Яккасарой туманидаги Глинка кўчасида йўл қопламаси остида содир бўлган портлашга дастлабки маълумотларга кўра, газ тўпланиши ва сизиб чиқиши сабаб бўлган, деб хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

«Дастлабки маълумотларга кўра, диаметри 219 мм бўлган ерости газ қувуридан сизиб чиққан газ иссиқлик тармоғи камерасида тўпланиб, авария ҳолатини юзага келтирган. Текширув давомида газ қувурининг тахминан 375 кв. см (15×25 см) майдонида бир нечта жойдан газ сизиб чиқаётгани аниқланган», — дейилади пойтахт маъмурияти хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. «Тергов якунларига кўра, айбдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Вазият Тошкент шаҳар ҳокимлигининг доимий назоратидадир», — дея қўшимча қилди маъмурият.

Ҳокимлик маълум қилишича, айни пайтда соҳа мутахассислари ҳодиса сабаблари ва барча тафсилотларни батафсил ўрганишда давом этмоқда. Текширув якунлангач, йўл қопламасини тиклаш ишлари давом эттирилади ва яқин вақт ичида йўл транспорт ҳаракати учун очилади.

Глинка кўчасида асфальт остидаги портлаш 3 сентябрь куни кундузи содир бўлди. Йўлнинг қатнов қисмида тахминан иккита ҳаракатланиш йўлаги кенглигида чуқур ёриқ ҳосил бўлди. Бир киши жабрланди, шунингдек, бир нечта ҳаракатланаётган автомобилларга зарар етди. Тошкентнинг иссиқлик, сув ва газ таъминоти корхоналари аввалроқ ҳодиса тармоқлар билан боғлиқ эмаслигини маълум қилган эди. Август ойида кўчада муҳандислик тармоқлари ва қувурлар янгиланган. Янги қувурлар ҳали фойдаланишга топширилмаган эди.