Фарғона вилоятида янги халқаро авиакомпания ташкил этиш муҳокама қилинмоқда. Ушбу масала вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Афғонистоннинг Kam Air компанияси делегацияси учрашувида кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Делегацияга Kam Air раҳбари Омар Моҳаммад Сулаймон бошчилик қилди. Учрашувда Uzbekistan Airports тижорий фаолият департаменти бошлиғи Тимур Халилов ҳам иштирок этди.

авиакомпания, фарғона вилояти, kam air, uzbekistan airports

Томонлар 26−27 июль кунлари Фарғона вилояти делегациясининг Афғонистонга ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалга оширилишини муҳокама қилди. Ўшанда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш бўйича қатор учрашувлар ўтказилган эди.

Мулоқотда лойиҳани амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар, зарур инфратузилма ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш жараёнлари муҳокама қилинди. Компаниянинг ишга тушиш муддатлари, инвестициялар ҳажми, унинг тахмин қилинаётган тузилмаси ва иштирокчилар улушлари аниқлаштирилмаган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги сўнгги ойларда афғонистонлик тадбиркорлар, жумладан, Kam Air вакиллари билан қатор музокаралар ўтказмоқда. Август ойида вилоят ҳокими Афғонистон билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш доирасида авиакомпания вакиллари билан икки марта учрашди.

Kam Air — 2003 йилда ташкил этилган Афғонистондаги биринчи хусусий тижорат авиакомпанияси. Ташувчи ички ва халқаро йўналишлар бўйича 15 дан ортиқ йўналишга, жумладан, БАА, Саудия Арабистони, Туркия, Ҳиндистон, Қатар, Кувайт ва Покистонга парвозларни амалга оширади.

Kam Air Ўзбекистонга 2017 йил ноябрь ойида Кобул — Тошкент йўналишини очиб, парвозларни бошлаган. 2026 йилда ушбу йўналиш бўйича ҳафтасига икки марта — сешанба ва шанба кунлари парвоз амалга оширилмоқда.