Ўзбекистонга Швеция ва Польша миграция қонунчилигини бузган 27 нафар фуқаро қайтарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Маълум қилинишича, улар бўлган чартер рейси бугун, 9 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропортига қўнган.
Фуқароларнинг қайтарилиши Ўзбекистон, Швеция ва Польшанинг ваколатли идоралари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилган.
Тошкентга келган йўловчиларни Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари кутиб олди. Фуқаролар ватанга қайтишга кўмаклашгани ва кўрсатилган ёрдам учун мамлакат раҳбарияти ҳамда ваколатли органларга самимий миннатдорлик билдирди, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, хорижга чиқаётган фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва миграция қонунчилиги бузилишининг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, май ойида ҳам Швеция миграция қонунчилигини бузган 20 нафар ўзбекистонлик Тошкентга чартер рейс орқали қайтарилган эди. Шунингдек, июлда Польша Беларусь орқали ноқонуний миграцияни ташкил этишга алоқадор бўлган Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборганди.