• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда шифокорларни тайёрлаш тизими ўзгартирилади


Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябрь куни тиббиёт ва фармацевтика кадрларини тайёрлашни ислоҳ қилиш бўйича таклифлар билан танишди.

2027/2028 ўқув йилидан бошлаб «Даволаш иши» йўналишини олти йиллик «Умумий тиббиёт» бакалавриат дастурига алмаштириш таклиф этилмоқда. Беш йиллик ўқишдан сўнг талабалар тўлиқ бир йил давомида амалий тайёргарликдан ўтади, битирувчилар эса оилавий шифокор бўлиб ишлаши мумкин бўлади.

Тиббиёт олийгоҳларига қабул квоталарини ҳудудлар ва тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжи, шунингдек, мутахассислар танқислигидан келиб чиқиб шакллантириш режалаштирилмоқда. Тиббиёт йўналишлари бўйича давлат буюртмасини Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайди.

Шифокорларни тайёрлашни асосан назарий таълимдан амалий кўникмалар ва касбий компетенцияларни шакллантиришга қайта йўналтириш мўлжалланмоқда. Таклифлар Кембриж, Пенсильвания ва Гарвард университетлари тавсиялари асосида, хорижий ва маҳаллий мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган.

Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродов таълимнинг қарийб 70 фоизини амалиётга ва касбий компетенцияларни баҳолашга қаратиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

«Тиббий таълимда мазмунан муҳим ўзгаришлар юз беради. […] „Даволаш иши“ йўналиши негизида „Умумий тиббиёт“ йўналиши жорий этилмоқда. Талабаларни тайёрлаш Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси талабларига мувофиқлаштирилади», — деди у.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Адхам Худайкуловнинг таъкидлашича, ўзгаришлар тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг бутун йўлини — мактабдаги касбга йўналтиришдан тортиб резидентурагача бўлган босқичларни қамраб олиши керак.

Тиббиёт коллежларида дастурларни, моддий-техник базани ва амалиётни ташкил этиш тартибини янгилаш режалаштирилмоқда. Мактабларда эса тиббиёт мутахассисликларига қизиққан ўқувчиларни касбга йўналтириш ишларини кучайтириш мўлжалланмоқда.

Резидентура давлат грантларига ўтказилади

Адхам Худайкулов

Тор мутахассисларни тайёрлашни босқичма-босқич резидентура тизимида жамлаш, магистратурани эса асосан илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга қайта йўналтириш режалаштирилмоқда.

Адхам Худайкуловнинг сўзларига кўра, мутахассисликка қараб резидентурада ўқиш муддати икки йилдан беш йилгача давом этиши мумкин.

«Ҳозир ҳурматли президентимиз бизга шунақа имконият беряптики, энди резидентурани тўлиқ давлат гранти асосида қиламиз. Ҳам ишлашсин, ҳам яхши маош олишсин, ҳам ўқишига кўпроқ эътибор қилсин, яхши мутахассис чиқсин деган маънода», — деди вазир ўринбосари.

Ўзгаришлар ўрта тиббиёт ходимларига ҳам дахлдор бўлади. Олий маълумотли ҳамшираларнинг ролини кенгайтириш кўзда тутилган: улар касалликларга ташхис қўйиш, даволаш ва олдини олишда шифокорларга фаолроқ ёрдам бериши тахмин қилинмоқда.

Фармацевтика таълимини ишлаб чиқариш билан янада чамбарчас боғлаш режалаштирилмоқда. Бунинг учун дуал таълимни кенгайтириш, амалий машғулотлар улушини ошириш ва талабаларни ишлаб чиқариш жараёнларига — дори воситаларини ишлаб чиқишдан тортиб сифат назорати ҳамда стандартлаштиришгача жалб этиш мўлжалланмоқда.

Тиббиёт ходимлари ҳар йили кредит тўплашига тўғри келади

Алоҳида тартибда малака ошириш тизимини ўзгартириш таклиф этилмоқда. Олий маълумотли тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ҳар йили камида 50 кредит, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари эса 28 кредит тўплаши керак бўлади.

ТДТУ болалар кардиохирурги Бобур Тўраев бундай тизим заруратини тиббий билим ва технологияларнинг жадал янгиланиб бориши билан изоҳлади.

«Тиббиёт — доимий равишда ўзгариб турадиган соҳа. Йилдан йилга амалиётга янги даволаш ва ташхис қўйиш усуллари кириб келмоқда, мутахассис диплом олишда ўрганган тиббиёт эса бир неча йил ичида ўзгариб кетиши мумкин», — деди у.

Кредитларни нафақат малака ошириш курсларида, балки конференцияларда иштирок этиш, онлайн таълим ҳамда бевосита иш жойида малака ошириш орқали ҳам тўплаш мумкин бўлади.

Ушбу тизимни мувофиқлаштириш учун Узлуксиз касбий ривожланиш марказини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *