Театр ва кино актёри Мусулмон Юнусов 2 сентябрь куни Instagram’да Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага видеомурожаат қилиб, ногиронлиги бўлган қизи учун ногиронликни қайта расмийлаштириш жараёнида ундан 300 доллар сўралганини айтди. Актёр ҳолатни шахсан текширишни сўради.
Юнусовнинг айтишича, унинг онаси биринчи гуруҳ ногирони, қизи ҳам ногиронлиги бўлган шахс. Қизига икки йил аввал ногиронлик белгиланган ва онаси қараб турувчи сифатида расмийлаштирилган. Икки йил ўтгач, ҳужжатларни қайта топшириш талаб этилган, бу сафар ногиронлик 18 ёшгача белгиланиши керак бўлган.
«Май ойининг охиридан, июндан бошлаб аёлим билан бирга ҳар бир шифокорга тинмай қатнадик. Ҳар бир ҳужжат, ҳар бир қоғозни йиғдик. Иссиқда навбатларда турдик. „Мен актёрман, жой беринг“, деган гап бўлмади. Ҳар бир одам навбатда турса, биз ҳам навбатда туриб, барча жараёнлардан ўтдик», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, жараённинг сўнгги босқичи Сергели Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси (ВТЭК)га тўғри келган. Оила ҳужжатларни топширган, комиссия уларни кўриб чиққан ва икки-уч кундан кейин қўнғироқ ёки SMS орқали жавоб беришларини айтган.
Бироқ икки кундан сўнг Юнусовнинг аёлига 71-поликлиникадаги ҳамшира қўнғироқ қилган. Актёрнинг айтишича, ҳамшира аввал телефон баланд овозда эмаслиги, атрофда бошқа одамлар йўқлиги ва суҳбат ёзиб олинмаётгани ҳақида сўраган.
Юнусовнинг таъкидлашича, аёли бу пайтда қизи Марямхонни даволаш билан шуғулланаётган бўлган. У одамлар орасидан четга чиқиб, суҳбатни давом эттирган.
Шундан сўнг ҳамшира, актёрнинг айтишича, қизига 18 ёшгача ногиронлик берилиши, унинг онаси ҳам қараб турувчи сифатида қўшилиши мумкинлигини, аммо бунинг учун «хизмати» борлигини айтган. «„Қанақа хизмат?“ — „300 доллар пул бўлади“», — деган ҳамширанинг гапларини Юнусов келтирди.
Актёр бу гапдан жаҳли чиққанини айтди. «Мен-ку майли, санъаткорман, ҳаракат қиламиз, кўпроқ ишлаймиз, ўша пулни майли, мен топарман. Буни эшитганимда, биринчи навбатда, қизишиб кетдим. Ногирон боланинг орқасидан пул ейдиган инсонлар ҳали ҳам ўз лавозимида, ўз ишида ўтириши тўғрими, нотўғрими?» — деди у.
Шундан кейин Юнусов ҳамширага қўнғироқ қилиб, бундай масалаларни аёли билан эмас, ўзи билан ҳал қилишини сўраганини билдирган. Юнусовнинг сўзларига кўра, шундан кейин ҳамшира телефонга жавоб бермай қўйган. Бир ёки икки кундан сўнг эса қизининг ўзига ногиронлик берилгани, аммо онаси қараб турувчи сифатида қўшилмагани маълум қилинган.
Актёр бундан норози бўлганини айтди. «Яъни, демак, қизим ўзи овқатлана олади, ўзи юра олади, ўзи ҳожатхонага бориб кела олади. Ваҳоланки, у ҳамма ишни мустақил қила олганида, бизга ногиронлик ҳам керак эмас-да. Менга алам қилаётгани, агар биз 300 доллар пулни берганимизда, демак, онасини 18 ёшгача қўшарди қараб турувчи қилиб, арзимаган бир сумма», — деди у.
Юнусов у учун асосий масала пул миқдори эмаслигини таъкидлади. «Гап суммада эмас. Мен-ку у пулни топарман, лекин топа олмайдиган, ҳатто болалари даволанишига бир сўм топа олмайдиган ота-оналар бор. Чунки ҳар куни шунақа ота-оналар билан даволанишда кўришамиз», — деди актёр.
Юнусов, шунингдек, Сергели туманидаги ижтимоий ҳимоя бўлимига бориб, ходимлар ва юристлар билан гаплашганини айтди. У ерда ВТЭКдаги ходим томонидан шундай ҳолат содир бўлганини маълум қилган. Бироқ актёрнинг сўзларига кўра, у ерда ҳам масалани ҳал қилишнинг иложи бўлмаган.
«Қанақадир бир нарсани сездим: улар ҳеч нарсани ҳал қилиб бериша олмади. Чапга югуришди, ўнгга югуришди, яна қайтиб келишди, лекин ҳеч нарса ҳал бўлмади. Шунда менда „қарға қарғанинг кўзини чўқимайди“, деган фикр пайдо бўлди», — деди Юнусов.
Унинг айтишича, ходимлар унга хоҳласа, видеомурожаат қилишини айтган. Шундан сўнг актёр ижтимоий тармоқ орқали мурожаат билан чиққан. Актёр Шаҳноза Мирзиёевадан масалани шахсан назоратга олишни сўради.
«Шаҳноза Мирзиёева, сиздан илтимос қилиб қоламиз, ўзингиз шахсан бош бўлиб шуғулланишингизни сўраймиз. Бунақалар жуда ҳам кўпайиб кетяпти. Ногирон болаларнинг устидан пул ейдиган инсонлар, менимча, ўз лавозимидан озод қилиниши керак», — деди у.
«Мурожаатим ўз ечимини топди»
3 сентябрь куни Мусулмон Юнусов иккинчи видеосини эълон қилиб, аввалги мурожаатида кўтарган масаласи ҳал бўлганини маълум қилди. Актёр, аввало, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Юнусовнинг айтишича, видео эълон қилинганидан сўнг унга дарҳол қўнғироқ қилишган ва ҳатто уйига ҳам боришган. Унинг сўзларига кўра, агентлик ходимлари ҳолат нима сабабдан юзага келгани ва қандай масала кўтарилганини ўрганишган. Раҳбарият топшириғи билан иш кечгача давом эттирилган.
Эртаси куни соат 10:00 да Юнусов аёли ва қизи билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Сергелидаги филиалига борган. «Ўша ерда бизни барча раҳбарият ва ўша ердаги комиссия, республика комиссияси аъзолари ҳаммаси кутиб олишди, қизимнинг ўзини текширишди», — деди у.
Комиссия муаммони ўрганиб, йиғилиш ўтказиши ва якуний жавоб беришини билдирган.
Юнусовнинг айтишича, бироз вақт ўтиб, у ишлаётган театрга комиссия вакиллари бориб, текширув натижаларини маълум қилган. «Яъни, мен видеомурожаатимда сўраган масалани текшириб, талабимни қаноатлантиришди ва муаммони ҳал қилиб беришди», — деди Юнусов.
Юнусов иккинчи видеомурожаатини нима учун эълон қилганини ҳам тушунтирди. У видеомурожаатни ўзининг шахсий ташаббуси билан тайёрлаганини таъкидлади. Актёрнинг таъкидлашича, у ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар ва шахсий хабарларни мунтазам ўқиб боради. Кўплаб одамлар унга турли масалалар тегишли раҳбарларга етказилмаслиги ёки ҳал қилинмай қолиши ҳақида ёзгани учун мурожаат билан чиқишга қарор қилган.
«Кўпчилик „масала тегишли раҳбарларга етиб бормайди, ҳал бўлмайди“, деб ёзган. Йўқ, бу сафар мурожаат ўз жойига етиб борди ва масалани ҳал қилиб беришди. Шунинг учун барча раҳбариятга, ҳаммага катта раҳмат айтаман. Энг аввало, ҳеч кимнинг фарзанди касал бўлмасин. Барчангизга соғлик-саломатлик тилайман», — деди актёр.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳам масала ижобий ҳал этилганини маълум қилди.
«Фуқаронинг видеомурожаатида келтирилган поликлиника шифокори томонидан 300 АҚШ доллари талаб қилинганилиги билан боғлиқ ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўрганиш олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат бўйича Сергели туманлараро Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси ва Инсон маркази масъул раҳбар ва ходимларига ишдан бўшатишгача бўлган кескин чоралар кўрилди», — дейилади агентлик хабарида.
Агентлик шу ўринда, фуқаролар бевосита чиқарилган хулосадан норози бўлган тақдирда 1 ой ичида вилоят ва шаҳар ТИЭКларига мурожаат қилиш ҳамда 5 кун ичида Республика ТИЭКга мурожаат қилиш имконияти яратилганини эслатиб ўтган.
Шаҳноза Мирзиёева муносабати
4 сентябрь куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Instagram’даги саҳифасида ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унда вазият атрофлича ўрганилиб, оилага амалий ёрдам кўрсатилгани маълум қилинди.
«Шуни алоҳида таъкидламоқчиман: ногиронликни белгилаш тартиби барча учун ягона ва шаффофдир. Шунингдек, жорий йилда йўлга қўйилган янги хизматларимиз — эрта аралашув, реабилитация ва абилитация, кундузги парвариш ҳамда уйда ёрдам кўрсатиш хизматлари ҳам болалар ва уларнинг оилалари учун мутлақо бепул. Агар қайсидир босқичда оиладан пул талаб қилинса ёки жараён асоссиз чўзилса, бу қонунчиликнинг бевосита бузилиши ҳисобланади ва буни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди» — дея қайд этган Мирзиёева.
Шаҳноза Мирзиёева, шунингдек, билдирган фикр-мулоҳазалар учун миннатдорлик билдирган.
«Йирик тизимда ҳар бир камчиликни дарҳол аниқлаш ҳар доим ҳам имкони бўлавермайди ва айнан сизнинг мурожаатларингиз заиф нуқталарни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга ёрдам беради. Мен учун шу каби ҳолатлар эътиборсиз қолмаслиги, биз томонимиздан жорий этилаётган барча хизматлар инсонларга фойда келтириши ҳамда ҳар бир фуқаро учун тенг даражада манзилли ва қулай бўлиши жуда муҳимдир», — дея якунлаган у постини.