Сешанба куни Абдулла Авлоний номидаги Миллий тадқиқот институтида Ўзбекистоннинг PISA 2025 тадқиқотидаги натижалари тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) Париждаги штаб-квартирасида PISA 2025 натижаларининг глобал миқёсда эълон қилиниши билан бир вақтда ўтказилди. PISA (Programme for International Student Assessment) — бу ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур. У ИҲТТ шафелигида ўтказилади.
2025 йилги тадқиқотда 91 мамлакат ва иқтисодиётдан 760 мингдан зиёд ўқувчи қатнашди. Бу гал асосий эътибор табиий-илмий саводхонликка қаратилди (2022 йилда — математика саводхонлиги). ИҲТТнинг қайд этишича, бутун дунё бўйича умумий кўрсаткичлар пасайган: табиий-илмий, ўқиш ва математика саводхонлиги бўйича ўртача натижалар кузатувлар тарихидаги (2000 йилдан бери) энг паст даражани кўрсатган.
Манба: ИҲТТ.
Сўнгги уч йилда ўқиш саводхонлиги бўйича умумий кўрсаткичлар, хусусан, сунъий интеллект даврида энг муҳим бўлган кўникмалар — ахборотни баҳолаш, турли манбалардаги маълумотларни таққослаш ва ўқилганларни танқидий идрок этиш маҳорати сезиларли даражада пасайди (жаҳон кўрсаткичлари ҳақида батафсил — матн охирида).
Ўзбекистон тадқиқотда иккинчи бор иштирок этди (биринчи марта — 2022 йилда).Тадқиқот ўтган йилнинг апрель-май ойларида ўтказилди. 2019 йилда мамлакат 2030 йилга бориб PISA натижалари бўйича дунёдаги энг яхши 30 та давлат қаторига киришни мақсад қилган эди. 2025 йилда Ўзбекистон ўқувчиларининг табиий фанлар бўйича натижаси бирданига 83 баллга яхшиланди. Шу билан бирга, тадқиқотчилар аниқлаган «номувофиқликлар» туфайли математика ва ўқиш саводхонлиги бўйича маълумотлар ҳисоботга киритилмади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабарида айтилишича, «PISA 2025 натижалари — Ўзбекистон таълимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим кўрсаткичларидан биридир». Шу билан бирга, вазирлик қуйидагиларни таъкидлаган: «Халқаро тадқиқотларда иштирок этишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатларнинг фақат рейтингдаги ўрнини аниқлаш эмас. Энг аввало, бу орқали таълим тизимининг мавжуд ҳолатини холис баҳолаш, натижаларни халқаро миқёсда қиёслаш, ютуқлар билан бир қаторда ривожлантирилиши зарур бўлган йўналишларни аниқлаш ва келгуси йиллар учун далилларга асосланган стратегик қарорлар қабул қилиш кўзда тутилади».
Ўзбекистондаги тадқиқот кўпчилик эътироф этган табиий фанлар бўйича рейтингнинг кескин ўсишидан ташқари яна нималарни кўрсатди? ИҲТТ мамлакат бўйича ҳисоботининг батафсил таҳлилини тақдим этамиз.
Табиий-илмий саводхонликнинг яхшиланиши ҳамда математика ва ўқиш саводхонлиги бўйича маълумотларга оид саволлар
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўтказилган тадқиқотда 233 та мактабдан 8652 нафар ўқувчи иштирок этган бўлиб, улар 558 мингдан ортиқ 15 ёшли ўқувчилар номидан қатнашган. Ҳар бир ўқувчи учта йўналишдан (табиий фанлар, ўқиш саводхонлиги, математика) иккитаси бўйича тест топширган, шунингдек, сўровнома тўлдирган.
Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг табиий фанлар (табиий-илмий саводхонлик) бўйича ўртача бали 438 баллни ташкил этди. Бу ИҲТТ мамлакатлари бўйича ўртача кўрсаткичдан (482 балл) анча паст, шунга қарамай, Ўзбекистоннинг олдинги натижасидан (2022 йилда табиий фанлар бўйича 355 балл) сезиларли — 83 баллга юқори. Аввалги тадқиқот натижаларига кўра Ўзбекистон охирги ўнталикдан жой олган бўлса, 2025 йилги натижаларга кўра 91 мамлакат ва иқтисодиёт орасида 48-ўринга (табиий фанлар бўйича) кўтарилди.
|
2022 йил |
2025 йил |
2022 ва 2025 йилги натижалар ўртасидаги фарқ |
|
|
Ўзбекистоннинг ўртача бали |
355 |
438 |
+83 |
|
ИҲТТ бўйича ўртача балл |
485 |
482 |
-3 |
Табиий фанлар бўйича 2022 ва 2025 йиллардаги ўртача балларнинг қиёсий таҳлили.
Бир йиллик таълим PISA шкаласи бўйича ўртача 20 баллга тенг эканини ҳисобга олсак, 2022 йилга нисбатан 83 баллик ўсиш уч йил ичида академик ўзлаштириш тўрт йилга яхшиланганини англатади.
2022 йилги тадқиқотга нисбатан ўқувчилар натижаларидаги энг катта яхшиланиш Ўзбекистондан кейин Грузия (+38), Камбоджа (+35) ва Черногорияда (+32) кузатилди. Шундай қилиб, Ўзбекистон ва ўсиш кўрсатган бошқа мамлакатлар ўртасидаги фарқ 2 баравардан ошади.
Ўзбекистоннинг ўқиш ва математика бўйича натижалари PISA 2025 ҳисоботига киритилмади. Бунга «баъзи мактаблар ва ҳудудларда тез-тез учрайдиган» ҳамда «ушбу маълумотлар асосида олинган шкалалаштирилган балларнинг бошқа мамлакатлар кўрсаткичлари ва бошқа даврлардаги маълумотлар билан мослигига путур етказадиган» «номувофиқликлар» (inconsistencies) сабаб бўлган. Шу боис, барча таҳлиллар ва маълумотлар фақат Ўзбекистоннинг табиий фанлар бўйича натижаларига асосланган.
ИҲТТга кўра, Ўзбекистоннинг табиий-илмий саводхонлик бўйича натижалари статистик жиҳатдан Чили, Исроил, Исландия, Албания, Қатар, Греция ва Таиланд каби мамлакатларнинг натижалари билан қиёслаш мумкин бўлган даражада.
2022 йилги давр билан солиштирганда, Ўзбекистон табиий-илмий саводхонликнинг базавий (иккинчи) даражасига ета олмаган ўқувчилар фоизини сезиларли даражада камайтиришга муваффақ бўлди: 2022 йилда бу кўрсаткич 81 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда уларнинг улуши 35 фоизгача қисқарган. Иккинчи даражага эришган ўқувчилар улуши эса 40 фоизга етган (2022 йилда — 16 фоиз).
Демак, 2025 йил натижаларига кўра, ўқувчиларнинг катта қисми (75 фоиз) базавий даражага ета олмаганлар ва базавий даражада қолганлар ўртасида деярли тенг тақсимланган.
Ўзбекистон натижаларининг процентиллар бўйича тақсимоти энг паст балл тўплаган (10-процентил) ва энг юқори балл тўплаган (90-процентил) ўқувчилар ўртасидаги фарқ нисбатан кичик эканини кўрсатади. Бу, бир томондан, таълимдаги нисбий тенгликдан дарак берса, бошқа томондан, табиий фанлар саводхонлигининг илғор даражасига эришган ўқувчилар улушининг жуда пастлиги (0,5 фоиз) билан боғлиқ (5- ва 6-даражалар — қарор қабул қилиш ва муаммоларни ҳал этиш учун илмий маълумотларни тадқиқ этиш, баҳолаш ва улардан фойдаланиш кўникмаси). Таъкидлаш жоизки, аввалги босқичда Ўзбекистонда бундай натижали ўқувчилар бўлмаган.
|
2-даражадан паст |
2-даража |
3-даража |
4-даража |
5-даража |
6-даража |
|
|
Ўзбекистон |
35% |
40,5% |
20% |
4% |
0,5% |
0 |
|
ИҲТТ бўйича ўртача |
26% |
25% |
25% |
17% |
6% |
1% |
Ўзбекистон ўқувчилари табиий фанлар саводхонлиги даражалари бўйича тақсимотининг ИҲТТ ўртача кўрсаткичлари билан қиёсий таҳлили.
Умуман олганда:
- Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи табиий-илмий саводхонликнинг минимал даражасига эриша олмаган;
- ўқувчиларнинг ярмидан камроғи табиий фанлар саводхонлигининг базавий даражасини, яъни илмий ҳодисаларни тушунтириш (табиий ва технологик ҳодисаларнинг изоҳ ва моделларини аниқлаш, ишлаб чиқиш ҳамда баҳолаш) кўникмасини эгаллаган;
- ўқувчиларнинг кичик бир қисми илмий тадқиқот режаларини ишлаб чиқиш ва баҳолаш, маълумотларнинг ишончлилиги ва чекловларини аниқлаган ҳолда уларни танқидий талқин қилиш ҳамда олинган натижаларни умумлаштириш кўникмаларига эга.
- табиий-илмий саводхонлиги илғор даражада бўлган, яъни маълумотни топа оладиган, унинг ишончлилиги ва эҳтимолий камчиликларини баҳолай оладиган, шунингдек, қабул қилинаётган қарорларни асослаш учун ундан фойдалана оладиган ўқувчилар улуши ҳали ҳам амалда нолга тенг.
Натижалардаги гендер тафовути ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткичдан сезиларли фарқ қилади. Ўзбекистонда қизлар табиий фанлар бўйича саволларга ўғил болаларга қараганда яхшироқ жавоб беради (қизларнинг ўртача бали — 442, ўғил болаларники — 433). Таққослаш учун: ИҲТТ мамлакатлари бўйича ўғил болалар ва қизлар натижалари ўртасидаги ўртача фарқ 1 баллни ташкил этади.
Оилалар ижтимоий-иқтисодий фаровонлигининг ўқувчилар натижаларига таъсири ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткичдан паст. Ташкилот Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг учдан бир қисмини (33 фоиз) ижтимоий-иқтисодий ҳолати кўрсаткичлари бўйича иккинчи квартилга мансуб деб белгилади (яъни унчалик камбағал ҳам, бой ҳам эмас): уларнинг ўртача бали 438 ни ташкил этди. Энг камбағал оилалар (ижтимоий-иқтисодий мақом бўйича биринчи квартил) ва энг бой оилалар (тўртинчи квартил) фарзандларининг кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ атиги 22 баллни ташкил этади (ИҲТТ бўйича ўртача фарқ 85 баллга тенг). Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий ҳолат табиий-илмий саводхонлик натижаларидаги ўзгарувчанликнинг атиги 1 фоизини изоҳлайди (ИҲТТ мамлакатларида ўртача 12 фоиз).
Бир томондан, бу таълим олишда имкониятлар нисбатан тенг эканидан далолат беради. Бошқа томондан эса, бу «шифт эффекти» — ҳатто пул эвазига ҳам сифатли таълим олиш имкониятлари чеклангани ҳамда табиий-илмий тафаккурни илғор даражада эгаллаган ўқувчиларни етиштиришнинг имкони йўқлигидан дарак бериши мумкин.
