9 сентябрь, чоршанба куни тахминан соат 13:00 да қутқарувчилар Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборида 2 сентябрь куни чўкиб кетган бир оиланинг уч аъзосидан бирининг жасадини топди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Gazeta аввалроқ ёзганидек, бахтсиз ҳодиса 2 сентябрь куни содир бўлган. Катерда сайр қилиш вақтида ота ва унинг икки ўғли сувга чўкиб кетган.

ФВВ матбуот хизмати аниқлик киритишича, ота 1978 йилда, ўғиллари эса 2006 ва 2009 йилларда туғилган. Топилган жасад кичик ўғилга тегишли.

Қидирув ишлари кўламининг кенглиги ва сув омборининг чуқурлигини инобатга олган ҳолда соҳилда махсус штаб ташкил этилган. Қидирув ишларига Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ФВБ ходимлари ҳам жалб қилинган.

Айни пайтда қидирув ишлари давом этмоқда.