Тошкент ва Самарқанд БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Яшил шаҳарлар тармоғига қўшилди. Бу ҳақдаги сертификатлар 20 август куни ФАОнинг Римдаги бош қароргоҳида жойлашган «Яшил шаҳарлар» ташаббуси котибияти томонидан топширилди.
Тармоқ янада яшил, соғлом, турли хавф-хатарларга бардошли ва инклюзив шаҳар муҳитини яратиш йўлида ҳамкорлик қилувчи шаҳарларнинг глобал ҳамжамияти ҳисобланади. У шаҳарларни кўкаламзорлаштиришга комплекс ёндашиш орқали шаҳарларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашади ҳамда иштирокчи шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, дея хабар берди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси. Бу ҳақда, шунингдек, Экология ва иқлим ўзгаришиси миллий қўмитаси ҳам маълум қилди.
Тармоқ учта асосий йўналиш бўйича комплекс ечимлар ва стратегияларни илгари суради: шаҳар ва шаҳар атрофи ўрмон хўжалиги; шаҳар ва шаҳар атрофи қишлоқ хўжалиги; барқарор биоиқтисодиёт.
«ФАОнинг Яшил шаҳарлар тармоғига аъзолик Тошкент ва Самарқандга техник ёрдам олиш ва салоҳиятни ошириш, билим ва тажриба алмашиш, шаҳарлараро ҳамкорлик платформаларида иштирок этиш, амалдаги глобал рамкавий ҳужжатлар ва экологик кун тартибларига мувофиқликни таъминлашда кўмак олиш, шериклик алоқаларини ривожлантириш, ресурсларни сафарбар қилиш ва инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, шаҳар ривожланиши соҳасида барқарор ечимларни илгари сурувчи етакчи шаҳарлар сифатида халқаро майдонда танилишини ошириш имкониятларини тақдим этади», — дейилади хабарда.
«Яшил шаҳарлар» ташаббуси 2020 йилда йўлга қўйилган бўлиб, 2030 йилга келиб дунёнинг 1000 та шаҳрида аҳоли соғлиғи ва фаровонлигини, шунингдек, атроф-муҳит ҳолатини сезиларли даражада яхшилашга қаратилган.
Тармоқ доирасидаги ҳамкорлик»Яшил шаҳарлар коммуникесига ҳамда ФАОнинг яшил шаҳарларга оид тамойиллари ва мезонларига асосланади. Коммунике 2025 йилда бўлиб ўтган Яшил шаҳарлар бўйича биринчи халқаро конференцияда тақдим этилган. У янада яшил шаҳарлар учун глобал ҳаракатни ривожлантириш бўйича умумий қарашлар ва жамоавий мажбуриятларни акс эттиради.
Тармоқдаги иштирокнинг биринчи босқичида «Яшил шаҳарлар» ташаббуси котибияти Тошкент ва Самарқандга дастлабки ўзини ўзи баҳолашни ўтказиш бўйича қўшимча тавсияларни тақдим этади. Бу жараён ҳар бир шаҳар учун устувор йўналишларни белгилаш ва уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда техник ёрдамни шакллантириш имконини беради.