«Бунёдкор» стадионида электр таъминоти қарздорлик сабаб 4 сентябрдан бошлаб тўлиқ узиб қўйилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси офиси вақтинча масофавий иш режимига ўтганини маълум қилди.
Қайд этилишича, электр таъминотидаги муаммо Суперлига ва Про-лига учрашувларининг трансляция жараёнига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Одатда Лига учрашувлардан келадиган трансляция сигналларини қабул қилиб, уларни марказлаштирилган тартибда турли платформаларга қайта узатади.
Бироқ стадионда электр энергияси йўқлиги сабаб Лига серверлари тўлиқ ишдан чиққан. Шу боис ҳозирда учрашувлар сигналларини қайта узатишда ташқи серверлардан фойдаланилмоқда.
Бу эса айрим ҳолларда телевизион ва интернет трансляциялар сифати пасайишига олиб келиши мумкин.
Лига билан боғлиқ мурожаатлар вақтинча info@pfl.uz электрон почтаси орқали қабул қилинаётгани маълум қилинди.