Қизиғи шундаки, Ўзбекистонда «чидамли» (resilient) ўқувчилар, яъни ижтимоий-иқтисодий аҳволи ноқулай тоифага мансуб бўлишига қарамай, тест натижалари бўйича юқори ўринларни эгаллаган ўқувчиларнинг улуши ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткичдан (12 фоиз) юқори: 22 фоиз.
PISA 2025 доирасида ўқувчиларнинг моделлаштириш ва дастурлаш каби ҳисоблаш воситаларидан ҳамда тажриба ўтказиш, маълумотларни таҳлил қилиш, шунингдек, ҳисоблаш артефактларини яратиш ва созлаш каби ҳисоблаш амалиётларидан фойдаланиб мураккаб масалаларни еча олиш қобилияти ҳам баҳоланди. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистоннинг ўртача бали 402 ни (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 500) ташкил этди, бу эса Иордания, Аргентина, Бразилия ва Сальвадор каби мамлакатларнинг натижалари билан қиёслаш мумкин бўлган даражада.
Табиий фанлар бўйича натижаларга тузатиш киритилганда, ўзбекистонлик ўқувчилар ҳисоблаш воситаларидан фойдаланиб масала ечиш соҳасида кутилган даражадан 55 балл камроқ тўплаган. Бу тафовут шундан далолат берадики, бундай масалаларни ечиш Ўзбекистон учун жиддий нисбий заифлик: мамлакатда нисбий кўрсаткичлардаги салбий тафовут Кениядан кейин дунёда иккинчи энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилган.
Тадбир давомида PISA 2025 танланмасига барча президент мактабларининг киритилиши Ўзбекистоннинг умумий натижаларига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида савол берилди. PISA тадқиқоти асосчиси Андреас Шляйхер аввалроқ «умуммиллий натижалар билан бир қаторда муайян турдаги мактаблар ёки ўқувчиларни қўшимча таҳлил қилиш» имкониятига эга бўлиш учун барча президент мактабларини қўшимча танланма сифатида киритиш ҳақида айтган эди. Бироқ эълон қилинган PISA 2025 ҳисоботларида президент мактаблари натижалари алоҳида кўрсатилмаган. Вазирлик вакиллари PISA натижаларини ҳисоблашда натижаларнинг бузиб кўрсатилишига йўл қўймаслик учун президент мактабларининг «улуши» инобатга олинганини билдирди.
Вазирлик вакиллари Ўзбекистоннинг табиий фанлар бўйича натижаларида кузатилган кескин ўсишнинг эҳтимолий сабаблари ҳақидаги саволга жавобан буни таълим соҳасидаги ислоҳотлар, табиий фанларни ўқитиш ва ўқитувчилар малакасини оширишга ёндашувларнинг ўзгаргани, шунингдек, ўқувчиларнинг 2022 йилдаги тест синовларига тайёр бўлмагани ҳамда Ўзбекистон тадқиқотда илк бор иштирок этганидан сўнг ўқувчиларни синовларга тайёрлаш учун махсус платформалардан фойдаланилгани билан изоҳлади.
Таълимга, мактабга, замонавий чақириқларга муносабат: сўровнома натижалари
Қўшимча сўровнома натижалари Ўзбекистон ўқувчиларининг ўқишга бўлган муносабатида, мактаб томонидан қўллаб-қувватлаш даражасида ва сунъий интеллект технологияларининг эрта жорий этилишида ижобий ўзгаришлар рўй берганини кўрсатади.
Қизиқувчанлик ва қатъият: Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг 78 фоизи турли нарсаларга қизиқишини таъкидлаган (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 73 фоиз), 2022 йилга нисбатан бу кўрсаткич 6,1 фоизга камайган. Ўқувчиларнинг 68 фоизи қийин вазифаларга дуч келганда қўшимча ҳаракат қилишини айтган (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 60 фоиз).
Ўз-ўзини бошқариш кўникмалари ва мақсад қўя билиш: Ўзбекистонда ўқувчиларнинг қарийб 57 фоизи ўқишга ёндашувини тез-тез ёки жуда тез-тез режалаштиришини айтган (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 37 фоиз). Шунингдек, ўқувчиларнинг 58 фоизи ҳамма нарсани тушунганига ишонч ҳосил қилиш учун ўрганилаётган материал юзасидан ўзига савол бериб кўришини билдирган (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 49 фоиз).
Ривожланишга йўналган тафаккур (growth mindset): Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг 53 фоизи саъй-ҳаракатлар орқали интеллектни ривожлантириш мумкин, деб ҳисоблайди (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 69 фоиз). Ривожланишга йўналган тафаккурга эга ўқувчилар, ўртача ҳисобда, табиий фанлардан fixed mindset ўқувчиларга қараганда юқорироқ натижалар кўрсатади (ИҲТТ бўйича ўртача 28 балл юқори, Ўзбекистонда бу фарқ, ўқувчилар ва мактабларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ҳисобга олинганда, 6 баллни ташкил этади).
Ота-оналарнинг таълимдаги иштироки: Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг 64 фоизи ота-онаси ёки васийлари ҳафтада камида бир марта уларнинг мактабдаги ўқиши билан қизиқишини айтган. 48 фоизи эса ота-онаси ёки васийлари билан ҳафтада камида бир марта мактабда юзага келадиган муаммоларни муҳокама қилишини қайд этган. Таққослаш учун: 2022 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 71 фоиз ва 56 фоизни ташкил этган, бу эса оила томонидан қўллаб-қувватлашнинг пасайишига доир глобал тенденцияни акс эттиради.
Мактабга муносабат: мактабни бекорга вақт сарфлаш деб ҳисоблайдиган ўқувчилар улуши 2022 йилга нисбатан 13,8 фоизга камайиб, 24 фоизни ташкил этди, бу эса ИҲТТ мамлакатлари бўйича ўртача кўрсаткичга мос келади.
Ўқитувчилар томонидан қўллаб-қувватлаш: Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг 87 фоизи ўқитувчиларнинг ўқув жараёнидан манфаатдор эканини қайд этган. Ўқувчиларнинг 88 фоизи ўқитувчилар мавзуни ҳамма ўзлаштирмагунича тушунтиришда давом этишини айтади. 88 фоизининг айтишича, ўқитувчилар зарур бўлганда қўшимча ёрдам кўрсатади (ИҲТТ мамлакатлари бўйича ўртача кўрсаткичлар — мос равишда 69 фоиз, 66 фоиз ва 73 фоиз).
Тенгдошлар ва ўқитувчиларнинг ёрдами: Ўзбекистонда ўқувчиларнинг 81 фоизи ёрдам керак бўлганда ўқитувчиларга, 80 фоизи эса бирор нарсани тўлиқ тушунмаса, синфдошларига мурожаат қилади (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткичлар — мос равишда 77 фоиз ва 82 фоиз).
Педагоглар ва қўшимча ходимларнинг етишмаслиги: Ўзбекистонда ўқувчиларнинг 8 фоизи директорлари ўқитувчилар етишмаслиги туфайли ўқув жараёнида қийинчиликлар борлигини қайд этган мактабларда таълим олади (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 39 фоиз). Ёрдамчи ходимлар танқислиги сезилган мактабларда таълим олишини қайд этган ўқувчилар улуши 10 фоизни ташкил этган (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 39 фоиз). Ўзбекистонда педагог кадрлар етишмовчилиги муаммосининг долзарблиги 2022 йилга нисбатан пасайган, ўшанда бу кўрсаткич 24 фоизни ташкил этган эди.
