Агар тадбиркорлар эҳтиёжманд оилалар фарзандларини бепул ўқитишга тайёр бўлса, Ўзбекистонда хусусий боғча, мактаб ва техникумлар учун ер участкалари аукционга 1 миллион сўмлик бошланғич нархда қўйилиши мумкин. Бу ҳақда 9 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.
Ижобий тажриба сифатида Оқолтин тумани мисоли келтирилди. У ерда тадбиркор 880 ўринли хусусий мактаб ташкил этиб, кам таъминланган оилаларнинг 110 нафар фарзандини бепул ўқитмоқда.
Шу билан бирга, дастурда иштирок этишнинг асосий шартларидан бири — мазкур болаларнинг ота-оналарини иш билан таъминлаш ҳамда ўқувчиларнинг дарсларга мунтазам қатнашишини назорат қилишдир. Йиғилишда қайд этилганидек, бундай ёндашув бир вақтнинг ўзида ҳам ота-оналарни иш билан, ҳам болаларни сифатли таълим билан таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, Ҳазорасп туманидаги тикувчилик корхонасида юзага келган вазият алоҳида кўриб чиқилди. Корхонада 400 га яқин бўш иш ўрни мавжуд бўлса-да, кўплаб аёллар фарзандларини қаровсиз қолдиролмасликлари сабабли ишга кира олмаяпти.
Корхона раҳбари агар болалар боғчаси қуриш учун ер участкаси ажратилса, хотин-қизларни овқат ва транспорт билан таъминлашга тайёрлигини билдирди.
Шу муносабат билан, агар тадбиркорлар боғча, мактаб ва техникумлар ташкил этиш бўйича тайёр лойиҳаларни таклиф этса ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзандларини бепул ўқитиш мажбуриятини олса, давлат улар учун ер участкаларини 1 миллион сўмлик бошланғич нархда аукционга қўйишга тайёр экани қайд этилди.
Бундан ташқари, кўп қаватли уйлар атрофидаги бўш ҳудудларни аниқлаш ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни тартибга солиш бўйича кўрсатма берилди. Бундай майдонларда болалар ўйин майдончалари, спорт ва фитнес зоналари, умумий фойдаланишдаги кўкаламзор ҳудудлар барпо этиш ҳамда кўча ёритгичларини яхшилаш режалаштирилмоқда.
Аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Маҳалла ва кўчаларда оммавий пиёда юриш, жисмоний машқлар ҳамда эрталабки ва кечки бадантарбия машғулотларини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Шунингдек, мактаб, техникум, олийгоҳ ва бошқа ташкилотларнинг бўш турган биноларидан ёшлар, хотин-қизлар ва ишсизларни касб-ҳунарга ҳамда чет тилларига оммавий ўқитиш учун фойдаланиш вазифаси юклатилди. Ўқув аудиторияларини ушбу мақсадларга дарсдан ташқари вақтларда жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида бизнес очиш тартибини ҳам соддалаштиришни режалаштирмоқда. Хонадонларни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан туриб улардан дўкон, салон, ателье ва устахоналар сифатида фойдаланишга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бунинг учун рухсат бериш тартибидан хабардор қилиш тартибига ўтиш кўзда тутилган.
