Сербия Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштирмоқда. Бу мамлакат фуқаролари учун виза расмийлаштириш жараёнини сезиларли даражада соддалаштириши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги хабар берди.
Айни пайтда ўзбекистонликлар учун виза расмийлаштириш жараёнлари Қозоғистоннинг Остона шаҳри орқали амалга оширилмоқда.
Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ва Сербиянинг меҳнат, бандлик, фахрийлар ишлари ва ижтимоий сиёсат вазири Милица Стаменковски музокаралар давомида Ўзбекистон ва Сербия ўртасида миграция ҳамда меҳнат мобиллиги соҳасида ҳукуматлараро битим тайёрлашга ҳам келишиб олди.
Сербия томони Ўзбекистондан малакали мутахассисларни Сербияда бўлиб ўтадиган EXPO 2027 халқаро кўргазмаси объектлари қурилишига жалб этишдан манфаатдор эканини билдирди.
Томонлар кадрларни олдиндан тайёрлаш ва кейинчалик уларни муносиб меҳнат шароитларига эга иш ўринларига жойлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар Сербия Миллий бандлик хизмати директори Милан Боснич билан давом этди. Ҳукуматлараро битим ратификация қилингач, томонлар меҳнат миграцияси ва ишчи кучи мобиллиги соҳасида ҳамкорлик бўйича алоҳида протокол имзолашни режалаштирмоқда.
Аввалроқ ташриф доирасида томонлар етти-саккиз ой ичида Тошкент ва Белград ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш ниятини маълум қилган эди. Шунингдек, Ўзбекистон Белградда тўлақонли элчихона ташкил этилгунига қадар алоҳида дипломатик ваколатхона очишга қарор қилди.
Шавкат Мирзиёев Сербия компанияларига Ўзбекистонда савдодан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва технологиялар трансферига ўтишни таклиф қилди. У устувор йўналишлар сифатида автокомпонентлар, электротехника, дори воситалари, тўқимачилик, агролойиҳалар ва IT соҳасини санаб ўтди. Айрим йўналишларда Сербия компаниялари билан музокаралар аллақачон олиб борилмоқда.
Аввалроқ Александр Вучич Сербия Ўзбекистон билан мудофаа саноати, жумладан, узоқ масофага учувчи баллистик ракеталар йўналишида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирган эди. Белград бундай ракеталар ишлаб чиқаришни тахминан бир йилдан сўнг бошлашни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, Сербия президенти Шавкат Мирзиёев билан атом энергетикаси масалалари бўйича бўлиб ўтган суҳбат ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Россия билан бир атом электр станциясини қурмоқда ва Хитой билан иккинчи АЭС лойиҳасини тайёрламоқда. Аввалроқ Тошкент иккинчи станция лойиҳаси тайёрланаётганини тасдиқлаган, бироқ унинг ҳамкорини расман маълум қилмаган эди.