Ресурслар танқислиги: Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг қарийб 18 фоизи директорлари ўқув материаллари (дарсликлар, АТ ускуналари, кутубхона ёки лаборатория ресурслари ва ҳ.к.) танқислиги сабабли ўқув жараёнида қийинчиликлар борлигини қайд этган мактабларда таълим олишини билдирган. 19 фоизи эса моддий-техника базасининг ҳолати (масалан, бинолар, туташ ҳудудлар, иситиш ва ҳавони совитиш тизимлари, ёритиш ҳамда акустика) таълим олишга тўсқинлик қиладиган мактабларда ўқишини маълум қилган. Ресурслар ва моддий-техника базаси танқислиги муаммосининг кўлами 2022 йилга нисбатан пасайган: ўшанда бу кўрсаткичлар мос равишда 54 фоиз ва 45 фоизни ташкил этган эди.
Хавфсиз ва тартибли мактаб муҳити: Ўқувчиларнинг 10 фоизи ойига бир неча марта буллингга дуч келишини маълум қилган (ИҲТТда ўртача кўрсаткич — 20 фоиз), 2 фоизи эса сўнгги 12 ойда кибербуллингдан азият чеккан (ИҲТТда ўртача кўрсаткич — 3 фоиз). Ўқувчиларнинг 12 фоизи шовқин ёки тартибсизлик табиий фанлар дарсларининг ўтилишига тез-тез ёки доимий равишда халақит беришини қайд этган (ИҲТТда ўртача кўрсаткич — 31 фоиз). Тахминан 10 фоиз ўқувчи табиий фанларга оид аксарият ёки барча дарсларда самарали ишлай олмаслигини билдирган (ИҲТТда ўртача кўрсаткич — 19 фоиз). Ўқувчиларнинг 14 фоизи синфдошлари ўқитувчига қулоқ солмаслигини маълум қилган (ИҲТТда ўртача кўрсаткич — 29 фоиз).
Рақамли чалғитувчи омиллар: Ўқувчиларнинг 14 фоизи табиий фанлар дарсларида рақамли қурилмалардан фойдаланаётган синфдошлари чалғитишини маълум қилган (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 28 фоиз). Бундай ҳолатга дуч келган ўқувчиларнинг табиий фанлар бўйича натижалари 28 пунктга пастроқ бўлган (ИҲТТ мамлакатлари бўйича ўртача пасайиш — 11 пункт). Ўқувчиларнинг 69 фоизи мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган мактабларда ўқишини билдирган (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 49 фоиз).
Дарс қолдириш ва кечикиш: Ўқувчиларнинг 28 фоизи PISA тести ўтказилишидан олдинги икки ҳафта ичида камида бир кун дарс қолдирган (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 22 фоиз), 37 фоизи эса камида битта дарсга кирмаган (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 24 фоиз). 40 фоизи мактабга кечикиб келишини маълум қилган (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 50 фоиз).
Рақамли қурилмалардан фойдаланиш: Ўзбекистонда ўқувчилар мактабда рақамли қурилмалардан ўқув мақсадларида фойдаланиш учун кунига ўртача 2 соат (ИҲТТ мамлакатлари бўйича ўртача кўрсаткич — 1,7 соат), ҳордиқ чиқариш учун эса кунига 1,4 соат вақт сарфлайди (ИҲТТ мамлакатлари бўйича ўртача кўрсаткич — 1,1 соат).
Сунъий интеллектдан фойдаланиш:Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг 49 фоизи ўқув топшириқларини бажариш учун СИ чат-ботларидан ҳафтасига камида бир марта фойдаланади (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 46 фоиз). Ўқувчилар СИ ёрдамига кўпинча дастлабки маълумотларни излаш (43 фоиз), матннинг қисқача мазмунини тузиш (39 фоиз) ва ёзма ишлар учун хомаки нусхаларни тайёрлаш (37 фоиз) мақсадида мурожаат қилади. Ўқувчиларнинг 9 фоизи ўқув топшириқларини бажариш учун СИ чат-ботларидан ҳеч қачон ёки деярли ҳеч қачон фойдаланмайди (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 14 фоиз).
Экология соҳасидаги билимлар: Ўқувчиларнинг 62 фоизи экология масалаларида камида базавий (иккинчи) малака даражасига эришганини айтган (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 74 фоиз).
Экологик фаолиятдаги фаол иштирок: Ўқувчиларнинг 81 фоизи атроф-муҳитга таъсир масалаларини дўстлари ва оиласи билан муҳокама қилади (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 56 фоиз), 79 фоизи эса харидлар борасидаги қарорларини экологик барқарорлик тамойилларини инобатга олган ҳолда қабул қилади (ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич — 54 фоиз).
Умумжаҳон тенденциялари
PISA 2025 тадқиқотида 91 мамлакат ва иқтисодиётдан 760 мингдан ортиқ ўқувчи қатнашди. 2022 йилда тадқиқотнинг барча уч йўналиши (ўқиш саводхонлиги, математика, табиий фанлар) бўйича биринчи ўринни эгаллаган Сингапур бу гал табиий фанлар ва математика бўйича пешқадамликни Хитойнинг B-S-J-Z (Пекин-Шанхай-Цзянсу-Чжэцзян) провинцияларига бой берди ва фақат ўқиш саводхонлиги бўйича жаҳондаги етакчилигини сақлаб қолиб, иккинчи ўринни эгаллади. Умуман олганда, Сингапур натижаларида ўқувчиларнинг барча йўналишлар бўйича ўртача баллари пасайгани қайд этилган.
Табиий фанлар бўйича дунёнинг энг кучли ўнта мамлакати қаторидан Хитой провинциялари (B-S-J-Z, Макао, Тайпей) ва Сингапурдан ташқари Япония, Эстония, Жанубий Корея, Буюк Британия, Канада ва Янги Зеландия ҳам жой олди.
Ўқиш саводхонлиги бўйича кучли ўнталикка Сингапур, B-S-J-Z (Хитой), Тайпей (Хитой), Япония, Макао (Хитой), Жанубий Корея, Ирландия, Эстония, Янги Зеландия ва Буюк Британия кирди.
Математика бўйича кучли ўнталикни B-S-J-Z (Хитой), Сингапур, Макао (Хитой), Тайпей (Хитой), Япония, Жанубий Корея, Гонконг (Хитой), Эстония, Швейцария ва Буюк Британия ташкил қилди.
Шундай қилиб, Эстония, Япония ва Корея Сингапур ҳамда Хитой провинциялари қатори ҳар уч йўналиш бўйича энг кучлилар мақомини сақлаб қолди ва уларга Буюк Британия ҳам қўшилди.
Тадқиқотда иштирок этган минтақадаги қўшни давлатларнинг табиий фанлар бўйича кўрсаткичлари Ўзбекистон натижаларидан паст.
|
Табиий фанлар |
Ўқиш саводхонлиги |
Математика |
|
|
Ўзбекистон |
438 |
— |
— |
|
Қозоғистон |
420 |
385 |
414 |
|
Қирғизистон |
363 |
344 |
364 |
|
Тожикистон (Душанбе) |
334 |
368 |
382 |
Тадқиқотда иштирок этган Марказий Осиё мамлакатларининг натижалари.
Шляйхернинг таъкидлашича, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси барча йўналишларда пасайган, лекин энг катта пасайиш ўқиш бўйича кузатилган (ИҲТТ мамлакатларида 28 балл, бошқа мамлакат ва иқтисодиётларда эса 16 балл). Ўқувчиларнинг тез, аммо нотўғри жавоб бериши билан боғлиқ «шошилинч ўқиш» ҳолатлари кўпайган. Ўқиш саводхонлиги даражасининг кескин пасайиши алоҳида хавотир уйғотади, чунки ўқиш бошқа ўқув вазифалари учун асос ҳисобланади: алгебра масалаларини ечиш ёки илмий тажриба натижаларини шарҳлаш учун аввало тилни тушуниш зарур. PISA маълумотларига кўра, ўқиш саводхонлиги кўрсаткичлари энг сезиларли даражада пасайган таълим тизимларида, қоида тариқасида, математика ва табиий фанлар бўйича ўзлаштиришда ҳам анча жиддий пасайиш кузатилган.
ИҲТТ мамлакатларида ҳар учала йўналиш бўйича ҳам базавий саводхонлик даражасига эриша олмаган 15 ёшли ўқувчилар улуши 2022 йилдаги 25 фоиздан 2025 йилга келиб 29 фоизга ошган.
Шляйхер мамлакатлар ичидаги натижалар ўртасидаги тафовутнинг ортиб бораётганини қайд этади: гарчи табиий фанлар бўйича энг юқори натижали ўқувчиларнинг кўрсаткичлари умуман барқарор бўлиб қолаётган бўлса-да, паст ўзлаштирувчи ўқувчилар кўпинча 20 йил аввалгидан ҳам ёмонроқ натижалар кўрсатмоқда. Турли таълим тизимларида барча фанлар бўйича паст ва юқори ўзлаштирувчи ўқувчиларнинг натижалари ўртасидаги фарқ PISA тадқиқотлари ўтказилган бутун давр давомидаги энг юқори даражага чиқди.
Шляйхер бундай тенденцияларнинг эҳтимолий сабаблари сифатида рақамлаштириш ва экранлардан фойдаланиш натижасида ўқишнинг табиати ўзгариши (бу илгари чуқур мутолаага сарфланган вақтни қисқартириши мумкин), завқ учун ўқишга бўлган қизиқишнинг сусайиши, шунингдек, COVID-19 пандемиясидан сўнг ўқиш ва мактабга бўлган муносабатнинг ўзгаришини санаб ўтади. Шунингдек, Шляйхер сунъий интеллект ва унинг «галлюцинациялари» даврида болаларга факт-чекингни, яъни фактларни текширишни ўргатиш зарурлигини таъкидлайди.
Маълумотларга кўра, ўқувчиларнинг табиий фанлардан кўрсатган юқори натижалари билан уларнинг фан билан шуғулланишдан завқланиш (enjoyment) даражаси ўртасида боғлиқлик кузатилади. Бу борада когнитив фаоллаштириш муҳим роль ўйнаши мумкин. Бу шундай таълим ёндашувики, у ўқувчиларни шунчаки маълумотни ўзлаштиришга эмас, балки фикрлашга ундайди: ғояларни шарҳлайди, тушунчалар ўртасида боғлиқлик ўрнатади ва нотаниш масалаларнинг ечимини излаш орқали ўқувчиларни илмий тафаккур жараёнига жалб қилади.
Таъкидланишича, рақамли қурилмалардан ўқув мақсадларида меъёрида фойдаланиш билан табиий фанлар бўйича юқорироқ натижалар ўртасида боғлиқлик мавжуд. Шу билан бирга, мактабда бундай қурилмалардан ҳордиқ учун фойдаланишга сарфланган вақт билан ўзлаштиришнинг пасайиши ўртасида ҳам боғлиқлик кузатилмоқда, айниқса, экран қаршисидаги бўш вақт белгиланган меъёрдан ошиб кетса. Масалан, мактабда кўнгилочар мақсадларда рақамли қурилмаларга кунига 1 соатгача вақт сарфлайдиган ўқувчилар (ўқувчилар ва мактабларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи инобатга олинган ҳолда) экран қаршисида 5 соатдан 7 соатгача ўтирадиганларга қараганда табиий фанлардан 72 балл юқори натижа кўрсатади. Академик ўзлаштиришдан ташқари, мактабда рақамли қурилмаларга чалғиш ўқишга нисбатан салбийроқ муносабатни, хусусан, қатъиятлилик ва мустақил мақсад қўя олиш каби жиҳатларнинг сусайишини келтириб чиқаради.
