• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Германия учун альтернатива» партияси Саксония-Анҳальтдаги сайловларда ғалаба қозонди


Ўта ўнг қанот «Германия учун альтернатива» (Alternative für Deutschland, AfD) партияси Саксония-Анҳальт федерал ҳудуди парламенти (ландтаг) сайловларида ишончли ғалабага эришди, деб хабар бермоқда Die Welt.

Расмий маълумотларга кўра, AfD 43,8 фоиз овоз тўплаган. Нашрнинг ёзишича, бу партиянинг ландтаг сайловларида қайд этган энг яхши натижасидир (2024 йилда Тюрингияда — 32,8%).

Шу тариқа, Саксония-Анҳальтнинг 83 ўринли парламентида AfD 39 та мандатга эга бўлади. Мутлақ кўпчилик учун 42 та мандат зарур.

Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) 17,2 фоиз овоз тўплади. Die Welt нашрининг таъкидлашича, бу ХДИ учун локал сайловлар тарихидаги энг ёмон натижа бўлди — партия 2021 йилгидан (37,1%) икки баравар кам овоз олди ва 1998 йилги тарихий антирекорддан ҳам пастга тушиб кетди.

Германия социал-демократик партияси (ГСДП) 9,3 фоиз овоз олди. 8,9 фоиз натижа кўрсатган «Яшиллар» Саксония-Анҳальт ландтаги сайловларидаги ўзларининг энг яхши натижасини қайд этди. «Сўллар» партияси 8,6 фоиз овоз тўплади. «Сара Вагенкнехт иттифоқи» (BSW) партияси 5,3 фоиз билан Магдебургдаги ландтагга илк бор кирмоқда.

Сайловчиларнинг қатнашиш даражаси 77,8 фоизни ташкил этди (2021 йилда — 60,3%) — нашрнинг аниқлик киритишича, бу Германия бирлашганидан бери Саксония-Анҳалтдаги энг юқори кўрсаткичдир.

«Биз хоҳлаган нарсамизга эришдик. Биз бу мамлакатда тарих яратдик. Бизга сиёсий ўзгаришлар керак. Натижа ўз-ўзидан барчасини кўрсатиб турибди», — деди ҳудуд бош вазири лавозимига номзод, ландтагдаги AfD фракцияси ҳамраиси Ульрих Зигмунд.

AfD мутлақ кўпчиликни қўлга кирита олмагани сабабли партия коалицион ҳукумат тузишига тўғри келади. Германиянинг етакчи партиялари, шу жумладан, ХДИ, «брандмауэр» сиёсатига амал қилади — Германияда ўта ўнг партиялар билан ҳамкорлик қилишни рад этиш шундай аталади. Бироқ «Сара Вагенкнехт иттифоқи» ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

ХДИ етакчиси ва Германия канцлери Фридрих Мерц Берлиндаги матбуот анжуманида ўтган сайловларда ўз партиясининг мағлубиятидан «қаттиқ ларзага тушганини» айтди. «Биз бундай бўлишини кутмагандик. Биз натижани тан олишимиз керак; демократиямиз қоидалари шундай. Аммо кеча нафақат Саксония-Анҳальтда, балки бутун Германия бўйлаб нимадир ўзгарди», — деди у.

Bild нашрининг ёзишича, Мерц ХДИ федерал бошқаруви йиғилишида ҳам сўзга чиққан. «Бизда кучли конституция мавжуд ва уни ўнг радикал ҳукуматдан ҳимоя қилиш учун барча воситалар бор, аммо биз партиявий тизимимизда тектоник силжишни кузатмоқдамиз», — деди канцлер.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *