• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон аҳолисига суюлтирилган газ янги схема асосида етказиб берилади


Президент Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, республикада 3,8 миллионга яқин аҳоли ҳамда қарийб 2 мингта ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланади. Жорий йилда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжи учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, истеъмолчиларнинг 22 фоизи суюлтирилган газни 46 кундан ортиқ муддатда олмоқда. Натижада аҳоли қўшимча эҳтиёжини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидан бозор нархларида харид қилишга мажбур бўлмоқда. Бундай ҳолатда айрим оилаларнинг бир ойлик харажати амалдаги белгиланган нархдан бир неча баробар юқори бўлмоқда.

Нималарни ўзгартириш режалаштирилмоқда?

Мавжуд тартибда суюлтирилган газ аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига имтиёзли нархларда етказиб берилмоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш, импорт, харид ва етказиб бериш харажатлари ўртасидаги тафовут йилдан йилга ортиб, бюджетдан ажратиладиган субсидияларга талаб кўпаймоқда.

Давлат раҳбари айни масалада энг аввало аҳоли манфаати устувор бўлиши зарурлигини таъкидлади. Суюлтирилган газ одамларга ўз вақтида етиб бориши, таъминотда узилишларга йўл қўйилмаслиги ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қўллаб-қувватланиши лозимлиги қайд этилди.

Шу мақсадда суюлтирилган газ таъминоти тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизимини қайта ташкил этиш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» таъсисчилигида LPG-Trade масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Ушбу тузилма суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, белгиланган тартибда одамларга етказиб бериш билан шуғулланади.

Шу боис, суюлтирилган газнинг чакана нархини белгилашда иқтисодий асосланган механизмларнинг самарали ишлаши таъминланади. Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун компенсация тўланиши белгиланади.

Бу орқали нарх сиёсати босқичма-босқич тартибга солиниб, эҳтиёжманд оилалар учун манзилли қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилади. Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар умумий субсидия ўрнига аниқ истеъмолчига йўналтирилиши тизимнинг адолатлилиги ва самарадорлигини оширади.

Ижтимоий соҳа объектларининг эҳтиёжлари учун суюлтирилган газни биржа нархларида етказиб бериш, аҳолига белгиланган нархда сотиш натижасида юзага келадиган салбий тафовутни республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тартиби ҳам кўзда тутилмоқда.

Дастлаб Андижон вилоятида хусусий операторлар жалб этилади

Шунингдек, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳам режалаштирилмоқда (бу масала 2024 йил августида муҳокама қилинган). Андижон вилоятида суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнига хусусий операторларни жалб этиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилади.

Мазкур жараёнда операторларда зарур лицензия ва рухсатномалар, малакали муҳандис-техник ходимлар бўлиши, хизматлар камида икки оператор томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Истеъмолчилар учун мобил илова ва онлайн хизматлар йўлга қўйилади. Истеъмолчилар сони ва ҳудудий масофалардан келиб чиқиб, шаҳарсозлик нормалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган шохобчалар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ушбу тажрибани кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш имконияти кўриб чиқилади.

Мутасаддиларга суюлтирилган газ етказиб бериш графигини қатъий йўлга қўйиш, ҳисоб-китобларни рақамлаштириш, тақсимотда шаффофликни таъминлаш, сунъий тақчиллик ва асоссиз нарх ошишининг олдини олиш бўйича топшириқлар берилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар учун компенсацияларни ўз вақтида тўлаш, газ тўлдириш иншоотлари ва ташиш жараёнида хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш, хусусий операторлар фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш вазифалари белгиланди.

Ислоҳотлар натижасида суюлтирилган газ таъминотида шаффоф ва барқарор тизим шаклланиши, етказиб бериш муддатлари қисқариши, аҳоли учун хизмат сифати ошиши ҳамда бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш таъминланиши кутилмоқда.

Шунингдек, тақдимотда Жиззах вилоятида барпо этилаётган интеграциялашган атом электр станциясининг ташқи инфратузилмаси ва унга ёндош шаҳарча қуриш юзасидан 2 сентябрь куни берилган қўшимча топшириқлар ижросининг бориши тўғрисида ахборот берилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *