Имтиёзли тоифага кирувчи фуқаролар давлат бюджети ҳисобидан тиббий ёрдам олиш учун бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилиши лозим. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Амалдаги тартибга кўра, оилавий шифокор беморни кўрикдан ўтказиб, унинг амбулатор ёки стационар даволанишга эҳтиёжини белгилайди. Стационар даволаниш зарур бўлса, бемор DMED тизими орқали электрон йўлланма асосида туман ёки шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги тор соҳа мутахассисига йўналтирилади.
Мутахассис заруратга кўра қўшимча лаборатория ва инструментал текширувларни тайинлайди. Беморни шифохонада даволаш зарур деб топилса, текширув натижалари ва тегишли хулоса DMED тизимига киритилади. Беморнинг имтиёзли тоифага кириши эса ахборот тизимларининг интеграцияси орқали аниқланади.
Шундан сўнг беморнинг ҳужжатлари ҳудудий тиббий танлов комиссиясига юборилади. Комиссия зарур даволаш тури ҳамда беморни туман-шаҳар, вилоят ёки республика даражасидаги қайси тиббий муассасада даволаш мақсадга мувофиқлигини белгилайди.
Агар республика даражасида даволаниш зарур деб топилса, беморнинг ўзи эмас, балки унинг ҳужжатлари DMED тизими орқали республика комиссиясига юборилади. Комиссия даволанишни тасдиқлаши ёки беморни ҳудуд даражасида даволаш мумкинлиги ҳақида хулоса бериши мумкин.
Республика даражасида даволаниш тасдиқланганидан сўнг бемор тиббий муассасани танлаш ҳуқуқига эга бўлади. Танлов беморнинг ўзи ёки унинг хоҳишига кўра оилавий шифокор томонидан DMED тизими орқали амалга оширилади.
Тизимда беморнинг ташхиси ва зарур тиббий амалиёт бўйича хизмат кўрсатишга рухсат этилган давлат ҳамда нодавлат тиббий муассасалар рўйхати шакллантирилади. Бемор ушбу рўйхатдан ўзига маъқул муассасани 30 кун ичида танлаб, йўлланмани тасдиқлаши керак.
Шундан кейин бемор тегишли йўналиш бўйича электрон навбатга қўйилади. Навбат келганда йўлланма автоматик равишда тасдиқланади ва тиббий муассаса беморни хабардор қилади.
Йўлланма тасдиқланган кундан бошлаб бемор 10 кун ичида тиббий муассасага мурожаат қилиши лозим. Акс ҳолда йўлланма ўз кучини йўқотади ва бемор қайтадан навбатга туришига тўғри келади.
Даволаш ва ташхислаш белгиланган стандартлар, клиник протоколлар ҳамда тиббий кўрсатмалар асосида амалга оширилади. Муолажа учун зарур дори воситалари, қимматбаҳо тиббий буюмлар ва бошқа тегишли харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Шу сабабли мазкур даволаниш доирасида бемордан қўшимча тўлов ундирилмайди.