• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 2030 йилдан тиббиёт ходимлари давлат рўйхатидан ўтиши мажбурий бўлади


Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 4 сентябрь куни президент ҳузурида ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.

2027 йилдан 2030 йилгача уни ихтиёрий равишда амалга ошириш, 2030 йилдан эса мажбурий қилиб белгилаш таклиф этилмоқда. Келажакда рўйхатдан ўтмаган мутахассислар тиббий ёки фармацевтик фаолият билан шуғуллана олмайди.

Бунинг учун тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимларининг ягона электрон реестрини яратиш ҳамда уни 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиш режалаштирилмоқда. Унда мутахассисларнинг маълумоти, малакаси ва касбий фаолияти тўғрисидаги маълумотлар жамланади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази директори Санжар Шариповнинг маълум қилишича, гап 600 мингга яқин мутахассис ҳақида бормоқда. «Уларнинг ягона реестрини яратиш, шунингдек, унинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш назарда тутилмоқда», — деди у.

Баҳолашнинг уч босқичи

Рўйхатдан ўтказиш билим ва касбий тайёргарликни мустақил баҳолаш билан боғланади. Имтиҳонларни бир неча босқичда — ўқиш давомида, асосий дастурни тугатгандан сўнг ва резидентурадан келажакда ўтказиш режалаштирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Адхам Худайкуловнинг маълум қилишича, дипломнинг ўзи энди автоматик равишда мустақил клиник фаолиятга рухсат беришни англатмайди.

«Мустақил баҳолаш тизими пайдо бўлади ва фақат рўйхатдан ўтгандан кейингина шифокор бўлиб ишлаш мумкин бўлади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, биринчи мустақил баҳолашни ҳали ўқиш жараёнида, кейингисини битирувчига шифокор сифатида ишлашга рухсат беришдан олдин, резидентурадан сўнг эса тор мутахассислик бўйича ишлаш учун яна бир баҳолашдан ўтиш назарда тутилмоқда.

Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродов тизим уч босқичли қилиб қурилишини аниқлаштирди.

«Иккинчи-учинчи курсларни тамомлагач, талабалар фундаментал фанлардан имтиҳон топширади. Битирув курси тугагач, иккинчи босқич (мутахассислик бўйича — таҳр.), резидентура якунлангач эса учинчи босқич кўзда тутилган», — деди у.

Баҳолаш учун ягона тестлар ва топшириқлар банкини, шунингдек, симуляцион базаларни яратиш режалаштирилмоқда. Имтиҳондан ўта олмаганларга қайта топшириш имконияти берилади.

Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов ва унинг ўринбосари Адхам Худайкулов

Эрта рўйхатдан ўтганлик учун устамалар таклиф этилди

Мажбурий рўйхатдан ўтиш жорий этилгунга қадар тизимга ихтиёрий равишда қўшилган мутахассислар учун молиявий рағбатлар таклиф қилинмоқда.

Имтиҳонни муваффақиятли топширган ва давлат реестрига киритилган олий маълумотли шифокор ва фармацевтларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭКМ)нинг 5 бараваригача (6,8 млн сўм) миқдорида устама тўлаш таклиф этилмоқда. Ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун эса — МҲТЭКМнинг 2,5 бараваригача (3,4 млн сўм).

Узлуксиз касбий таълим натижалари ҳам рўйхатдан ўтказиш ва малакани тасдиқлашда ҳисобга олинади.

Санжар Шариповнинг сўзларига кўра, янги тизим тиббий ёрдам сифати ва хавфсизлигини назорат қилишнинг қўшимча механизмига айланиши керак.

«Халқаро стандартларга мувофиқ тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, шаффоф мезонлар асосида уларнинг касбий малакасини мустақил баҳолаш тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда», — деди у.

Давлат рўйхатидан ўтказиш ва малакани баҳолашни ташкил этиш учун алоҳида марказ ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Президент янги қоидаларни босқичма-босқич жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш, мустақил баҳолаш, давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда доимий малака оширишни ягона тизимга боғлаш бўйича топшириқ берди.

адхам худайкулов, соғлиқни сақлаш, тиббиёт, тиббиёт ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш, фармацевтика, шавкат мирзиёев

Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одиловнинг алоҳида маълум қилишича, тақдимотда президент 2026 йил якунига қадар тиббий суғурта тизимини бутун мамлакат бўйлаб оммалаштириш, харид қилинаётган дори-дармон ва сарфлаш материалларини беморларга етиб боришини таъминлаш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишларни кучайтириш топшириғини берди. У, шунингдек, хорижда ишлаётган ватандош тиббиёт мутахассисларини Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича рағбатлантириш чораларини ишлаб чиқиш бўйича ҳам топшириқ берди.

Ўзбекистонда, шунингдек, шифокорларни тайёрлаш тизимини ўзгартириш режалаштирилмоқда: 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб «Даволаш иши» йўналишини олти йиллик «Умумий тиббиёт» дастурига алмаштириш таклиф этилмоқда. Таълим «5+1» модели бўйича йўлга қўйилади — беш йиллик тайёргарлик ва бир тўлиқ йил амалиёт.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *