Бугун, 9 сентябр куни Тошкент халқаро аэропортига Швеция ва Полша миграция қонунчилигини бузган 27 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган чартер рейси қўнди.
Ватандошларнинг қайтарилиши Ўзбекистон, Швеция ва Полшанинг ваколатли идоралари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилди.
Тошкентга келган йўловчиларни Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари кутиб олди. Фуқаролар ватанга қайтишга кўмаклашгани ва кўрсатилган ёрдам учун мамлакат раҳбарияти ҳамда ваколатли органларга самимий миннатдорлик билдирди.
«Дунё» ААнинг ёзишича, ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларга ва мезбон давлатлар қонунчилигига риоя қилган ҳолда ўз фуқароларининг хориждаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган изчил сиёсатини акс эттиради.
Шу билан бирга, хорижга чиқаётган фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва миграция қонунчилиги бузилишининг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.