• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўтган ёз Ўзбекистонда энг иссиқ ёзлардан бири бўлди


Ўзбекистонда 2026 йил август ойи сўнгги ўн йилликдаги барча август ойлари каби, иқлимий меъёрдан иссиқроқ бўлди. Бу ҳақда Ўзгидромет шарҳида сўз боради.

Ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати кўп йиллик кўрсаткичлардан 1,9−3 даража юқори бўлди. Бухоро вилоятида, шунингдек, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг айрим жойларида эса ҳарорат меъёрдан 3,1−3,6 даража юқори қайд этилди.

«Мамлакат ҳудудининг катта қисмида бундай жазирама август Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар олиб борила бошланганидан буён илк бор кузатилди», — дейилади шарҳда.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг аксарият ҳудудларида ўтган ой бутун кузатувлар давридаги энг иссиқ учта август ойи қаторига кирди.

Ой ўртача ҳисобда жуда иссиқ келганига қарамай, ҳавонинг максимал ҳарорати деярли барча ҳудудларда рекорд даражага етмади. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати +39…+41 даража, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида +42…+44 даража, Термизда эса +45 даражагача кўтарилди.

Август ойи ҳам ниҳоятда қуруқ келди. Аксарият ҳудудларда ёмғир умуман кузатилмади ёки ёғингарчилик миқдори 0,0−0,4 мм дан ошмади.

Айрим тоғли ҳудудларда 2−4 марта ёмғир ёғди, бироқ у ерларда ҳам ой давомидаги умумий ёғингарчилик миқдори 1−4 мм дан ошмади. Фақат Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги айрим тоғ метеостанцияларида ойлик ёғингарчилик миқдори 6−12 мм га етди, бу эса меъёрдан кам.

2026 йил ёз мавсуми

Ўтган ёз Ўзбекистонда энг иссиқ ёз мавсумлари рейтингида иккинчи ўринни эгаллади, айрим ҳудудларда эса бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ёз бўлди. Мавсумда ҳавонинг ўртача ҳарорати меъёрдан 1,2−2,6 даража юқори бўлди.

Бутун ёз мавсуми давомида ҳаво ҳароратининг энг юқори кўрсаткичлари июль ойида кузатилди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида жазирама ой ўрталарида энг юқори чўққисига етди. Шу кунларда ҳаво +43…+45 даражагача, жанубий ва чўл ҳудудларида эса +46…+50 даражагача қизиди. Қатор ҳудудларда ҳарорат бўйича янги рекордлар ўрнатилди.

«Шундай қилиб, 2026 йил ёзининг ҳарорат режими Ўзбекистонда ёз мавсумларининг исиб бориши тенденциясини давом эттирди», — дейилади шарҳда.

Аксарият ҳудудларда 2026 йил ёзи давомида ёғган ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлди. Ёз мавсумидаги умумий ёғингарчилик миқдорининг асосий қисми июнь ойига тўғри келди — бу ойда ёмғирлар анча тез-тез ёғди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *