• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шавкат Мирзиёев Замонавий санъат маркази билан танишди – Gazeta


Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги янги Замонавий санъат марказига ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Марказ меъмор Вилгелм Гейнселман лойиҳаси асосида 1912 йилда қурилган тарихий бинода жойлашган. Дастлаб бу ерда трамвай депоси бўлган, кейинчалик эса бинодан дизель электр станцияси сифатида фойдаланилган.

Ташриф чоғида давлат раҳбари ўзбек халқининг бой маданий мероси ва шонли тарихи бутун дунёда ҳақли равишда катта қизиқиш уйғотишини қайд этди. Сўнгги йилларда мамлакатда ушбу бебаҳо бойликни тиклаш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, президент замонавий санъатни ҳам изчил ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Замонавий санъат бугунги авлоднинг дунёқараши, ижодий изланишлари ва бунёдкорлик салоҳиятини намоён этиб, жаҳон ҳамжамияти билан маданий мулоқотни кенгайтириш, Янги Ўзбекистоннинг маданий қиёфасини янада мустаҳкамлаш учун муҳим имкониятлар яратади.

Ушбу марказ Ўзбекистонда замонавий санъатга ихтисослашган биринчи давлат муассасасидир. Шу билан бирга, у Марказий Осиёда кўргазма, таълим, тадқиқот ва маърифий фаолиятни бирлаштирган бундай кўламдаги илк маданий мажмуа ҳисобланади.

Бинони реставрация қилиш бўйича меъморий концепция Франциянинг «Studio KO» бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Янгилаш жараёнида объектнинг тарихий қиёфаси ва саноат меъморчилигига хос хусусиятлари сақлаб қолинди. Айни пайтда бино замонавий маданий маскан талабларига мослаштирилди.

Президент кўргазма ва таълим майдонлари, жамоат ҳудудларини кўздан кечирди. Мажмуада учрашувлар ва оммавий дастурлар учун майдонлар, концепт-дўкон ҳамда ресторан ташкил этилган. Кенг жамоатчилик учун очиқ ихтисослаштирилган кутубхона ва тадқиқот архивида санъат, визуал маданият ва танқидий назарияга оид адабиётлар ҳамда материаллар жамланган.

Марказда кўргазмалар, лекциялар, очиқ суҳбат ва муҳокамалар, фильм намойишлари, концертлар, перформанслар, ижодий устахоналар ва арт-резиденция дастурлари ташкил этилади. Ушбу дастурлар маҳаллий ижодкорлар, кураторлар, тадқиқотчилар ва ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, янги касбий амалиётларни жорий этиш ҳамда кенг жамоатчиликнинг замонавий санъатдан баҳраманд бўлиши учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган.

Марказда ёш ижодкорлар ўз лойиҳаларини тақдим этади, тадқиқотчилар манбалар ва архив материаллари билан ишлайди, кенг жамоатчилик эса таълим дастурлари, маданий-маърифий тадбирлар ва ижодий ҳамжамият билан бевосита мулоқот орқали замонавий санъат билан яқиндан танишади.

Бундай инфратузилма ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, креатив иқтисодиётни ривожлантириш, гуманитар таълим сифатини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган маданият соҳасидаги давлат сиёсати вазифаларига тўла мос келади.

Мажмуа ўз фаолиятини «Hikmah» номли илк халқаро кўргазма билан бошлайди. Кўргазма билим, маънавий мерос ва маданий хотира мавзуларига, шунингдек, тарихий анъаналар билан замонавий санъат ўртасидаги боғлиқликка бағишланган.

Кўргазма экспозициясидан таниқли рассомларнинг 11 та асари, жумладан, лойиҳа учун махсус яратилган ишлар ўрин олади. Ўзбекистонда илк бор Нью-Йоркдаги Соломон Гуггенхайм музейи тўпламидаги инсталляция намойиш этилади.

Марказ хориждаги етакчи маданий муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. АҚШдаги Гуггенхайм музейи ва Осиё санъати миллий музейи, Буюк Британиянинг «Tate» ва «Delfina Foundation» ташкилотлари, Франциянинг Помпиду маркази ҳамда Корея Санъат кенгаши шулар жумласидан.

Давлат раҳбарига марказнинг келгусидаги кўргазма, таълим ва тадқиқот дастурлари ҳақида маълумот берилди. Янги маскан профессионал муҳитни ривожлантириш, ўзбекистонлик ижодкорларини халқаро майдонда кенг танитиш ва юртимизнинг хорижий давлатлар билан маданий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Президент марказни ижодкор ёшлар, профессионал ҳамжамият ва кенг жамоатчилик учун очиқ, жонли ижодий маконга айлантириш зарурлигини таъкидлади. Халқаро алоқаларни кенгайтириш, юртимизга замонавий санъатнинг таниқли намояндаларини жалб этиш ҳамда маҳаллий ижодкорларнинг янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Лойиҳа маданий дипломатияни мустаҳкамлаш, пойтахтнинг замонавий қиёфасини шакллантириш ҳамда Янги Ўзбекистонни бой меросга эга, шу билан бирга, замонавий ғоялар, ижодий изланишлар ва халқаро мулоқотга очиқ мамлакат сифатида янада кенг намоён этишга хизмат қилади.

Марказнинг расмий очилиши 6 сентябрга режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *