• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Аҳолининг 50 фоиздан ортиғи ишончсизлик билдирса, профилактика инспектори ишдан бўшатилиши мумкин. Қонун лойиҳаси



Ўзбекистонда биринчи марта ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг мақоми, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолияти кафолатлари ҳамда ижтимоий ҳимоя чораларини алоҳида қонун даражасида белгилаш таклиф этилмоқда.

Президент томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган «Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 25 август куни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжат 8 боб ва 37 моддадан иборат.

Лойиҳани тақдим этишда таъкидланганидек, бугунги кунда профилактика инспекторлари фаолияти турли қонунчилик ҳужжатларининг тарқоқ нормалари билан тартибга солинади. Шу билан бирга, уларнинг вазифалари доираси сезиларли даражада кенгайган.

Тақдим этилган таҳлилларга кўра, бугунги кунда битта профилактика инспектори бир ойда ўртача 50 дан ортиқ мурожаат ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқади, 30 дан ортиқ шахслар билан профилактик ишларни амалга оширади.

Бундан ташқари, профилактика инспектори ҳуқуқбузарликларни олдини олиш билан бир қаторда оилавий низолар, ёшлар ва вояга етмаганлар билан боғлиқ муаммолар, хотин-қизлар масалалари, хавф гуруҳидаги шахслар, кибержиноятчилик ва бошқа янги хавфларни олдини олишда ҳам иштирок этиб келмоқда.

Инспекторлар мақомида нималар ўзгаради?

Қонун лойиҳаси билан профилактика инспектори хизмат ҳудудида терговга қадар текширув ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи мансабдор шахс сифатида белгиланмоқда.

Қонун билан профилактика инспекторининг тўққизта асосий ва олтита кўмаклашувчи вазифалари аниқ ва қатъий белгилаб берилмоқда. Жумладан, профилактика инспектори мурожаатларни қабул қилиб олиб, уларга тезкор муносабат билдириши, шахсларни профилактик ҳисобга олиши ёки маъмурий назоратга қўйиши, профилактик чораларни амалга ошириши, ҳуқуқбузарликларни аниқлаб, уларга чек қўйиши, маъмурий ишларни юритиши, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга ҳимоя ордери бериши ва уларни назорат қилиши ва бошқа шу каби муҳим масалалар унинг вазифаси сифатида кўрсатилмоқда.

Қонун лойиҳасида профилактика инспекторининг ҳуқуқлари аниқ ва тизимли равишда берилмоқда. Хусусан, лойиҳада ҳуқуқларнинг 22 таси назарда тутилган. Жумладан, у фаолиятига тааллуқли бўлмаган топшириқларни бажаришдан ва аралашувдан ҳимояланиш, профилактикаси турини мустақил танлаш, мажбурий профилактик кўрсатмалар бериш, тақдимномалар киритиш ва унинг ижросини талаб қилиш, ўз профилактика тадбирлари услубиётини ишлаб чиқиш ҳамда ваколати доирасида тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш каби ҳуқуқларга эга бўлади.

Лойиҳада инспекторнинг 15 та мажбурияти ҳам белгиланган. Профилактика инспектори касбий маданият ва хизмат интизоми талабларига қатъий риоя қилиши, ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга дарҳол етиб бориши, ҳуқуқбузарликка чек қўйиши, жабрланган фуқарога биринчи тиббий ёки бошқа зарурий ёрдам кўрсатиш ҳам унинг бевосита мажбуриятлари сифатида белгиланмоқда.

Қонун билан уларни бошқа топшириқлардан ҳимоя қилиш таклиф этилмоқда

Лойиҳанинг вазифаларидан бири инспекторларнинг касбий фаолиятига аралашувни чеклашдан иборат.

Уларга хизмат вазифаларига тааллуқли бўлмаган топшириқлар бериш ва уларни асоссиз юкламалар билан банд қилишга йўл қўйилмаслик таклиф қилинмоқда.

Давлат органларининг профилактика инспектори сўровига 10 кун муддатда, унинг тақдимномасига эса дарҳол кўриб чиқиб, бир ой муддатда ёзма равишда жавоб берилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, профилактика инспектори давлат органларининг ахборот тизимларидан бепул фойдаланиш имконига эга бўлади.

Шу билан бирга профилактика инспекторининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясига олинаётгани қонун билан мустаҳкамланмоқда.

Аҳолининг ярмидан кўпи ишончсизлик билдирса, инспекторнинг лавозими қайта кўриб чиқилади

Асосий ўзгаришлардан бири ишончсизлик ташаббуси деб аталувчи институтни жорий этиш бўлади.

Ҳудуддаги аҳолининг 50 фоиздан ортиқ қисми ишончсизлик билдириб овоз берса, профилактика инспектори аттестацияга қўйилади ва унинг лавозимга лойиқлиги қайта кўриб чиқилади.

Депутатларни муҳокама давомида аҳолининг ишонч даражаси қандай аниқланиши қизиқтирди.

Ички ишлар вазирлиги вакили бунинг учун ҳукумат томонидан алоҳида тартиб ишлаб чиқилишини маълум қилди.

«Биз шундай норма қилдикки, аҳолининг, халқнинг сўзи бўлиши керак. Мана шу профилактика инспекторларининг ишлаётган-ишламаётганлигини биринчи навбатда халқ баҳолаши керак», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, овоз беришни «Менинг инспекторим» тизими орқали электрон шаклда ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унда тегишли ҳудуд аҳолиси рўйхатдан ўтказилади.

«Агар ўша ерда яшовчи, рўйхатдан ўтган фуқароларнинг 50 фоиздан юқориси ишончсизлик билдирадиган бўлса, профилактика инспекторини лавозидан олишгача бўлган чора кўринади», — деди ИИВ вакили.

Аниқ механизм Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб қўйилиши режалаштирилмоқда.

Кейинроқ мажлисда спикер бу гап айнан электрон овоз бериш ҳақида кетаётганини яна бир бор аниқлаштирди, барча тафсилотлар эса ҳукумат томонидан белгилаб берилиши кераклигини айтди.

Инспекторларга судлар ва бошқа органларнинг маъмурий ишларининг бир қисми топширилади

Шунингдек, профилактика инспекторининг маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритиш ваколатлари кенгаймоқда.

Хусусан, судлар ваколатидаги бешта, ички ишлар органлари ва бошлиқлари ваколатидаги тўққизта ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги тўртта ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий ишларни юритиш профилактика инспекторлари ваколатига ўтказилмоқда.

Шу билан бирга профилактика инспекторларига 18 та ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий огоҳлантиришни қўллаш ҳуқуқи берилмоқда.

Муаллифлар фикрича, бу ҳуқуқбузарликларга тезкор ва самарали муносабат билдириш имконини кенгайтиради.

Ҳокимликлар инспекторларни хизмат хоналари ва уй-жой билан таъминлаши керак бўлади

Лойиҳа билан профилактика инспекторининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилмоқда. Ҳокимликларга профилактика инспекторларининг хизматхонаси ва уй-жой билан таъминлаш мажбурияти юкланмоқда.

Қонун лойиҳаси профилактика инспекторлари учун қўшимча пенсия кафолатларини кўзда тутади: 20 йилдан ортиқ фаолият юритган профилактика инспекторларига 100% миқдорда пенсия тайинлаш назарда тутилган. Узоқ йиллар профилактика инспектори лавозимида фаолият юритганларга эса ишлаган даврига муносиб равишда қўшимча ҳақлар берилиши кафолатланмоқда.

Муҳокама давомида депутатлар инспекторларнинг ишлаш шароитларига алоҳида тўхталди.

Депутатлардан бири ҳудудларга ташрифлар чоғида инспекторнинг ҳатто алоҳида иш хонаси бўлмаган ҳолатларга дуч келинганини айтди.

«Инспекторнинг ҳатто хизмат хонаси бўлмаган жойлар бор — у қаердадир йўлакда ёки бошқа жойда ўтирибди», — деди депутат.

У инспекторларни хоналар билан таъминлаш мажбуриятини янада қатъий ва аниқ белгилашни таклиф қилди.

Шунингдек, олис қишлоқ ҳудудларидаги инспекторлар учун транспорт ажратишни назарда тутиш таклифи ҳам билдирилди. Чунки транспорт йўқлиги жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир бўлган жойга тезкор етиб боришга халақит бериши мумкин.

«Маҳалла еттилиги» билан зиддият юзага келмайдими?

Алоҳида муҳокама инспекторнинг «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорлиги атрофида бўлиб ўтди.

Депутат Зафар Худойбердиев 24 июндаги президент фармони билан «еттилик» аъзолари, жумладан, профилактика инспекторлари учун қатор вазифалар аллақачон белгилаб қўйилганини эслатди.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда маҳалла раиси ҳар ҳафта «еттилик» аъзоларининг ҳисоботларини эшитиши белгиланган. Шу билан бирга, янги қонун лойиҳасида инспектор ҳар чоракда аҳоли олдида ҳисобот бериши ва ўзининг касбий фаолиятида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғига бўйсуниши белгиланмоқда.

Депутат бу қарама-қаршилик зиддият келтириб чиқармаслиги ва янги тартиб натижасида инспектор амалда маҳалла раиси ҳамда «еттилик»нинг бошқа аъзоларидан ажралиб қолмаслиги ҳақида сўради.

Ички ишлар вазирлиги вакили фармон билан аввал белгиланган вазифалар таҳлил қилингани ва функцияларнинг бир қисми қайта тақсимланганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, айрим вазифаларни энди бошқа бўлинмалар — мактаблардаги инспекторлар, хотин-қизлар масалалари бўйича ходимлар, киберхавфсизлик тузилмалари ва бошқа хизматлар бажаради.

«Биз бу вазифаларни 22 тадан 15 тага қисқартирдик, чунки уларнинг барчаси профилактика инспекторининг бевосита вазифалари эмас», — деб тушунтирди ИИВ вакили.

У бу маҳалла ва «еттилик»нинг бошқа аъзолари билан ҳамкорликдан воз кечишни англатмаслигини таъкидлади.

Маҳалла, мактаб ва олий таълим муассасаларидаги инспекторлар ягона мақомга бирлаштирилади

ИИВ вакилларининг жавоблари давомида лойиҳанинг яна бир тафсилоти маълум бўлди.

«Профилактика инспектори» умумий номи остида маҳаллалар, мактаблар, олий таълим муассасалари ва айрим бошқа йўналишларда профилактика ишларини олиб борувчи ходимларни бирлаштириш режалаштирилмоқда.

Бунда уларнинг ҳисобот бериш тартиби иш жойига қараб белгиланади: маҳалла инспектори маҳалла аҳолиси олдида, мактаб инспектори мактаб жамоаси олдида, олий таълим муассасаси инспектори эса тегишли олий таълим муассасаси олдида ҳисобот беради.

Фаолият қандай баҳоланади?

Лойиҳа билан инспекторлар фаолиятини ҳар чоракда, ярим йиллик ва йил якунлари бўйича баҳолаш ҳам таклиф этилмоқда.

Кўрсаткичлар қаторида аҳолининг ишонч даражаси, хавф гуруҳидаги шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони, шунингдек, такрорий маъмурий ҳуқуқбузарликлар қайд этилган.

Бундан ташқари, ҳар бир инспектор ҳар чоракда ўз ҳудуди аҳолисини хавфсизлик ҳолати тўғрисида хабардор қилиши керак бўлади.

Муҳокама якунига кўра, депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллади. Иккинчи ўқишга қадар қўмита депутатлар билдирган фикр ва таклифларни инобатга олган ҳолда ҳужжатни такомиллаштириши керак.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *