнларнинг боришини ўрганиш, табиатни муҳофаза қилишнинг илмий асосларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда ёввойи табиатдаги ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилган. Қўриқхона Ғелон, Мираки, Танхоздарё ва Қизилсув бўлимларидан иборат.

«Ҳисор» майдони жами 80 986,1 гектарга тенг бўлиб, 24 308 гектари ўрмон билан қопланган, шундан 12 203 гектари қалин ўрмонзорлар, 56 678 гектари (шундан 171 гектар дарё ва кўллар, 31 819 гектар қоя ва жарликлар, 24 688 гектари яйловлар) ўрмон билан қопланмаган. 35 000 гектар майдон эса баланд тоғлар, қоялар, жарликлар ва музликлардан иборат.

Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет жума кунигача Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво бироз булутли бўлади, айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлишини маълум қилдганди.