Ўзбекистон ва Сербия товарларга ўзаро тенглик асосида нол бож ставкаларини белгилашни назарда тутувчи эркин савдо тўғрисидаги келишув устида иш бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунлари бўйича журналист Жаҳонгир Олимовнинг саволига жавоб берар экан, маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, томонлар яқин вақт ичида келишув лойиҳасини тайёрлаш ишларини якунлаб, уни имзолашни режалаштирмоқда.
«Биз эркин савдо тўғрисидаги келишув устида иш бошладик. Яқин вақт ичида лойиҳа устидаги ишларни якунлаб, уни имзолаймиз. Бу Ўзбекистон маҳсулотлари учун Сербия бозорида жозибадор шарт-шароитлар яратиш имконини беради», — деди вазир.
Қудратовнинг таъкидлашича, келишув доирасида товарларнинг барча турларига ўзаро асосда нол бож ставкаларини қўллаш масаласи ишлаб чиқилади.
«Биз Сербия иқтисодиётини чуқур таҳлил қилдик ва аниқ айта оламизки, Ўзбекистон ва Сербия иқтисодиётлари ўзаро рақобатчи эмас, аксинча, бир-бирини тўлдириши мумкин. Шунинг учун ушбу келишув ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлади», — деди у.
Бундан ташқари, икки давлат саноат кооперацияси бўйича алоҳида дастур қабул қилди. Унга енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, геология ва металлургия, шунингдек, IT соҳасидаги лойиҳалар киритилган.
Вазирнинг сўзларига кўра, ташрифдан олдинги икки ой давомида Сербия компаниялари билан онлайн музокаралар ўтказилган. Ўзбекистон томонидан бу музокараларда нафақат давлат идоралари, балки йирик хусусий бизнес вакиллари ҳам иштирок этган. Юзма-юз музокараларни бизнес-форум доирасида давом эттириш режалаштирилган.
Қудратов Ўзбекистон ва Сербия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш режаларига ҳам алоҳида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, музокаралар давом этмоқда ва бунда ҳам Air Serbia, ҳам Ўзбекистон авиакомпаниялари учун зарур шарт-шароитларни яратиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
«Бу масала бўйича ҳам барча жиҳатларни келишиб олдик ва ҳукуматлараро келишувни имкон қадар тезроқ имзолаш ҳамда ўзаро авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича ишларни бошладик», — деди вазир.
Аввалроқ Сербия президенти Александр Вучич авиақатновларни 7−8 ой ичида йўлга қўйиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши Сербияда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ва ўзбекистонлик қурувчилар иштирокида амалга оширилиши мумкин бўлган темир йўл лойиҳалари бўлиши мумкин.
Қудратовнинг сўзларига кўра, икки мамлакат транспорт идоралари икки йўналиш бўйича иккита лойиҳани муҳокама қилмоқда. Президентлар учрашувидан сўнг тегишли протоколни имзолаш режалаштирилган.
«Бу ўзбекистонлик қурувчиларнинг Европа бозорига чиқиши ва Европадаги қурилиш лойиҳаларида иштирок этишига имкон берадиган биринчи лойиҳа бўлади», — деди вазир.
Унинг қўшимча қилишича, ушбу лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистон компанияларининг келгусида Европанинг бошқа давлатларидаги шунга ўхшаш инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиши учун асос яратиши мумкин.
Аввалроқ ташриф доирасида томонлар Тошкент ва Белград ўртасида 7−8 ой ичида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш ниятини маълум қилган эди. Шунингдек, Ўзбекистон Белградда тўлақонли элчихона ташкил этилгунига қадар алоҳида дипломатик ваколатхона очишга қарор қилди.