Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бермаслик учун маъмурий жавобгарлик жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш мажбурияти юклатилган мансабдор шахс, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими бундай маълумотни қонунчиликда белгиланган тартибда ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига етказмаса, жавобгарликка тортилиши мумкин.
Бундай ҳуқуқбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 188−5-моддани киритиб, қуйидаги миқдорда жарима белгилаш таклиф этилмоқда:
-
фуқаролар ва ходимларга — 3 БҲМдан 5 БҲМгача (1,32 млн сўмдан 2,2 млн сўмгача);
-
мансабдор шахсларга — 5 БҲМдан 10 БҲМгача (2,2 млн сўмдан 4,4 млн сўмгача).
Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, жарималарни ошириш таклиф қилинмоқда:
-
фуқаролар ва ходимларга — 5 БҲМдан 10 БҲМгача (2,2 млн сўмдан 4,4 млн сўмгача);
-
мансабдор шахсларга — 10 БҲМдан 15 БҲМгача (4,4 млн сўмдан 6,6 млн сўмгача).
Ушбу модда бўйича ишларни кўриб чиқиш ваколатини жиноят ишлари бўйича судларга бериш таклиф этилмоқда.
Бош прокуратура таъкидлашича, амалдаги қонунчиликда мансабдор шахслар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бермаслиги учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланмаган.
Лойиҳа ишлаб чиқувчиларининг фикрича, айрим ҳолатларда бу ҳуқуқбузарлик фактларининг яширилишига ёки улар бўйича зарур чоралар ўз вақтида кўрилмаслигига олиб келмоқда.
Тушунтириш материалларида қайд этилишича, қонун лойиҳаси президентнинг 2026 йил 3 мартдаги хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Хусусан, фармонда эрта никоҳ, 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ҳамда «Инсон» марказларига хабар бермаслик учун жавобгарлик жорий этиш назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, бундай мажбурият фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ФҲДЁ органлари вакиллари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек, диний ташкилотларга тааллуқли.
Лойиҳа муаллифлари ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида хабар бериш уларни эрта аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.
Кутилишича, ўзгартишлар ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бермаган ходимлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, айниқса, хотин-қизлар ва вояга етмаганларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш имконини беради.
Агар қонун қабул қилинса, у расман эълон қилинган кундан кучга киради.
Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Урманов 18 февраль куни пойтахтда жиноятларни яшириш билан боғлиқ қарийб 1000 та ҳолат аниқланганини маълум қилган эди. Жиноят иши қўзғатишни рад этиш бўйича 954 та ноқонуний қарор бекор қилиниб, кейинчалик ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Шундан 23 таси оғир жиноятларга тегишли бўлиб, яна 3 та ҳолат жиноятни рўйхатга олмаслик орқали яшириш билан боғлиқ.