Қозоғистоннинг FlyArystan авиакомпанияси Олмаота–Урганч йўналиши бўйича илк парвозини амалга оширди. Парвозлар ҳафтасига икки марта — ҳар пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. Парвоз давомийлиги 2 соат 35 дақиқани ташкил этади.
Илк парвоз билан Хоразмга Қозоғистондан 10 та турфирма вакили ташриф буюрди. Улар учун уч кунлик инфотур ташкил этилмоқда. Дастур доирасида маҳаллий туроператорлар иштирокида B2B учрашувлар ва воркшоп ўтказилади.
Шунингдек, меҳмонлар Хоразмнинг тарихий-маданий обидалари ҳамда вилоятнинг туристик салоҳияти билан яқиндан танишади.
Бундай инфотурлар Хоразм вилоятини Қозоғистон туризм бозори учун янада очиш, икки мамлакат турфирмалари ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро сайёҳлар алмашинувини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.